Кафедаги можаро: Ҳаддидан ошган блогер, қонунни билмаган милиция

Қирғизистон милицияси жанжалларнинг олдини олиш бўйича тайёргарликдан ўтадими?

Ўшдаги “Манас ота” кафесидаги можаро шуни кўрсатдики, оддийгина келишмовчилик кутилмаганда миллий низо тусини олиши мумкин, бунга масъул милиция ходимлари эса бундай ҳолатда ўзини қандай тутишни билишмайди. Тегишли идоралар назоратни кучайтирмасалар, муаммо чуқурлашиб кетиши аниқ.

Жанжал нимадан чиқди?

Гап “Не сахар” ютуб канали блогери Умар Дадановнинг Ўшдаги “Манас ота” кафеси ошхонасига бостириб кириб, у ерда тозаликка риоя қилинмаётгани ҳақида тайёрлаган видео репортажи ҳақида кетяпти. Кафе ходимларининг қаршилигига қарамай, у ерга кириб олган Умар Даданов ўзини гўё санитар-эпидемиологик назорат ходимидек тутган.

“Ошхона ичида чиқиндилар турибди. Буларни бино ташқарисига олиб чиқиш керак. Бу ерда тоза идиш товоқлар турибди. Бундай бўлмаслиги керак. Тоза идишлар чиқадиган жойлар кир турибди. Сабзовотлар ҳам қутиларга солиниши керак. Сизларда эса ерда ётибди. Буни одамларга пишириб берасизлар, бундай бўлмайди. Тоза ва ҳалол иш қилиш керак-да”, дейди блогер.

Бундан норози бўлган кафе маъмури блогерни хусусий бинога ноқонуний киришда айблаб, уни эшикка чиқарган ва кафе ичкарисига киришга рухсат бермаган.

“Бу ер хусусий кафе, сенинг киришга ҳаққинг йўқ. Санитария-эпидемиология станциясидан руҳсатнома олиб кел, кейин бемалол кириб, текшираверасан”, дея блогерга тушунтиришга ҳаракат қилган кафе маъмури Машрабхон Ушақбаева.

Бундан норози бўлган блогер милиция ходимларини чақириб, қонун устуворлигини таъминлашни сўраган. Бироқ, милиция ходимлари ҳам рухсатсиз хусусий кафе ичкарисига кира олмасликларини айтиб, қайтиб кетишган. Айтиб ўтиш керакки, давлат раҳбарияти кўпдан буён хусусий ишбилармонларни асоссиз текширишларни камайтиришни талаб қилиб келмоқда.

Энг қизиғи жанжал пайтида деярли бошидан охиригача ўша ерда турган участка милиционери Алмаз Раимқуловнинг ҳатти-ҳаракатлари бўлди.

“Биз прокурор ёки суднинг қарорисиз кафе биносига киришга ҳаққимиз йўқ. Бу ерда сизлар урушиб кетмасликларингизни назорат қилиб турамиз”, дейди милиция ходими блогернинг видео репортажида.

Блогернинг қонун ишлашини таъминлаб, менинг ишлашимга шароит яратиб беринг, деган илтимосига Раимқулов, бизнинг ишимиз жанжал чиқса, иштирокчиларга чора кўриш, деб жавоб берган. Унинг гапларидан келиб чиқадики, милиция ходимлари фақат жанжал чиқиб, томонлар муштлашиб кетсагина жараёнга аралашиши мумкин.

Вақтида тушунтириш иши олиб борилмагани натижасида кафе ходими билан блогер айтишиб кетишган. Бунинг ҳаммасини Дадановнинг оператори тасвирга олиб турган.

Сенсация кетидан қувиб…

Тарқатилган видеода кафе маъмури блогердан ўзбекча гапиришни талаб қилаётгани кўрсатилади. Лекин унгача орадан нима гап ўтгани, бу талаб қандай гапларга жавобан айтилганини блогер тўлиқ кўрсатмаган. Можарога гувоҳ бўлганлар Ушақбаеванинг Ўшдаги одамлар хоҳ ўзбек бўлсин, хоҳ қирғиз бир-бирини бемалол тушунишларини айтмоқчи бўлганини айтишади. Биз шошилинч тарзда ишдан бўшатиб юборилган маъмур қиздан изоҳ ололмадик.

Видео “Не сахар” ютуб каналига жойлаштирилгач, ижтимоий тармоқларда тез тарқади. Чунки муаллиф унга “Умарни ўзбекча гапир деб койиди” деган “илмоқли” сарлавҳа қўйган. Бу каналнинг мухлислари диққатини тез ўзига тортади ва… ўзбекларга нисбатан норозилик бошланади. Омма орасида қизғин муҳокама қилиниб, видео остида “Қирғизистон ёқмаса Ўзбекистонга кет” қабилида ўзбекларга нисбатан миллатчилик кайфиятидаги постлар қўйилган. Улар қисман ўчириб юборилди, айримлари видео остида ҳамон турибди.

Кафе эгаси ва маъмур аёл можародан кейин кўп ўтмай видеомурожаат қилишиб, қирғизистонликлардан кечирим сўрашган.

“Ҳурматли қирғизистонликлар! Кафемизда тушунмовчилик бўлиб, маъмур қиз асабийлашиб, нотўғри гапирибди. Уни ишдан ҳайдадим. Сизлардан кечирим сўрайман. Бундай иш қайталанмайди. Кафемиз сизлар учун ҳамиша очиқ. Камчиликларимизни тўғрилаймиз”, дейди видеомурожаатда кафе эгаси Бахтиёр Ғуломов.

Бу шошилинч кечирим сўрашнинг сабабларидан бири тезда аён бўлди. Ижтимоий тармоқлар ва одамлар орасидаги гаплардан маълум бўлдики, кафенинг ишидан норози бўлганлар аввалдан оз эмас экан. Жумладан, блогер кўрсатган антисанитария масаласида ҳам. Масалан, таниқли журналист, Ўш шаҳар кенгаши депутати Хулькар Исамованинг  ёзишича, у анча аввал кафедаги камчиликлар ҳақида шаҳар ҳокимияти ва тегишли органларга хабар берган, лекин уларнинг “реакцияси нол” бўлган.

Демак, ҳокимиятдаги мутасаддилар ўз ишига совуққонлик билан қараши туфайли ҳам жамиятда “Робин Гуд тимсолидаги қаҳрамон” блогерларга эҳтиёж сезиляпти.

Шов-шув кўтарилгач, Ўш шаҳар мэрияси “Манас-ота” кафеси иши бўйича комиссия тузилиб, ўз ишини бошлаганини маълум қилди. Комиссия таркибига Санитария-эпидемиология станцияси, архитектура бошқармаси, давлат рўйхатидан ўтказиш хизмати ва барча коммунал хизматлар вакиллари киритилган. 

Кафенинг фаолияти тўхтатилиб, сув ва электр таъминоти узиб қўйилди. Ҳар томонлама текшириш бошланиб, милиция ҳам ҳолат юзасидан тергов бошлади.

Кўп ўтмай, 7 июл куни Ўш шаҳар прокуратураси жанжал марказида бўлган “Манас ота” кафеси қонун-қоидаларни бузган ҳолда қурилганини маълум қилиб, Ўш мэриясига кафени сурдириш бўйича тавсия берган.

Прокуратура маълумотларига кўра, кафе эгаси Э.Неъматов кафе ўрнидаги ҳовлини 2017 йилнинг ноябрида сотиб олган. 2018 йилнинг май ойида Архитектура ва қурилиш бошқармасидан турар-жой биноси қуриш учун рухсатнома олган, бироқ у ерга кафе қуриб, камига бино “қизил чизиқ”дан чиқиб ҳам кетган. Прокуратура 2018 ва 2019-йилларда шаҳарнинг тегишли идоралари томонидан огоҳлантиришлар берилгани, далолатнома тузилиб, ҳужжатлар чора кўриш учун Давлат экология-техника инспекциясига юборилганини айтади.

Қонунбузарликларни бартараф этиш, объектни шаҳарсозлик меъёрлари ва рухсатномаларига мувофиқлаштириш бўйича прокуратурадан кўрсатма ҳам чиқарилган. Лекин нима сабабдан бу кўрсатма ва талаблар 3-4 йилдан буён бажарилмай келаётгани ҳақида на прокуратура ва на мэрия изоҳ беришмаган. Тажриба шуни кўрсатадики, бундай “қулоқсизликнинг” сабаби – “вақти-вақти билан оғзи мойланиб турган маъмурлар кўрсатилган камчиликларга кўз юмиб туришида”. Ўйлаймизки, мэрия тузган комиссия бунинг сабабини ҳам аниқлаб, айбдорларга қарши қонуний чоралар кўрилади.

Биз “Манас ота” кафеси эгалари ва маъмур аёл билан боғланиб, мазкур ҳолат бўйича фикрларини олмоқчи бўлдик. Аммо бунинг имкони бўлмади.

Кафе эгаларидан бири эканини айтган шахс эса, ҳозир тегишли идоралар текшираётгани сабаб, муаммолар бартараф этилмагунича журналистларга маълумот бера олмаслигини айтди. 

“Ҳужжатларимизни тўғрилаб олайлик, кейин маълумот берамиз. Сизлар аралашмай туринглар, илтимос”, деди исми сир қолишини истаган суҳбатдошим.

Прокуратуранинг кафени бузиш бўйича берган кўрсатмаси ҳақида фикрини сўраганимизда у кафени бузишга тайёр эканини маълум қилди.

“Агар буз деса, ошиқча жойини бузиб, уй қилиб яшайверамиз. Лекин 8 метр чиқиб кетган деган гап нотўғри. Шаҳар планига кўра, 2025 йилда мана шу Асқар Шакиров кўчасининг машиналар қатнайдиган қисми кенгайтирилади деган. Ундай бўлса, бизнинг қаторимиздаги барча уйлар, кафе, бинолар бузилиб, 8 метр ичкарига кириши керак. Уч йил аввал таъмирланиб, кенгайтирилган кўча, яна уч йилдан кейин кенгайтирилиши даргумон”, дейди суҳбатдошим.

Қизғин муҳокама, турли фикрлар

Фейсбук қўлланувчиси Наргиза Қўчқорова “Не сахар” лойиҳаси ходимини журналистика қоидаларини бузиб, одамларни ғазаблантирганликда айблаб, унга нисбатан бойкот эълон қилишга чақирган.

“…Ўз фикрини билдираётган қирғизистонликлар, миллатчиликка берилманглар. Ҳаммамиз бир мамлакатда яшаймиз. Бизга бузғунчилик қилган блогерлар керак эмас”, деб ёзади Қўчқорова.

Шу билан бирга у одамларни қирғиз тилини мукаммал ўрганишга, тегишли идораларни эса тил ўқитиш сифатини яхшилашга ундайди.

 “Мактабларда қирғиз тилини яхши ўргатишсин. Эътибор қаратадиган масалалар талайгина”, дейди Наргиза Қўчқарова.

Ўшлик фаоллардан бири Феруза Амадалиева эса Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ижтимоий тармоқларда миллатчилик руҳида ёзилган матнлар муаллифларини жавобгарликка тортиши кераклигини айтади.

“Мен баъзи даҳшатли шархларни ўқиб, қайғуга ботдим. Одамлар инсофини йўқотган. Миллатчилик қилишаяпти. Ҳаттоки, Алишер Навоийни “эслашга ҳам” улгуришибди. Ҳар бир халқда аҳмоқлар борлигини унутмайлик, уларга ўхшамайлик! …Келинг, ҳис-туйғуларимизни бироз жиловлаймиз ва иштиёқимизни бошқа ҳаётий масалаларга йўналтирамиз. Одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, казинолар, таълим сифати, мактаб формалари, давлат хизматлари марказлари ва шу каби масалалар талайгина”, дейди Феруза Амадалиева.

Ҳуқуқшунос Эржан Сулайман миллий низони қўзғатувчи шархлар ёзаётган инсонларни эҳтиёт бўлишга ундайди.

“Тинч ўтирмай, ашаддий миллатчи, бошқа миллат вакилларини камситувчи пост ва шарҳлар ёзаётган “мард” йигит, қизларни огоҳлантирмоқчиман. Сизларнинг ёзганларингиз сақланиб, Қирғизистонда миллатига кўра камситишнинг кенг тарқалгани исботи сифатида турли тадқиқот ва ҳисоботларга киритилади. Бу ҳазил эмас.

…Ақлли миллатлар бошқаларни заифлаштириш билан эмас, балки ўзларини кучайтириш билан шуғулланадилар. Ўзингизни кучли деб ўйламанглар, сиз қирғизга, қирғиз давлатига жиддий зарар етказганлар қаторидасиз!”, дея огоҳлантиради Эржан Сулайман.

Албатта, кафедаги тозалик ва гигиена ҳақида ҳеч қандай сўз бўлиши мумкин эмас. Ҳамма нарса қоидаларга мувофиқ бўлиши керак. Бироқ, тозалик қоидаларига риоя қилмаслик, антисанитария ҳолатлари, афсуски, шаҳардаги кўплаб кафе ва ресторанларда учрайди. Буни жиддий назорат қилиш керак. Санитария эпидемиология станцияси вақти-вақти билан кафе ва ресторанларни текшириб туриши керак. Афсуски, кўп холларда емакхоналарнинг ишлаши учун пул эвазига рухсатнома сотиб олинади.

Кафе маъмури, аёлнинг ҳатти-ҳаракати ножўя, албатта. У ўзини аҳмоқона тутган. Лекин юқорида айтганимиздек, воқеа жойида бўлган милиция ҳодимларининг ҳаракатлари ҳам қаттиқ танқид қилинмоқда. Видео остига қўйилган постларнинг ярмидан кўпида айнан тартиб посбонларининг ҳаракатлари, тўғрироғи ҳаракатсизлиги қаттиқ танқид қилинган. Видеодан кўриниб турибдики, ҳуқуқ-тартибот идораси вакиллари қонунни яхши билишмайди. Блогернинг талабларига қонун доирасида жавоб беришга лаёқатлари етишмайди. Аслида эса блогер журналист ҳисобланмайди ва унинг милиция ходимларидан кафега киритиб қўйишни талаб қилиши нотўғри.

Энг ёмони, ўша жойда катта жанжал чиқиб кетиши мумкинлигини кўриб туриб, милиция ходимлари бирин-кетин воқеа жойини тарк этишган. Одамлар ижтимоий тармоқларда айнан мана шу нарсадан қаттиқ норози эканини билдиришган.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Замир Сидиқов милиция ҳодимларининг ҳатти-ҳаракатларини ички комиссия ўрганаётганини маълум қилди. Унинг фикрича, воқеа жойида “милиционерлар вазиятдан келиб чиққан холда, томонларни яраштирувчи позицияни эгалламоқчи бўлишган”.

“Чунки бу можарода миллатлараро тус яққол сезилиб турибди. Милиционерлар ҳар икки томонга зарар етказмасликни хоҳлашди. Ҳа, улар хизмат вазифасини бажариш пайтида, бироқ улар ҳам инсон. Ўшда яшаб, бу муаммо қанчалик нозик эканини жуда яхши билишади. Бунгача бир нечта шунга ўхшаш ҳолатлар бўлган. Шунинг учун бу ерда милиция ходимларининг ҳаракатини оқлаш мумкин”, дейди Замир Сидиқов биз билан суҳбатда.

Ҳа, журналист ва блогерлар Ўшда баъзи мавзуларни ёритишда миллий туйғуларни инобатга олган ҳолда, ниҳоятда эҳтиёткор бўлишлари керак. Ўшликлар бунгача икки бора миллатлараро низодан қаттиқ азият чекишиб, оғир кунларни бошларидан ўтказишган. Ҳеч ким у кунларнинг қайталанишини хоҳламайди.

Қонунсизликка қарши кураш қонун доирасида, холис бўлсин

Тозаликни талаб қилаётган журналист ва блогерлар Ўшдаги бошқа кафе ва ресторанларни ҳам, эгалари ва миллати ким бўлишидан қатъи назар, текширсалар мақсадга мувофиқ бўларди, танлаб текширмасдан.

Юқори айтганимиздек, бунгача ҳам “Манас ота” кафеси бўйича кўплаб норозиликлар айтилиб келган. Кафе эгаларининг турар-жой ўрнига ўзбошимчалик билан кафе солиб, ишлатиб келгани ҳам аниқ. Бироқ, бундай камчиликлар Ўшдаги кўплаган кафе, тижорий биноларда, уларнинг ҳужжатларида кузатилиши сир эмас.

Айниқса, кўп қаватли уйлар қурилишларида. Шу сабабдан ҳаттоки, бино қад кўтариб қолгандан кейин ҳам тегишли идоралар назоратидан сўнг уларни бузиш ҳаракатлари бўлган. Аммо, “порахўрлик” ёки “яхши танишлар” шарофати билан бино бузилиши тўхтатилиб, қурилиш битказилган ва қўлланишга топширилган ҳоллар ҳам йўқ эмас.

Қолаверса, ҳеч кимга сир эмаски, айрим журналист ва блогерлар пул эвазига “буюртмаларни” бажарадилар ёки ўз кайфияти ва шахсий муносабатларига асосланган ҳолда иш юритадилар. Агар журналист бўлсангиз, қонун асосида ишланг, ҳамма жойда, доимо холис бўлинг.

Шуни ҳам унутмаслигимиз керак-ки, Қирғизистондаги оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунлар фақат журналистлар учун ишлайди, блогерлар учун эмас. Шу сабабдан балки, блогерлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ва қоидаларни қабул қилиш вақти ҳам келгандир? Акс холда, сўнгги пайтларда айрим блогерлар ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида низолар ҳам келтириб чиқаришмоқда.

Бишкекда оммавий ахборот воситалари ва журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи “Медиа полиси институти” нодавлат ташкилотининг юристи Ақмат Алагушев, “Манас ота” кафесидаги можарода блогернинг жавобгарлигини белгилашда, унинг расмий мақомини аниқлаш кераклигини айтади.

“Агар блогер қайсидир бир расмий маълумот агентлигида ишласа ёки [журалист деган] ҳужжати бўлса, у ҳолда “Журналистлар тўғрисидаги қонундан” иқтибос келтиришга ҳақли. “Не сахар” лойиҳаси” расмий рўйхатдан ўтганми, шуни текшириш керак”, – дейди Алагушев.

Ҳуқуқшунос Қирғизистонда блогерлар фаолиятини назорат қилувчи қонун ёки қоида йўқ эканини, блогерлар ўз фаолиятлари учун асос сифатида истеъмолчилар тўғрисидаги қонунлардан фойдаланишларини айтди. Лекин бу кам.

“Шу ерда қарама-қаршиликлар мавжуд, – дейди юрист Ақмат Алагушев, – агар сени бирон бино ичкарисига киритишмаса, кирма. Тираниб туриб олиб, низо чиқаришнинг кераги йўқ”.

Мавзуни ёритган блогер ўз видеосига миллатлараро мавзудаги иғвогарона сарлавҳа қўйгани учун расман огоҳлантириш берилиши керак деганлар ҳам бор.

“Видео кафедаги тозалик ҳақида экан, мухлислар сонини ошириш ёки шов-шув пайдо қилиш мақсадида аҳмоқона ном билан эмас, балки видеога тааллуқли ном ёзиш керак”, дейди ўшлик Соҳибжон Мамиров.

Унинг фикрича, баъзи журналист ва фаоллар ҳам, мазкур вазиятдан фойдаланиб, “ўзларини кимларгадир яхши кўрсатиш ҳаракатида бўлишмоқда”.

“Инсон қанчалик юзига ниқоб киймасин, бирибир унинг ким экани аён бўлади. Агар бунгача кимлар биландир орада келишмовчилик бўлган бўлса, ўзаро ҳал қилишсин. Иккинчи томон ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатмасин. Акс ҳолда эртага қонуний жавобгарликка тортилиши мумкин”, дейди суҳбатдошимиз.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг