Биродарлар маслаҳати: Иссиқкўлда Марказий Осиё бешлиги учрашади

Минтақа ўлкаларининг “буюк давлатлар” иштирокисиз сиёсат юритиш даври аллақачон пишиб етилган.

Шу ҳафта, 20-21 июль кунлари Иссиқкўл қирғоғида жойлашган Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбакиевнинг маълум қилишича, йиғилишда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари иштирок этишади.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда бошқа йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаб, кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишлари кутилмоқда. Учрашув доирасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров икки томонлама учрашувларни ҳам ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатлари президентларининг биринчи маслаҳат учрашуви Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда Остона шаҳрида бўлиб ўтган. Кейинги учрашувлар Ўзбекистон ва Туркманистонда ташкил этилган.

Қирғизистонда ўтаётган бу учрашувда жуда ноёб ҳужжат, XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон республикалари ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик ҳақидаги шартноманинг имзоланиши режалаштирилган.

Ҳужжатнинг Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги тақдим этган лойиҳасида минтақа давлатлари ўртасидаги ҳарбий, савдо-иқтисодий, логистика, маданий-гуманитар, фуқаролик мудофааси, энергетика ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштириш кўзда тутилган.

Бу ҳужжатга Туркманистон ва Ўзбекистоннинг қўшилиши катта аҳамият касб этмоқда. Маълумки, бунгача Туркманистон халқаро ва минтақавий алоқалар борасида нейтрал позицияда турган. Ўзбекистон эса, келажаги мавҳумроқ кўринган турли ташкилотларга қўшилавермаслиги билан маълум.

Ҳужжатда айтилишича, агар томонлар уни имзолашса, минтақада бошқа бир давлатларнинг иштирокисиз, мустақил равишдаги интеграция жараёнлари бошланади. Бу нарса бугунги кунда жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки минтақа давлатларининг ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутган Россиянинг Украинага бошлаган уруши натижасида мисли кўрилмаган санкцияларнинг эълон қилиниши бу давлат иқтисодиёти равнақини жиддий хавф остига қўймоқда. Бу эса ҳозирдан минтақа давлатлари иқтисодиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Россиянинг бу урушни Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти  ва ниҳоят Коллектив хавфсизлик ташкилотига аъзо бўлган ҳамкорлари – Марказий Осиё давлатлари билан кенгашмай туриб бошлаши ҳам тилга олинган ташкилотларнинг жиддийлиги ва истиқболлари хусусида шубҳа туғдирди.

Эндиликда Россия ва дунёнинг етакчи давлатлари ўртасидаги иқтисодий-молиявий уруш минтақа давлатларининг ўша давлатлар, жумладан Украина билан ҳам, алоқаларида муаммолар туғдириб, ҳар тарафлама ташқи сиёсатга жиддий путур етказмоқда. Қолаверса, дунёнинг етакчи давлатлари бўлган АҚШ, Хитой, Россия ва Европа Иттифоқининг “манфаатлари доираси” ҳисобланган минтақа ўлкаларининг манфаатларини бирлаштирувчи ягона, мустақил сиёсат юритиш даври аллақачон пишиб етилган эди.

Учрашув иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги, жумладан, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси шу кунларда кучайтирилган тартибда ишлашга ўтади. Учрашув туфайли Иссиқкўл аэропортидан Чўлпонота шаҳригача борувчи йўлда айрим чекловлар киритилиши ҳақида ҳам аҳолига огоҳлантириш берилди.

Учрашув об-ҳавонинг роса қизиган кунларига тўғри келиб, минтақада энг салқин ҳисобланган Қирғизистонда ҳам ҳавонинг ҳарорати шу кунларда 42 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Иссиқроқ ўлкалар бўлган Ўзбекистон ва Туркманистонда ҳаво 45-47 даражага исиши кутилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг