Қирғизистон: Ҳуқуқ ҳимоячиси оқланди, лекин суд яна давом этиши мумкин
Суднинг фавқулодда адолатли ҳукмига кўра, энди ҳуқуқ фаоли давлатдан товон пули ундиришга ҳақли.
Икки йилдан кўпроқ вақт аввал ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиси Камилжан Рўзиевни суд мутлақо айбсиз деб топди ва оқлади. Бундай ҳукмни Қорақўл шаҳар суди 12 август куни чиқарган. Эслатиб ўтамиз, Рўзиев тиббий ҳужжатни сохталаштиришда айбланиб, суд жавобгарлигига тортилган эди. Бу ҳукм кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Чунки, ўтган ҳафта ўтган суд жараёнида прокурор суддан ҳуқуқ фаолини 5 йилга қамашни сўраган эди.
Суд ҳукмига кўра Камилжан Рўзиев ва у билан бирга судланаётган 61 ёшли Қаникей Тохтахунова энди бемалол даволанишга боришлари ва ноқонуний равишда таъқиб қилинганлари учун давлатдан товон пули тўлаб беришни талаб қилишлари мумкин. Яқиндагина соғлиги ночорлашган ҳуқуқ фаоли даволаниш учун йўлланма билан Грузияга отланганда уни Бишкек аэропортидан ортга қайтаришган эди. Аэропортда унга прокуратура органлари томонидан чет элга чиқиш тақиқлаб қўйилганини айтишган. Рўзиев бу чекловни олиб ташлашни сўраб, Қорақўл шаҳар судига мурожаат қилган.
Камилжан Рўзиев суд қароридан хурсанд ва бундай натижага эришишда унга шахсан Бирлашган миллатлар ташкилоти махсус докладчиси Мэри Лолор, Тенглик учун коалиция ва Қирғизистон омбудсмени Атир Абдрахматова, журналист ҳамкасблари яқиндан ёрдам беришганини айтиб, уларга чексиз миннатдорчилигини билдирди. Албатта, адвокат Чинара Жақупбекова бу ғалабага эришиш учун зарур бўлган ҳамма ишни қилди. Бироқ Рўзиев суд яна давом этади, деб ҳисоблайди.
“Чунки менга қарши иш қўзғаган, менга қарши қийноқ қўллаганлар ҳамон ўз лавозимларида ишлаб келишмоқда. Агар суд қарори кучга кирса, улар ишларидан бўшатилиб, жазога тортилиши керак. Шунинг учун улар вилоят судига шикоят аризаси билан мурожаат қилишади деб ўйлайман”, – деди ҳуқуқ фаоли биз билан суҳбатда.
Иссиқкўл вилоятининг Қорақўл шаҳрида яшовчи фаол, “Вентус” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг раҳбари Камилжан Рўзиев кўп йиллардан буён инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келади. Унга асосан ноқонуний ҳибсга олинганлар, қийноққа олинган фуқаролар ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Шу сабабли бутун суд давомида оддий одамлар келиб, уни қўллаб-қувватлаб туришди, суд биноси олдида пикетлар уюштиришди.
Уларни ҳимоя қилиш давомида Рўзиев милиция, прокуратура, суд ва бошқа давлат органлари ходимлари ва раҳбарлари йўл қўйган қонун ва қоидабузарликларни ошкор қилиб, журналистлар орқали жамоатчиликка маълум қилиб келган. Бир неча йил давомида журналист сифатида ҳам фаолият кўрсатган.
Натижада унга маҳаллий куч тизими органлари томонидан доимий равишда босим ўтказилиб келган. Бировнинг ҳуқуқини ҳимоя қиламан деб, оломондан калтак еган кунлари ҳам бўлган. 2020 йилнинг 30 майида Рўзиевни махсус хизмат ходимлари ҳибсга олишган. Бунга Рўзиевнинг судга тақдим этган тиббий маълумотномадаги камчилик сабаб бўлган.
Рўзиевнинг айтишича, у хасталиги сабабли ўзи ҳимоя қилаётган бир фуқаронинг иши бўйича судга келолмаган. Касаллиги ҳақидаги маълумотнома олиш учун ўзи аввал мурожаат қилиб, даволанаётган шифохонага борганда, врач иш жойида бўлмаган. Сўнгра врачнинг телефон орқали берган кўрсатмаси асосида ҳамшира Қаникей Тохтахунова унга маълумотнома ёзиб берган.
Маълумотномада расмий муҳр ва рўйхатга олиш штампи ҳам бор, фақат врачнинг имзоси бўлмаган. Суд бу маълумотномани қабул қилган. Қонунга кўра эса, прокурор ва терговчи суддан имзоси йўқ ҳужжатни қабул қилмасликни талаб қилишлари керак эди. Улар бунга кўз юмишгану, лекин кейинроқ ҳужжат сохта деган даъво билан чиқишган.
Камилжан Рўзиев бир неча бор қаттиқ танқид қилган махсус хизмат ходимлари ҳам дарров жиноий иш қўзғай қолишган. Ўшандан буён Камилжан Рўзиев уй қамоғида сақланиб келаётган эди.
Камилжан Рўзиев, унинг ҳамкасблари ва адвокати унга қўйилган айбловнинг сохталаштирилгани, унинг ҳеч қандай айби йўқ эканини икки йилдан бери айтиб келишади. Адвокатнинг айтишича, ўтган икки йил давомида тергов Рўзиевнинг айбдорлигини исботловчи бирорта далил келтирмаган. Юристлар шунингдек Камилжан Рўзиевга нисбатан қийноқ қўлланганини ҳам айтиб келишади, лекин буни прокуратура ва суд инобатга олмаган.
Бир неча кун аввал таркибига 30дан ортиқ ташкилот кирган Тенглик учун коалиция ҳуқуқ ҳимоячисини оқлашни талаб қилиб очиқ мурожаат эълон қилган. Коалиция аъзоларининг айтишича, 2015 йилда Рўзиевни милиция ходимлари қийноққа олиб, ундан СИЗОни текшириш ва одамлар ҳуқуқини ҳимоя қилишдан бош тортиш ҳақида тилхат ёзиб беришларини талаб қилишган. Лекин унинг аризаси бўйича очилган жиноий иш тез орада ёпилган.
Бир неча йил олдин маҳаллий терговчи Нурбек Тоқушев Рўзиевга қурол билан таҳдид солгани сабабли хизматидан олинган. Бунга сабаб ҳуқуқ ҳимоячиси айнан Токушев қийноққа олган чет эллик фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан эди.
2020 йилнинг декабрида Бирлашган миллатлар ташкилотининг махсус докладчиси Мэри Лолор Қирғизистон расмийларига мурожаат қилиб, Камилжан Рўзиевни ноқонуний таъқиб қилишни тўхтатиш ҳамда у айтиб келаётган қонунбузарликларни холис текширишни талаб қилган. Лолор ўз мурожаатида таъкидлаб айтадики, айнан Рўзиев қийноқлар ва бошқа қонунбузарликларни фош қила бошлагач, расмийлар унга босим ўтказила бошлашган.
Бунгача ҳуқуқ фаоли ҳимоя сўраб, республика омбудсмени ва давлат раҳбарларига, жумладан ҳаракатдаги президент Садир Жапаровга ҳам бир неча бор мурожаат қилган. Бу мурожаатларга фақат омбудсмен ижобий жавоб берган. Уйғур миллатига мансуб Камилжан Рўзиев 58 ёшда, оилали, икки фарзанднинг отаси.
Оқбура, Бишкек.
Расмлар Камилжан Рўзиев шахсий архивидан олинди