Қирғизистон-Ўзбекистон: Туризм тармоғи ривожланишига замин яратилмоқда

Коронавирус пандемиясининг чекиниши билан минтақада борди-келдилар жонлана бошлади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзининг Фейсбукдаги саҳифаси орқали қирғизистонликларга мурожаат қилиб, уларни ҳар бир сайёҳга меҳмондўстлик ва юқори маданият намунасини кўрсатишга чақирди. Бу масала мамлакатда ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Давлат раҳбари республикада туристлик мавсуми бошланганини ва энди Қирғизистоннинг барча ҳудудларига сайёҳлар оқими кўпайишини таъкидлади. Жапаров турли хил тахминларга таяниб, 2022-йили туристлар «оқими айниқса юқори бўлиши» кутилаётганини қўшимча қилди.

«Туризм давлат ғазнасини тўлдиришнинг муҳим манбаи бўлади. Бу нафақат мамлакатга, балки сайёҳларга хизмат кўрсатиб, турли хил тармоқда фаолият юритаётган ватандошларимиз учун ҳам моддий фойда олиб келиши, айтмаса ҳам тушунарли», — деди Жапаров.

Президент «туристларнинг ҳар бири ўз юртига қайтганда Қирғизистоннинг ижобий жиҳатларини айтадими-йўқми», бу қирғизистонликларнинг уларга қилган муносабатига боғлиқ эканини таъкидлади. Унинг айтишича, агар сайёҳлар яхши таассуротлар билан кетишса, унда улар келаси йилларда ҳам Қирғизистонга албатта келишади.

Жаҳон тажрибаси кўрсатиб турганидай, яхши муносабат ва юқори даражадаги хизмат кўрсатиш бепул реклама вазифасини ўтайди. Яъни, ҳар бир сайёҳ уйига қайтгач, ўзи борган давлат ҳақида ижобий фикрларини айтиб, бошқаларни ҳам бу мамлакатга бориб келишга ундайди.

Меҳмонлар учун дарвозалар очилмоқда

Коронавирус туфайли чегара постларида қўйилган ПЗР тестини топшириш талабини Қирғизистон 1 апрелдан, Ўзбекистон эса 10 июндан бекор қилди. Натижада ҳар икки давлатга келаётган сайёҳлар сони кўпайди.

Ушбу йилнинг 14-июнига кўра, қирғиз-ўзбек чегарасида ўнга яқин постлар ишламоқда. Улар – Жалолобод вилоятидаги “Маданият” ва “Баймақ”, Ўш вилоятидаги “Достук”, Боткен вилоятидаги “Қизилқия”, “Қадамжой”, “Қайтмас”, “Оққия”, “Ўтикчи” ҳамда “Чечме” автойўлга эга бўлган чегара постларидир.  

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадаги икки томонлама чекловларни олганидан кейин “Достук” чегара пунктида ҳар куни 15 мингдан 17 мингача пиёдалар кириб чиқиб турибди. Икки томонлама чекловлар олингунга қадар, яъни жорий йилнинг апрелида бу бекатдан 323 мингдан ортиқ одам ўтса, май ойида 465 мингдан ортиқ фуқаролар ўтган эди холос. Тўғри, фуқароларга бир қатор енгилликлар берилиши чегарадан ўтиш учун навбат кутганлар сонининг кўпайишига олиб келди.

“Достук” чегара назорати бекати бошлиғи Нурлан Аттоқуровнинг таъкидлашича, чегарадаги узун навбатларнинг сабабларидан бири – икки тарафлама чекловларнинг олингани бўлса, яна бир боиси – сайёҳлик мавсумининг очилиши. Бундан ташқари бу постдан ҳар куни 200дан ортиқ оғир юк машиналари ҳам ўтиб туради.

“Очиғини айтиш керак, 10 июндан кейин бизда транспорт воситалари билан йўловчилар сони кўпайгани боис, улгурмай қолган одамлар “Қизилқия” постига боришмоқда. Ушбу “Достук” назорат-ўтказиш пунктининг кўп томонлама квалификацияси бўлгани учун, чет эл фуқаролари ҳам шу ердан ўта олишади”, – дейди Нурлан Аттоқуров.

“Достук” чегара назорати пости ўзбек-қирғиз чегарасидаги энг катта пост ҳисобланади.

“…Куннинг иссиғида очиқ ҳавода кўп навбат кутиб қоламиз. Иссиқдан тўсиб турувчи махсус шароитлар яратилса яхши бўларди”, – дейди “Достук” чегара бекатида навбатда турган, исмини ошкор қилмаган аёл.

Яна бир онахон: “Қирғизистондан ўтаётганда чегара ходимлари тез-тез ҳаракат қилишса, навбатимиз 20-30 дақиқада келиб, ўтишимиз осонлашади”, – дейди.

Асли Қирғизистон фуқароси, бироқ Ўзбекистонга келин бўлиб тушган Н. исмли яна бир аёл ҳар икки ойда бир Қирғизистонга кириб чиқишини айтиб, “Достук” бекати ходимларининг мулойим муносабатда бўлишини, навбатда ҳам кўп кутмаслигини таъкидлади.

“Баъзан навбат кутганлар сони оз, баъзан кўп бўлади”, – дейди у.

Бироқ бугунги кунда ушбу ўтказма пунктида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани боис, автомобиллар ўтадиган бир участка ёпилган. Айни пайтда назорат пунктида йигирма иккита паспорт кабинаси фаолият юритмоқда.

Қирғизистон Чегара хизматининг Ўш вилояти бўйича бошқармаси бошлиғининг чегара назоратини уюштириш бўйича ўринбосари Марат Исмаиловнинг сўзларига кўра, ҳар бир паспорт назоратидан ўтиш жойида видеокамералар ўрнатилган.

Бундан ташқари аҳолига хизмат кўрсатаётган ҳар бир чегара ходимининг исми-шарифи ёзилиб, кўкрагига тақиб қўйилган. Шу билан бирга юқори раҳбариятнинг, ҳарбий прокуратура ҳамда яна бошқа органларнинг ишонч телефонлари куну-тун ишлайди. Шикоят қилмоқчи бўлган ҳар бир фуқаро уларга мурожаат қилиши мумкин. Афсуски, одамлар турли сабабларга кўра тегишли жойга арзланишга журъат этмайдилар. Оқибатда пост хизмати хусусида турли норозиликлар бўлиб туради. Яқинда бу ерда бир гуруҳ ҳарбий ходимларнинг қўлга олиниши ўша норозиликлар асоссиз эмаслигига далил.

Қирғизистонга фақат Ўзбекистоннинг ўзидан бу йил тахминан 200 мингга яқин сайёҳни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Шунга кўра, жорий йилнинг апрель ойида Ўш шаҳар мэрияси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Икки мамлакат делегацияси учрашув ўтказиб, туризмни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Андижон вилоятида бўлиб ўтган учрашувда икки томон бирлашиб, еттита сайёҳлик компанияси орқали ҳамкорлик қилиш борасида шартнома тузишган.

Қирғизистон Туризм ассоциациясининг жанубий ҳудуд бўйича раҳбари Абдулқадир Алиевнинг маълумотига кўра, учрашув жараёнида Ўшдан борган сайёҳлик компанияларининг вакиллари туристлар учун яратилган шароитлар ҳақида тақдимотлар қилишди. Туркомпания раҳбарлари шароитларни кенгайтириш, дам олувчилар учун учиш йўналишларини очиш таклифларини билдиришди.

“[Чет эллардан] Бишкекка келиб, Бишкекдан Ўшга, жанубий Қирғизистонни айланиб, кейин Ўзбекистонга ўтиб, Тошкент орқали юртига учиб кетиш. Ёки аксинча, меҳмонларнинг Тошкентга келиб, ундан Қирғизистонга ўтиб, шу ердан учиб кетиши борасида музокаралар олиб борилди”, – деди Абдулқадир Алиев.

Ўзбекистондаги “MJ-Тур” компаниясининг раҳбари Муроджон Мурзаев ўзбекистонлик сайёҳлик компаниялари туристларни жалб қилишда дуч келаётган бир қатор муаммоларга тўхталди. Масалан, Ўзбекистондан Ўш шаҳрига киришдаги чегарадаги айрим камчиликлар, туристларга қилинаётган муомала уларни ташвишга қўяётганини яширишмади. Улар Ўш шаҳар маъмуриятидан мана шу масалаларни ҳал қилиб беришини илтимос қилишди.

“Ўшга боришни, Олай тоғларига, Иссиқкўл, Арслонбобга боришни хоҳловчилар бизда жуда кўп. Сўнгги беш йил ичида икки мамлакатнинг бир-бири билан борди-келдилари жонланиб қолди. Масалан, мен ўзим ҳам бир ҳафтада икки марта Ўш шаҳрига кириб чиқаман. Сайёҳлик компаниялари Ўшга туристларни олиб киришлари учун чегарада муаммолар пайдо бўлади. Буни олдини олиш учун Қирғизистон туристлар учун “яшил йўлак” қуриб берса, борадиганлар сони яна ҳам кўпаяр эди”, – деган фикрларни билдирган Муроджон Мурзаев.

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Азизбек Мақсумовнинг таъкидлашича, агар “Достук” чегара постида сайёҳлар учун “яшил йўлак” қурилса, Ўш шаҳрига келадиган сайёҳлар сони таҳмин қилинаётганидан ҳам ортиши мумкин. Бу борада учрашув ўтказиб, икки давлат сайёҳлик компаниялари тенг маълумот бергани фойдали бўлди. Чунки шароит ва зарур маълумотлар бўлмаса, ўзбекистондан туристларни юбориш қийин бўлади.

“Уч-тўрт ойдан кейин бутун жаҳон туризм усули орқали чегарадан ўтаётган сайёҳларнинг неча фоизи дам олиш учун ўтаётгани тўғрисида сўровнома олиб борилади. Шундан сўнг, жорий йилда Ўш шаҳрига қанча турист кириши аниқ бўлади”, – деди Азизбек Мақсумов.

Ўш шаҳрининг биринчи вице-мэри Марс Исаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томон билдирган бир қанча масалаларни ҳал қилиш учун барча ҳаракатлар кўрилади. Сайёҳлар учун “яшил йўлак” қуриш масаласи ҳам кўриб чиқилади.

“Андижон халқини биз Қирғизистонга таклиф қиламиз. Бунга тайёрмиз. Имкониятдан келиб чиқиб, яқин қўшниларни, Россиядан ҳам туристларни жалб қилмоқдамиз. Ҳар ойда мониторинг олиб боряпмиз. Туристлар сони ортиб бормоқда. Шунинг учун биз туристик муҳитни, шароитларни яхшилашимиз лозим. Бу эса, сайёҳлар сонининг, унинг ортидан иш ўринларининг кўпайиши, сармоялар кириб келишини таъминлайди. Бунга астойдил тайёргарлик кўришимиз керак”, – деди Марс Исаев.

Эслатиб ўтсак, бунгача Қирғизистоннинг Ўш шаҳри ҳамда Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ҳокимликлари ўзаро ҳамкорлик бўйича битимларни имзолашган эди.  

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг