Кун исийди. Жуда қаттиқ исийди

Келаси ҳафта Марказий Осиёда ҳаво ҳароратининг максимал даражада кўтарилиши кутилмоқда.

Об-ҳавони кузатиш хизматлари берган тахминга кўра, 17–22 июл кунлари Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳавонинг кириб келиши кучаяди.

Бу борада «Ўзгидромет» раҳбари Шерзодхўжа Ҳабибуллахўжа фуқароларга шошилинч ахборот билан чиқди. Унинг қайд этишича, иссиқ ҳаво массаларининг кириб келиши натижасида Ўзбекистонда кундуз кунлари ҳаво ҳарорати Қорақалпоғистонда ва Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 44-47 даражагача; Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида 42-45 даражагача ва Фарғона водийси вилоятларида 41-43 даражагача кўтарилади.

Республиканинг айрим жойларда шамол чанг тўзонлар билан 15-20 метр/секундгача эсиши кутилмоқда. Айрим жойларда шамол 22-25 метр/секундгача кучайиши мумкин.

Мутахассислар агар Тошкентда ҳарорат 45 даражага чиқса, бу 1870 йилдан кейинги даврнинг мутлоқ рекорди бўлишини айтишмоқда. Лекин маҳаллий аҳоли бир неча йил аввал ҳавонинг ҳарорати 50 даражадан ортиб кетгани ҳақида айтишади. Ўшанда Тошкент кўчаларига ўрнатилган светофорлар ҳам эриб, қийшайиб қолишган эди.

Келаётган иссиқ ҳаводан қўшни давлатлар ҳам бенасиб эмас. Масалан, Тожикистонда келаси ҳақта давомида ҳавонинг ҳарорати 40 даражадан юқори ҳолда сақланиб туради, 22 июл куни унинг 44 даражага чиқиши кутилмоқда. Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам келаси ҳафанинг охирига бориб ҳавонинг ҳарорати 43 даражагача кўтарилишини тахмин қилишмоқда.

Мутахассислар кун ўта исиб кетган ҳолларда кўпроқ суюқлик ичиш, оғир жисмоний меҳнатни камайтиришни спорт билан шуғулланмасликни, соя-салқин жойларда кўпроқ бўлишни тавсия қилишади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг