ҚУЗҒУНЛАРГА ЭРГАШСАНГ…

Қорақалпоғистон воқеалари тарих сабоқларидан хулоса чиқара олмаётганимизни кўрсатди.

Катта авлод Ўрта Осиё деб ўрганган, ҳозир кўпроқ Марказий Осиё деб аталадиган минтақамизда яна нотинчлик. Бутун бошли яна бир халқ алданди. Кўр-кўрона намойишга чиққан ёшлар билан тўқнашиш оқибатида оддий фуқаролар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тўқнашдилар. Қурбонлар бор…

Ўзбекистон Бош прокуратураси берган маълумотга кўра, июль ойининг биринчи кунларида Қорақалпоғистонда юз берган тартибсизликлар чоғида 243 киши тан жароҳати олиб, 18 одам нобуд бўлган. Улар орасида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам бор.

Ҳодиса кутилмаганда содир бўлди. 1 июль куни Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга қарши бошланган намойиш оммавий тартибсизликларга айланиб кетди. “Жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги талабларга қулоқ солмасдан… биноларнинг ойналари синдирилиб, ёнғинлар содир этилган. Бир нечта гуруҳ қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринган. Сон жиҳатидан устунликдан фойдаланиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилган, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлари етказган…”, дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликларнинг стихияли тарзда эмас, уюшган, белгиланган тартибда амалга оширилганига далиллар етарли. Жумладан, бу ҳаракатларнинг раҳнамоси ҳам бўлган. Бу ролни “Ел хызметинде” газетаси муҳаррири ва блогер Даулетмурат Тажимуратов ўзига олган. Ёки унга бу ишни кимлардир топширган.

Тажимуратов ўзининг “Маkаn.uz” номли телеграм канали орқали видеомурожаат йўллаб, фуқароларни “Қорақалпоғистон Республикасининг озодлигини сўраб” Жўқорғи Кенгес биноси олдида митинг ўтказишга даъват қилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари уни қонунга хилоф равишда митинг уюштиришга даъват қилгани учун 1 июль куни қўлга олишган. Бу тутай бошлаган оловга мой сепгандай бўлган. Бу ҳибсга олишнинг қанчалик мақсадга мувофиқ бўлганига ҳам тегишли органлар ўз баҳосини берсалар керак.

Синовлардан ўтган сценарий

Қўшни давлатларда бўлиб ўтган шундай воқеалардан кўрса бўладики, бундай тартибсизликлар маълум тартибда бошланиб, мамлакатдаги барқарорликни издан чиқаришга, ҳатто давлат тўнтаришини амалга оширишга қаратилган бўлади. Мисол учун айтадиган бўлсак, Қирғизистон ўз мустақиллиги даврида уч бора давлат тўнтаришини бошдан ўтказди.

Улардан бири 2010 йилнинг ёзида миллатлараро можаро деб номланган қирғинбарот билан якунланди. Аслида бу турли, шу жумладан ташқи сиёсий кучлар ўртасидаги уруш бўлиб, оддий халқ уларнинг қурбони бўлди холос. Уларни таҳлил қилиб айтиш мумкинки, ҳар сафар тартибсизликлар ва уларнинг узвий қисми бўлган хунрезликлар маълум бир сценарий асосида амалга оширилган.

Аввали бир неча ой (балки йиллар) давомида аҳолининг маълум қисми, ҳали ғўр, лекин қизиққон ёшлар орасида норозиликка сабаб бўлғучи бирор ғоя уруғи ташланади. Уларнинг ҳаётий муаммоларига ана шу масала (сиёсий тузум, бошқа бир миллат, ёки дин вакиллари) сабаб бўлаётгани, у бартараф бўлсагина одамлар яйраб яшаб қоладилар, деган аҳмоқона фикр сингдириб борилади.

Махсус ташвиқотчи гуруҳлар тайёрланиб, фаол ишлашлари учун уларга “моддий кўмак” кўрсатиб турилади. “Моддий кўмак учун” маблағни кўп ҳолларда мамлакат ташқарисидаги “хайрихоҳ дўстлар” сахийлик билан узатишади. Ўша пул эвазига ҳужумкор гуруҳлар ҳам тузилиб, улар давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қарши ташланади. Оломон қўлга қурол киритгач, давлат идоралари, аэропорт ва телеканалларни босиб олишга йўналтирилади.

Қорақалпоғистондаги воқеаларда ҳам айнан шу белгиларни кўрса бўлади.

Хуллас, Тажимуратов ҳибсга олингач, бир гуруҳ шахслар уни озод этишни талаб қилиб, Нукус шаҳри милиция бўлими, кейин эса Марказий деҳқон бозори олдида тартибсизликлар уюштиришган. Маҳбус бўшатилганига қарамай, оммавий тартибсизликлар давом этган, Қорақалпоғистонда ҳокимиятни эгаллашга очиқдан-очиқ даъват янграган.

Яқин туманлардан юзлаб шахс пойтахтга йўл олиб, пойтахтга кираверишдаги блокпостда 50 нафар Миллий гвардия ходимининг махсус воситаларини (рация, резина таёқ, каска, шовқинли граната, қалқон) тортиб олишган. Нукус халқаро аэропортига, қамоққа олинган шахслар сақланувчи Реабилитация марказига ва шаҳар ИИБ биносига ҳужум қилишган. Оломон ўз йўлида учраган автомашина ва турли объектларга ўт қўйган.

Меҳр бор, куч-қудрат ҳам етарли…

Мана шундай жиддий вазиятда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга икки марта бориб, вазиятни шахсан ўрганган ҳолда аниқ ва тезкор қарорлар қабул қилди. Қорақалпоғистон ҳудудида бир ойлик муддатга фавқулодда вазият жорий этилиб, комендантлик соати киритилди. Натижада жиддий аланга олиб кетиши мумкин бўлган хавф бартараф қилинди.

Юз берган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, махсус тезкор тергов гуруҳи барча зарур тадбирларни амалга оширишга киришди. Бир вақтнинг ўзида аҳоли орасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Тартибсизликларнинг яна бир муҳим таркибий қисми – воқеалар ҳақида “қонга бўялган”, бири-биридан даҳшатли ёлғонлар тарқатишдан иборат. Айнан мана шундай уйдирмаларни тарқатиш 2010 йилнинг июнида Қирғизистон жанубида миллий можаронинг яна катта куч билан, янада кенгроқ ҳудудда аланга олиб кетишига сабаб бўлган. Бунинг олдини олиш учун Қорақалпоғистонда телефон ва интернет алоқаси бутунлай узиб қўйилди.

Президент Мирзиёевнинг оддий халқ вакиллари билан учрашуви чоғида маҳаллий оқсоқоллар бу кўнгилсиз воқеаларда баъзи ёшларнинг адашгани ва ташқи ғаразли кучлар таъсирига тушиб, ҳис-ҳаяжонга берилганини афсус билан айтишди.

“Болаларимизни йиғиб, юриш-туришини назорат қиламиз. Халқни сийлаяпсиз, бунинг учун сизга раҳмат. Мана, келяпсиз, ўша моддалар ўзгармаслигини айтдингиз. Халқ қарши эмас, ҳаммасини тушуниб турибмиз», деди давлат раҳбари билан суҳбатда фуқаролардан бири.

Шавкат Мирзиёев бу учрашувлар чоғида Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар албатта давом эттирилишини маълум қилди. Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан учрашув чоғида айтган сўзлари билан йиғилганларнинг қалб торларини чертиб ўтди.

«Мен ҳар сафар ғурур билан айтаман, мен – ҳам Ўзбекистон, ҳам Қорақалпоғистон фарзандиман деб. Юрагимдан айтаман буни доим. Ҳаётимни қўйганман бу масалага. Бир сўм топсам, 60 тийинини олдин Қорақалпоғистонга беряпман. …Бу қадрдон ватанимизни, шунча қилган меҳнатимизни ўзимиз сақламасак, бошқа ҳеч ким сақлаб бермайди. …Мени бугун Қорақалпоғистонга кўнглим олиб келди, меҳрим олиб келди, юрагим олиб келди…”, деди президент.

Сепаратизмга, оммавий тартибсизликларга даъват этувчи ҳар қандай ҳаракатларга қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилишини эслатар экан, давлат раҳбари “қандай оғир бўлмасин, қонун устуворлигини, жазо муқаррарлигини таъминлашини” айтди. “Шуни ҳамма билиши керак. Менга тинчлик керак. Бир нарсани билинглар – давлатнинг кучиям бор, қудратиям бор, имкониятиям бор», деди президент.

Хўш, ташқи ёки учинчи кучлар ким?

Сўнгги йилларда минтақамиз давлатларида турли тартибсизликлар бўлиб, тўқнашувларда қурбонлар берилмоқда. Уларнинг энг “янги”ларидан бири сифатида қўшни Қозоғистонда шу йилнинг январида юз берган воқеаларни эслаш мумкин.

Ўшанда воқеа шу қадар жиддий тус олдики, президент Қасим-Жоомарт Тоқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Тартиб ўрнатиш ва стратегик объектларни ҳимоя қилишда қардош қозоқ элига қўшни Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳам ёрдам беришди.

Сўнгги йилларда минтақа давлатлари ҳудудида юз берган турли низоларнинг барчасида ташқи, ёки учинчи кучларнинг қўли борлиги эътироф этилмоқда. Хўш, улар кимлар? Уларнинг мақсади нима, нега юртларимиздаги осойишталик уларга тинчлик бермайди?

Охирги 5-6 йилдан бери чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётган, инсон қадр-қиммати давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, кенг кўламли ислоҳотлар, аниқ лойиҳалар амалга оширилаётган Ўзбекистондаги осойишталикка ғулу солиш кимга керак бўлиб қолди?

Афсуски, бу ҳақдаги таҳлил ва тахминларимизни, мантиқий далилларимизни ошкора ўртага ташлай олмаймиз. Чунки шахсий фикр сифатида ёзилган беғараз мақоладан ҳам ўша қора ниятли кучлар ўзларининг ифлос, ғаразли мақсадларида фойдаланишлари мумкин. Халқаро сиёсатдан озгина хабари бўлган одам уларни кўриб-билиб турибди.

Бу давлатлар ва уларнинг раҳбарлари ўзларини дунёни бошқаришга, жаҳон халқлари тақдирини ҳал қилишга мутлоқ ҳақли деб билишади. Улар ўз мақсадлари йўлида ҳар қандай жирканч ва мудҳиш қадамларга боришга тайёр.

Шукрки, минтақанинг икки йирик давлати – Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз халқлари манфаати йўлида мустақил ички ва ташқи сиёсат олиб боришга астойдил бел боғлагани ва бунга қудрати ҳам етишини ошкора намойиш қилишди. Айнан шу нарса ҳам юқорида айтилган зўравон давлат ва сиёсатчиларга ёқмаяпти.

Мустақиллик – улуғ неъмат. Уни сақлаш ва мустаҳкамлаш бутун минтақа давлатлари каби ҳар бир мустақил давлат ичидаги сиёсий кучлар ва турли миллатлар ўртасида ҳам бирдамликни, ишончли ҳамкорликни талаб қилади.

“Бўлинганни бўри ейди”, деб халқларимиз бежиз айтмаган.

Норозилик учун жиддий сабаб бормиди?

Бу саволга жавоб бериш учун Қорақалпоғистон Республикаси ҳақида қисқа маълумот бериб ўтиш ўринли. Қорақалпоғистон Ўзбекистон Республикаси таркибига киради, ўз конституцияси ва бошқа давлат рамзларига (герб, байроқ, мадҳия) эга. Аҳолисининг сони 1,8 миллиондан ортиқроқ бўлиб, Ўзбекистон аҳолисининг тахминан 3 фоизга яқинини ташкил қилсада, Ўзбекистон ҳудудининг 37 фоизидан кўпроғини эгаллаб туради.

Уч томондан Қорақум, Қизилқум ва Устюрт платосининг бепоён қумликлари билан ўралган. Орол денгизининг қуриб бориши туфайли ХХ асрга келиб бу ҳудуд экологик ҳалокат ёқасига келиб қолди. Денгиз ўз қирғоқларидан 100 километрча чекиниб, бир пайтлар катта даромад келтирган балиқчилик соҳаси таназзулга юз тутди. Денгиз ўрнида қолган миллионлаб тонна туз кучли шамол пайтида осмонга кўтарилиб, бутун республика ҳудудига тарқалади.

Совет даврида республика ҳудудида химиявий қуролларни синовчи ҳарбий полигон бўлгани очиқ манбаларда айтилади. Полигонда химиявий-синов полки ва химиявий қуролдан сақланиш воситаларини ишлаб чиқариш марказида ҳарбийлар хизмат ўташган. Бундан ташқари, у ерда биохимия полигони ҳам бўлган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, уларнинг ҳаммаси ёпилиб, Россия қўшинлари у ердан чиқариб юборилган.

Республиканинг аҳволи қанчалик аянчли эканини тасаввур қилиш учун унинг ҳудудининг 80 фоиздан кўпроғи қумликлардан иборат экани, аҳолининг тенг ярми қишлоқ хўжалиги билан машғул экани, экологик ҳалокат туфайли ернинг ҳосилдорлиги тобора тушиб бораётганини айтиш кифоя.

Бир томондан олганда, бу ҳолат аҳолининг ҳақли равишда норози бўлишига сабаб бўла олади. Иккинчи томондан эса, бу муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Орол ва Қорақалпоғистон фожиаси – собиқ Совет Иттифоқи олиб борган сиёсатнинг маҳсули. Хўш, айро яшаш билан мана шундай бир шундай бир этак, бутун ҳудуд танасини зимдан емириб бораётган, қарийб бир аср мобайнида шаклланган муаммоларни ҳал қилиш мумкинми? Ахир глобал муаммолар инсониятни тобора исканжага олиб келаётган шароитда, аксинча, барча илғор давлатлар ўзаро бирикиш йўлини танлашяпти-ку?

Балки, бунгача ҳудуд муаммоларига етарли даражада эътибор берилмай келгандир? Эҳтимол. Лекин рақамларга мурожаат қилсак, охирги йилларда бу борада катта ўзгаришлар юз бераётганини кўриш мумкин. Масалан, охирги беш йилда Қорақалпоғистон бюджетига Ўзбекистон Республикаси бюджетидан қарийб 11 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Биргина 2020 йилда Қорақалпоғистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи даромад 3 баробарга ошган.

Сўнгги беш йилда қурилиш ишлари ҳажми 3,5 баробар ўсган. Ўнлаб янги заводлар, замонавий агрокластерлар, қўшма корхоналар ишга туширилган. Кўплаб бола боғчалари, мактаблар, институтлар, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт масканлари барпо этилган. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича кескин чоралар кўриляпти, болаларни мактабгача таълимга жалб қилиш даражаси 2017 йилдаги 32 фоиздан 75 фоизга етган.

Денгизнинг қуриган қисмида 1 миллион 733 минг гектар майдонда яшил ҳудуд барпо этилиб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилмоқда. Хуллас, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш илк бора давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Ниҳоят, Ўзбекистондан ажралиб чиқсак, итялоғимиз олтин бўлади деб, нафақат тажрибасиз ёшларни, балки ўзларини ҳам алдаётган “сиёсатчилар” бир нарсани унутмасликлари керак. Бугун Қорақалпоғистон аҳолисининг 32 фоизини қорақалпоқлар ташкил қилса, бу ердаги қозоқлар ҳам сон жиҳатидан улардан кам эмас. Ўзбеклар сони эса 37 фоиз атрофида. Улар билан ёнма-ён рус, украин, корейс, татар каби бошқа миллатлар вакиллари ҳам яшайди. Уларнинг ҳар бири қайси мамлакатда, ким билан яшашни ҳал қилишга ҳақли.

Қолаверса, айирмачилик ҳаракатининг нима билан тугашини, бу кўр-кўрона сиёсатнинг оддий халқ бошига қанчалар оғир кулфатлар солишини Украина ва бошқа давлатлар мисолида кўриб турибмиз. Бу масалада Қозоғистон президенти Қасим-Жоомарт Тоқаев жуда яхши айтди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти уставидаги халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ҳақидаги қоида бугунги кун талабига тўла жавоб бермаслигини эътироф этар экан, Тоқаев Украина ҳудудидан ажралиб чиққан ва Россия қўллаб-қувватлаётган Луганск, Донецк каби сохта давлатларни Қозоғистон тан олмаслигини маълум қилди. “Чунки истаган халқларга мустақиллик бераверсак, унда ер юзида бугунги БМТга аъзо бўлган 195 давлат ўрнида, 500-600 давлат пайдо бўлиши мумкин”, деди у.

Ахир бу ҳолатда бутун сайёрамиз қуролли низолар алангасида қолиб кетиши ойдай равшан-ку!

Тушуниш ва қўлловга муносиб сиёсат

Айрим чаласавод “сиёсатшунослар” Қорақалпоғистон воқеаларида “Қозоғистоннинг қўли борлиги” ҳақида ҳам айтиб улгуришди. Лекин Қозоғистон раҳбариятининг бу воқеалар хусусида берган расмий баёноти икки қўшни давлат, икки қардош халқ орасига нифоқ солиш илинжида бўлган “эксперт”ларнинг гаплари асоссиз эканини кўрсатди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг қардош қўшниси, ишончли иттифоқчиси ва стратегик ҳамкори эканини эътироф этиб, Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича қарорларини олқишлаши ва қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Бундан ташқари, олис ва яқин минтақалардаги Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Афғонистон, Эрон ва Россия каби давлатлар раҳбарлари ҳам ўша хавотирли кунларда Ўзбекистон раҳбарияти тутган йўлни қўллаб-қувватлашларини билдиришди. Маълум вақт сукут сақлагач, АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи давлатлари ҳам Қорақалпоғистонда вазиятни барқарорлаштириш бўйича чор-тадбирларни қўллаб-қувватлашлари ҳақида баёнот бердилар.

Шу билан бир қаторда БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари Ўзбекистонни Қорақалпоғистондаги воқеаларни холисона ўрганиб, одамлар ўлими билан боғлиқ ҳолатларни беғараз тергов қилишни талаб қилишди.

Мақолани якунлар эканман, кўп йиллар аввал Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилигининг катта йиғилишларидан бирида бир акамиз айтган гаплар хотиримга келди. Миллат ташвишини четга суриб қўйиб, ўз манфаатлари йўлида ҳокимиятга ялтоқланиб ўрганган “миллат жокуярлари”га мурожат қилар экан, у: “йўлбошчинг қузғун бўлса, борар жойинг мозор бўлади”, деган эди.

Бугун йиртқич ва очкўз қузғунлар енгил ўлжа қидириб, ер курраси узра фаолроқ айлана бошлашди. Улар доимгидай турли минтақаларда уруш оловини ёқиб, халқлар бошига ёғилажак кулфатлар эвазига ўз бойлигини кўпайтиришни, ўз давлатларининг жаҳон миқёсидаги мавқеини мустаҳкамлаб олишни ихтиёр қилишмоқда. Ўзини меҳрибон дўстдек кўрсатиб, очкўзлик билан ифлос қўлларини давлатларимиз чўнтагига солишга уринишмоқда.

Тарих гувоҳлик берадики, бу давлатлар бизнинг минтақамизга ҳамиша кўз олайтириб келишган. Халқларимизнинг минг йиллик тарихи ва асрлар давомида шаклланган ноёб маданиятини йўқ қилиб, бизни ўзларининг югурдагига, хизматкорига айлантиришни орзу қилишади.

Бизга паст назар билан қараб, ўз манфаати учун юртларимизни вайрон қилишга тайёр турган ўша қузғунлар ноғорасига ўйнаб, ўз халқининг бошини кундага қўйишга тайёр турган маҳаллий қузғунчаларга эргашиш – ўз миллатини, бутун халқини қўшмозор қилишга интилиш билан баробардир.

Минтақа давлатлари ва уларда истиқомат қилаётган кўп миллатли халқларнинг бирдамлиги, ўзаро биродарлиги бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Давлатларимиз раҳбарларининг буни юракдан ҳис қилаётганини кўриш нақадар яхши. Ачинарлиси шуки, яқин тарихда бўлиб ўтган фожиаларга қарамай, улардан зарур хулосалар чиқариб олиш ўрнига ҳамон айирмачилик сиёсатини афзал кўраётган сиёсатчилар ҳам орамизда йўқ эмас. Уларга айтар сўзимиз шуки, ҳамон алданишга мойил эканини намойиш этаётган тарафдорларингиз билан имкон борида этагингизни ёпинг.

…Кўр ҳассасини бир марта йўқотади.

Бобур Мирзоев, “Оқбура” учун.

Расм интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг