Журналистларсиз… Бишкекда 2010 йилги Ўш воқеалари бўйича суд бошланди

Биринчи суд йиғилишига беш айбланувчининг Алмазбек Атамбаевдан бошқа ҳаммаси келди.

Бугун, 15 август куни Бишкекнинг Биринчи май (Первомайский) тумани судида 2010 йилги июнь воқеалари бўйича суд жараёни бошланди.

Суд йиғилишига беш айбланувчидан тўрттаси – собиқ мудофаа вазири Исмаил Исақов (2010 йилда Муваққат ҳукуматнинг мамлакат жанубидаги махсус вакили ҳам бўлган), Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Кенешбек Дуйшебаев, Жалолобод вилоятининг ўша пайтдаги губернатори Бектур Асанов ва ўша пайтда Ички излар вазири ўринбосари вазифасини бажариб турган, Жалолобод ва Ўш вилоятлари коменданти Бақтибек Алимбековлар келишгани маълум бўлди.

Улар ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилишда айбланишмоқда. Қирғизистон давлат сифатида парчаланиб кетиши хавфи туғилган 2010 йилнинг майигача Ботиров билан фаол ҳамкорлик қилиб келган Муваққат ҳукумат раҳбарияти ундан вақтинчалик Қирғизистондан чиқиб туришни сўранган. Отунбаева бу ишни Исмаил Исақовга топшириб, у Қодиржон Ботировни Ўзбекистон чегарасигача кузатиб қўйгани айтилади.

Суд йиғилишнинг ёпиқ тарзда ўтишини эълон қилиб, судланувчилар бошқа ҳаммани залдан чиқариб юборган.

Суд йиғилишидан чиққач, Исмаил Исақов 24.kg сайтига изоҳ берган. У суд жараёнини сиёсий буюртма экани ҳақидаги гапини такрорлаб, бу ишларнинг ҳаммаси собиқ президент Қурманбек Бакиевни оқлаш учун қилиняпти, деган фикрини билдирган.

Исақовнинг фикрича, 2010 йилги қонли воқеаларда Бакиевларнинг “айби улкан”.

Қодиржон Ботиров бўйича айбловларга жавоб берар экан, у Ботировни бор-йўғи бир марта кўрганини айтиб, уни чегарагача кузатиб қўйганини инкор қилган.

Исмаил Исақов 2010 йилги воқеалар бўйича президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг амалдаги раиси Қамчибек Ташиевнинг ҳаракатларига ҳам юридик баҳо берилиши керак деб ҳисоблашини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, агар судланувчилар судга ариза билан мурожаат қилишса, жазога тортиш муддати ўтиб кетгани боис бу ишни қисқартириш мумкин эди. Лекин Алмазбек Атамбаев ҳам, қолганлар ҳам бундай имкониятдан фойдаланишни лозим топмадилар. Уларнинг суд орқали ўзларини оқлаб олиш ниятида экани маълум бўлди.

Бир вақтлар собиқ губернатор Бектур Асанов “Мени жавобгарликка тортишса, судда жуда катта маълумот бомбасини портлатиб юбораман”, деган. Яъни, давлат раҳбарлари ҳақида ўзи билган маълумотларни ошкор қилиш билан уларга таҳдид қилган.

Бугун судга келмаган Алмазбек Атамбаев таниқли жиноятчи Азиз Батуқаевни қамоқдан асоссиз чиқариб юбориш бўйича ишда айбдор деб топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва қамоқхонада ўтирибди. Адвокат унинг соғлиги ночорлашганини айтиб келмоқда.

Қирғизистонда Муваққат ҳукумат 2010 йилнинг 7 апрелида юз берган давлат тўнтаришидан кейин тузилган. Тўнтариш натижасида собиқ президент Қурманбек Бакиев тўнғич президент Асқар Ақаев каби мамлакатдан қочиб кетишга мажбур бўлган.

Янги ҳукуматга Роза Отунбаева раислик қилиб, унинг уч ўринбосари бўлган: Алмазбек Атамбаев, Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров (суд ва прокуратура ҳамда куч тизимлари куратори).

Турли даражадаги маҳаллий ва халқаро комиссияларнинг хулосаларига кўра Роза Отунбаева ва Муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзоларига нисбатан айбловлар кўп. Лекин 2021 йили президент фармойиши билан қайта қарала бошлаган иш доирасида юқорида номи аталган беш кишига Қирғизистон ўзбекларининг ёрқин лидерларидан бири, марҳум Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши эпизоди бўйичагина тергов олиб борилгани маълум.

Қирғизистон жанубида 2010 йилнинг июнида юз берган миллатлараро жанжал оқибатида 500га яқин одам ўлган, минглаб одамлар яраланиб, таланган ва уй-жойлари ёқиб юборилган. Жанжалда жабр тортганларнинг 70 фоиздан кўпи ўзбеклар бўлсада, узоқ муддатга ва умрбод қамоқ жазосига тортилганларнинг 90 фоиздан кўпроғи ҳам ўзбеклар бўлган. 100 мингдан ортиқ фуқаро ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлишган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат 24.kg сайтидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг