Ичидан чириган жамият ва ҳайвоний хирсни жиловлай олмаган давлат

Жазосизлик оқибатида Қирғизистонда болалар ва аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик кучаймоқда.

Қирғизистонда ёш болаларга ва аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳаракатлари тез-тез учраб турадиган оддий ҳолатга айланиб қолди. Жамиятдаги норозилик ва кескин чоралар кўриш талабларига қарамай, ҳайвоний ҳирсини жиловлай олмаган одамсифат маҳлуқлар кўп ҳолларда жазосиз қолиб кетишмоқда. Ачинарлиси, зўравонлар орасида милиция ходимлари ҳам бор.
Айбдорларнинг жазосиз қолишига эса тергов органлари ва судлардаги коррупция, такасалтанглик ва масъулиятсизлик сабаб бўлмоқда. Кўп ҳолларда зўравонлик қилган шахслар “жабрланган томон ариза ёзишдан бош тортди”, “томонлар келишиб олишди”, каби рўкачлар билан жазосиз қолиб келишмоқда.
Бошқа ҳолларда эса, тергов ва суд ишлари ойлаб, йиллаб чўзилмоқда. Ишни судга ўтказиш учун ҳам ойлаб вақт сарфланган ҳолатлар кўп.
Масалан, кеча, 15 июль куни Бишкек шаҳар суди 13 ёшли мажруҳ қизни зўрлаган икки кишини озодликка чиқарди. Суд “жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганини ҳисобга олиб”, зўравонлардан 100 минг сўмдан ундириш билан уларни қамоқдан озод қилди.
Етти йилдан (!) буён чўзилиб келаётган бу ишга кўра, Чуй вилоятининг Сокулук туманида яшовчи олти нафар ўсмир 2013-2015 йилларда 13 ёшли мажруҳ қизни икки маротаба зўрлашган. Айбдорларнинг 4 нафари жиноят содир этилган пайтда 14 ёшда бўлгани учун ишга гувоҳ сифатида тортилган. Жавобгарликка ўша пайтда 16 ёшда бўлган икки зўравон тортилган, холос.
Сокулук тумани суди икки зўравонга 8 йилдан қамоқ жазосини белгилаган, лекин амнистия қўллаб, уларни жазодан олиб қолган. Қизнинг адвокати суд-тиббий экспертизаси хулосалари ва бошқа далиллар етарли бўлишига қарамай, иш шунча вақт давомида чўзиб келинганидан шикоят қилади.
Бошқа жиноятлар бўйича ҳам ишни чўзиб юриб, муддати ўтгандан сўнг жазодан қутулиб қолиш Қирғизистонда кенг тарқалган коррупция кўринишларидан бири.
Шу кунларда Бишкекдаги Свердлов тумани судида шундай ишлардан бири қаралмоқда. Бу иш бўйича яна бир 13 яшар ўсмир қизни қўрқитув йўли зўрлаб юрган икки ҳаракатдаги милиция ходими ва бир собиқ тартиб посбони ҳамда официант йигит жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда маълумот жорий йилнинг февралида тарқалган.
Кейинроқ жабрланувчи қизалоқнинг ота-онаси Youtube-каналлардан бирига интервью бериб, ўзаро таниш бўлган уч нафар милиция ходими ва бир йигит қизни ярим йилдан буён зўрлаб юришгани айтишган. Уларнинг таъкидлашича, милиция ходимлари бозорда телефон ўғирлаган қизни катта ўлчамда жарима солиш ва ўғрилигини овоза қилиб юбориш билан қўрқитиб, жинсий алоқага мажбур қилишган.
Тезкор чоралардан сўнг бу ишга алоқаси бор дейилган тўрт киши қўлга олинган, уларнинг иккиси милиция ходимлари, биттаси бозорда қоровуллик қилаётган собиқ милиция ходими экани аниқланган. Ўқувчи қизни зўрлашда гумонланган официант болага нисбатан қўзғалган иш ҳам судга ўтган.
Жаҳонга донғимиз кетди
Қирғизистонда зўравонликнинг тарқалиши бўйича вазият ҳатто Бирлашган миллатлар ташкилотини (БМТ) ҳам ташвишга солмоқда. Ташкилотнинг Қирғизистон ички ишлар вазирлигига таяниб берган маълумотига кўра, 2022 йил бошидан буён мамлакатда болаларга нисбатан 400дан ортиқ зўравонлик факти қайд этилган. Уларнинг 55 ҳолати — жинсий зўравонлик.
Ўтган 2021 йилда оилавий зўравонликнинг 10 мингдан ортиқ ҳолати қайд этилган бўлса, жорий йилнинг дастлабки 5 ойида қарийб 4000 ана шундай ҳолат рўйхатга олинган. Лекин экспертлар бу рақамларнинг аслида янада кўп эканини айтишади. Чунки, маҳаллий аҳоли менталитетига кўра, уйдаги жанжаллар ташқарига олиб чиқилмайди.
Аёллар ариза ёзгани қўрқишади.
БМТ ташвиш билан эътироф этадики, 2021 йили Қирғизистонда 604 жинсий зўравонлик факти содир бўлган бўлса, 53% ҳолатда “жиноят таркиби йўқлиги” сабаб жиноий иш қисқартирилган. Бундан ташқари, қизларни ўғирлаб, мажбурий никоҳ ўқитиш бўйича 254 ҳолат қайд этилган, лекин уларнинг 84%и бўйича “жиноят таркиби йўқлиги”дан иш тўхтатилган.
Бошқача айтганда, ошкора жиноят излари яширилган. Ва бу афсуски, одатий ҳолга айланган. Ана шунинг оқибатида, яъни жазодан осонгина қутулиб қолиш натижасида бу жирканч жиноятнинг кети кўринмаяпти. Юқорида айтиб ўтилган 13 яшар қизнинг яқинлари ҳам гумондор милиция ходимлари жавобгарликдан қутулиб кетиши мумкин деб ҳавотир олишмоқда.
БМТ «охирги ойларда даҳшатли гендер зўравонлиги ҳолатларига ва аёлларга, қизларга нисбатан зўравонлик қилган айбдорлар жазосиз қолаётганидан» ҳавотирда эканини билдириб, Қирғизистон ҳукуматини аёлларга ва қизларга нисбатан зўравонликни тез орада тўхтатишга чақирди.
«БМТ тизими, шунингдек, бундан кейин ҳукуматни гендер зўравонликнинг барча шакллари, жумладан, оиладаги ва жинсий зўравонликнинг жиноий табиати тўғрисида давлат ходимлари ва жамият орасида тушунтириш ишларини фаоллаштиришга, аҳоли ва фуқаролик жамиятини ушбу ҳуқуқбузарликларни рад этишда қўллаб-қувватлашга чақиради», – дейилади БМТ баёнотида.
Зўравонликка қарши намойишлар
Бу вазиятдан маҳаллий фаоллар ҳам қаттиқ ташвишдалар. Гарчи самараси жуда катта бўлмасада, улар вақти-вақти билан намойишлар ўтказиб туришади. Масалан, 8-июль куни Ўш шаҳар милицияси биноси олдида аёлларга ва ўсмирларга нисбатан зўравонликни тўхтатиш талаби билан тинчлик митинги ўтди. Унга 20 нафардан ортиқ киши қатнашди.
Иштирокчилар «Қумарбек, Дайирбек, Эрмек қамалсин!» (қизалоқни зўрлашда гумон қилинган милиционерлар. – таҳр.), «Яна қанча аёл ўлиши керак?», «Қачон президент биз билан учрашади?», «13 ёшдаги қиз, яна ким?» «Эътиборсиз бўлма!» деган плакатларни кўтариб туришди.
Ана шундай митинг ўша куни пойтахтда ҳам бўлиб ўтди. Бишкекдаги тинчлик митинги 13 ёшдаги қизнинг иши қараладиган Свердлов туман суди олдида ўтган. Албатта, бу намойишлар ҳокимият назаридан четда қолмади.
Қирғизистон президенти матбуот котиби Эрбол Султанбаев 13 ёшдаги қизнинг зўрланиши бўйича президент Садир Жапаровнинг позициясини билдирди. Султанбаев бу иш «жамиятни хавотирга қўйганини» таъкидлар экан, судда айбдорларга адолатли жазо берилишига ишонч билдирган.
“Бу аҳмоқларнинг қилмишларини ҳеч қандай шароитда оқлаб ёки жиноятларига енгиллик бериб бўлмайди. Бундай зўравонликка қўл урганлар давлат тизимида ишламаслиги керак. Жамиятни бундай аҳмоқлардан тозалаш керак. Президент Жапаров бу каби салбий ҳолатларни, айниқса, болаларга нисбатан бундай муносабатни кескин танқид қилади», – деб ёзади у ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.
Матбуот котиби давлат вояга етмаганларга, болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўймаслик учун қўлдан келганича барча ишларни давом эттиришини қўшимча қилган.
Бефарқлар йўқ. Фақат давлат…
Зўрланган 13 ёшли қизни қўллаб-қувватлаш учун эълон қилган акцияда тўрт-беш кун ичида етти юз минг сўмдан ортиқ маблағ тўпланган. Акция ташаббускори, журналист Эркин Рискулбековнинг сўзларига кўра, йиғилган пулнинг 50 минг сўми қизнинг отасига берилган, қолган маблағ қизнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
“Бундан ташқари, АҚШдаги ватандошларимиз ҳам пул тўплаяпти», – деди у ўсмирни хусусий мактабларнинг бирида ўқитиш бўйича сўзлашувлар олиб борилаётганини ҳам қўшимча қилиб.
Таниқли эстрада қўшиқчиси Мирбек Атабеков ўзининг Инстаграм саҳифаси орқали видео мурожаат қилиб, ҳукуматдан зўравонларни жазолашни талаб қилди. Бундан ташқари, у халқни ўсмирга ёрдам беришга ҳисса қўшишга тарғиб қилди.
Таниқли диншунос олим, Қирғизистон муфтийининг собиқ ўринбосари Қадир Маликов 13 ёшдаги қизнинг зўрланиши “жамиятимиз ва тизимнинг деградацияси жуда чуқур эканини” кўрсатишини эътироф этди. У ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида «шундай ҳаром жиноятга милиция ходимлари аралашган бўлса, унда гап ҳар бир фуқаронинг, уларнинг оиласи хавфсизлиги ҳақида бўлиши керак”лигини айтган.
“…Бизда зўравонлик жуда кўп бўлмоқда, айниқса, аёллар билан болаларга нисбатан. Қаерга қараб кетяпмиз? Йилдан йилга ҳаёт, виждон, қадр-қиммат, мулк хавфсизлигига бўлган кафолат озайиб бормоқда», – деб ёзади у. – “Тизимнинг коррупциялашганини қўллаш орқали жазодан қутилиб кетганлар бор. Суд тизими ва жазонинг адолатсизлиги давлатнинг асосини бузиб, унга ишончни қолдирмаяпти”.
Маликов қонун чиқарувчилар баъзи қоидаларга ва «гуманизм»га таяниб, маньякларга, баччабозларга ва қотилларга энг олий жазо чорасини кўриб чиқмаётганидан афсусда эканини билдириб, улага қарши жазони кучайтириш зарурлигини эътироф этади.
Бундай талаб жамиятда ҳам тобора кучайиб бормоқда. 24.kg ахборот агентлиги ўтказган сўровда иштирок этганларнинг 62 фоизи болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганларга ўлим жазоси қўлланишини қўллаб-қувватайди. Яна 22 фоиз иштирокчи буни қўллайди, лекин аввал коррупцияга беланган суд тизимидан халос бўлиш керак деб ҳисоблайди.
Ўш шаҳридаги “Ак журок” кризис марказининг раҳбари Дарика Асилбекованинг таъкидлашича, мамлакат миқёсида сўнгги беш ой давомида зўравонликка учраганлар сони 4 мингга яқинлаган. Уларнинг кўпчилигини аёллар ва вояга етмаган ўсмирлар ташкил қилади. Унинг фикрича, зўравонликни қисқартириш учун мамлакатдаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш лозим.
“Бу ерда турмуш ўртоғи томонидан зўравонликка ҳамда руҳий тазйиққа учраган ҳолатлар 90-100 фоиз десам ҳам адашмаган бўламан. Натижада хотин-қизлар оиладан қочиб чиқишга мажбур бўляпти. Ишсизлик, миграция ҳамда оиладаги етишмовчилик зўравонликка замин яратиб бермоқда”, – дейди Дарика Асилбекова.
Ўш шаҳар мэрияси қошидаги кўп тармоқли зўравонликка қарши курашиш маркази етакчиси Наргиза Ештаева эса аёлларга ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш учун жамиятда ҳамма бирлашиши кераклигини айтади.
“Бунинг учун куч тизими ходимлари, ўқитувчилар, ота-оналар ва психологлар бирлашиб тушунтириш ишларини тинимсиз олиб борса, зўравонликни бартараф қилиш ҳаракатлари самара беради”, – дейди Ештаева.
Яқинда мамлакат парламентида зўравонларга нисбатан жазони кучайтириш бўқича қонун қонуни қабул қилиниб, президентга имзолаш учун юборилди. Қонун кўра педофилларга амнистия қўлланмайди, жиноятнинг жазо муддати олиб ташланди, муддатидан олдин озод этиш педофилларга нисбатан қўлланилмайди.
Бундан ташқари руҳий шифохоналарда даволаниш зўравонларни қамоқ жазосидан қутқара олмайди ва уларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.
Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг