Қиморхоналар очилади. Депутатлар казинога рухсат берувчи қонунни ёқлашди

Шундай қилиб кўп йиллик қизғин тортишувларда қиморхона тарафдорлари енгишди.

Қирғизистон парламентида катта тортишувларга сабаб бўлиб келган қонун лойиҳаси 22 июнь куни бир гуруҳ депутатлар овоз беришдан бош тортгач, ўтмай қолди. Уни 4 марта овозга қўйишга тўғри келди, лекин натижа ўзгармади – 90 депутатдан 59 депутат қонун лойиҳасини қўлласа, 9 нафари қарши овоз берди. Қолган халқ вакиллари турли сабаблар билан овоз беришда иштирок этишмади. Беш депутат мажлисда иштирок этди, лекин қонун лойиҳасини блоклаш мақсадида овоз беришдан бош тортишди.

Танаффусдан сўнг масала қайтадан овозга қўйилиб, яна ўша овозлар қайд қилинди. Лекин парламент раиси Талант Мамитов Конституцияга биноан қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан қабул қилинишини рўкач қилиб, лойиҳани қабул қилинганини эълон қилди.  

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда казинолар кенг жамотчиликнинг талаби билан, мамлакатда ўтказилган қатор норозилик намойишларидан кейин 2012 йили ёпилган эди. Сабаби, ўшанда кўплаб эркаклар казинода пулларини ютқазиб қўйиб, қарзга ботиши туфайли юзлаб оилалар қашшоқликка маҳкум бўлиб, ажрашишларга сабаб бўлаётган эди. Айрим ҳолларда иш ютқизган аҳмоқнинг ўз жонига суиқасд қилиши билан ниҳоя топган. Камига казиноларга ёшлар ва ҳатто болалар ҳам тортила бошлаган эди.

Лекин енгил ва мўмай пул тарафдорлари 2015 йилдан бери казиноларни очиш ҳақидаги масалани қайта кўтара бошлашди. Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаровнинг шу йилнинг март ойида айтган гапларидан маълум бўлдики, казиноларни қайта очиш ташаббуси вазирлар маҳкамасига тегишли. Президент эса уни қўллайди.

Давлат раҳбарларининг бу позицияси бюджетдаги тақчиллик билан тушунтирилади. Давлатнинг ташқи қарзи 5 млрд. доллардан ошган, мамлакат аҳолисининг 35 фоиздан кўпроғи қашшоқлик даражасида яшайди, камига президент ва ҳукумат жуда қиммат турадиган бир қатор лойиҳаларга қўл уриб, тез орада мамлакатни иқтисодий инқироздан олиб чиқишни ваъда қилмоқдалар. Буларнинг ҳаммасига пул керак.

Қонун тарафдорлари казинолар давлат ғазнасига йилига 2 млрд. сўмгача даромад келтириши мумкинлигини айтишмоқда. Бу хомчўтлар ўзини қанчалик оқлаши ҳали ноъмалум, чунки ёпилгунга қадар казинолардан бўлган 300-400 миллион сўм солиқ тушиб турган холос. Лекин бу пулни топиш ортидаги маънавий йўқотишнинг кўлами кенг кўламли бўлиши аниқ.

Қонунга қарши турган депутатларнинг айтишича, агар казинолар очилса, назорат бўлмай қолади, Қирғизистон фуқаролари яна қиморбозликка берилиб кетади. Вазирлар маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаров ва бошқаларнинг ишонтиришича, агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, казинога фақат чет элликлар киради, Қирғизистон фуқаролари уларга киритилмайди.

Муҳокама пайтида масалага диний нуқтаи-назардан баҳо берила бошлагач, “Иймон нури” партияси раҳбари, депутат Нуржигит Қадирбеков, казино муаммосига эътиқод масаласини аралаштирмасликни ўтинди.

«Мамлакатимиз дунёвий давлатми, келинглар Қуръон ва Исломга тил тегизмайлик. Статистикага қараб кўрайлик, – деди у. –  Статистикага кўра, одатда казинода 100 000 кишидан биттаси ютар экан, холос. Қимор ўйнаганларнинг учдан бири – аёллар. Қимор ўйнаганлар одатда лудомания (қиморга, ўйинга тобе бўлиб қолишлик. – таҳр.) касаллигига чалинган. Уларнинг 30 фоизи оиласи билан ажрашса, 80 фоизга яқини ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлайди. 60 фоизга яқини эса эплаб пул топиш учун бошқа жиноятларга қўл уришади».

Депутатнинг қариндошларингиздан бирортаси казинода ўйнашини ва банкрот бўлишини хоҳлайсизми, деган саволига Ақилбек Жапаров: «Вазирлар маҳкамаси аъзолари ҳам, мамлакат раҳбарияти ҳам Қирғизистон  фуқароларининг казинода ўйнашини истамайди. Агар сиз болаларга тўғри тарбия бермасангиз, улар ҳатто Лондонга бориб қимор ўйнаши мумкин. Улар бошқа жойларда ўйнаб, банкрот бўлишади. Ҳеч ким ўз яқинларига ёмонлик тиламайди”, деб жавоб берди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Қамчибек Ташиев айрим депутатларнинг  казинолар ҳақидаги қонун лойиҳасини дин билан боғламасликка чақирди.

“Биз ҳам намоз ўқиймиз. Шунингдек мен дин ортига яширинган одамларнинг нималар билан шуғулланиб юрганини ҳам биламан. Валюта алмаштириш пунктлари очиб, неча фоиз билан қарз бераётганларингни ҳам биламан… Авваллари суткалаб казинодан чиқмаган, энди эса дин ортига яширинаётганлар ҳам бор”, – деди Ташиев.

Психологлар қимор ҳам гиёҳванд моддалар каби одамни ўз домига тортиб кетиши, қиморга бир ружу қўйган одам унинг чангалидан чиқа олмай қолиши, бор-йўғини сотиб, ютқазиб бўлган бўлса ҳам қимордан воз кеча олмай қолишини айтиб, бонг уриб келишади. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса, ўз мулки, ҳатто уйларини қиморга ютқазиб, аёли ёш болалари билан кўчада қолган ҳолларни ошкор қилишган. Ҳатто ўз аёлини қиморга тикиб, ютқазиб қўйган ҳолатлар ҳам бўлгани айтилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан ўн йил аввал Қирғизистонда бир қатор норозилик намойишлари туфайли қимор ўйинлари тақиқланган эди. 2015-йилда тотализатор билан букмекерлар ўз фаолиятини тўхтатган. Бироқ, қиморхонлар яширин фаолият юритаётгани ҳақида шу кунгача жуда кўп маълумотлар айтилиб келади.

Хуллас, кўр хассасини қайта-қайта йўқотиши ҳам мумкин экан.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг