Қирғизистон-Ўзбекистон: Маърифат сарчашмасига элтувчи сўқмоқ қайтадан очилди

Қирғизистонлик ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари Тошкентда малака ошириб қайтдилар.

“Ҳар икки давлатда ўзбек тили ва адабиёти дарсларини ўқитишнинг ўхшашлиги ва фарқини билиш ҳам таълим беришда муҳим омиллардан бири” – дейди семинар қатнашувчиси, Қорасув райондаги Чингиз Айтматов номидаги ўрта мактаб ўқитувчиси Сурайё Мирзараҳимова.

Шу йилнинг 17-18 июнида бир гуруҳ қирғизистонлик ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари Тошкентга, таълим методикасига оид семинарда қатнашиш учун бориб келдилар.

Семинар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси уюштирди.

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси, филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновга кўра, ўртада бир муддат узилиб қолган тажриба алмашиш имконини ҳар икки давлат ўқитувчиларига бирдек бериш борасида биринчи қадам қўйилди. Яъни, Тошкентга Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳри ва вилояти, Жалолобод, Боткен вилоятидан 30 нафардан ортиқ ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари таклиф этилди. Улар Ўзбекистондаги мутахассислар, тилшунос ва адабиётшунос олимлар томонидан тайёрланган маърузаларни тингладилар. Ўзаро тажриба алмашиб, ўз ишларидаги ўхшашлик ва тафовутларни солиштирдилар.

Келгусида ўзбекистонлик қирғиз тили ва адабиёти ўқитувчиларини Қирғизистонга жўнатиб, худди бугунги каби семинарларни уюштириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Совет Иттифоқи таназзулга юз тутгандан сўнг бир неча йил ўтиб, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий, маданий алоқалар сусайиб бориб, деярли тўхтаб қолган эди. Оқибатда Қирғизистондаги ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар учун ўқитувчи кадрларни тайёрлаш, мактабларни дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш каби муаммолар боши берк кўчага кириб қолган эди.

Ўзбекистонга илк бор малака ошириш учун келган Ўш шаҳри 46-ўрта мактаб ўқитувчиси Халмурзаева Муҳайёнинг айтишича, мазкур семинар, ажойиб дўстлик учрашуви унинг ҳаётида катта аҳамият касб этмоқда.

“Мен нафақат семинар, балки Тошкентга ҳам илк бор келдим. Қўшни давлат ўқитувчилари, бу ердаги ҳаёт тарзини кўриш тасаввурларимни ўзгартириб юборди. Таълим тизимида янгиликлар жуда фойдали бўлмоқда. Бир қарашда ҳаммаси бир хилдек, ўқувчи ва ўқитувчи муносабати холос. Иккинчи томондан эса, ўзбек тилини ўқитишда анчагина тафовут борлиги ҳайратимга сабаб бўлди. Устоз Бахтиёр Менглиев кўтарган тил ўқитишнинг мавжуд муаммолари қандай пайдо бўлиб қолган ва унинг ечимлари ҳақидаги фикрлари кўпчиликни бирдек ўйга толдирди. Яъни, ўзбек тилини ўқитишда рус тили грамматикасига таяниб яратилган собиқ Совет Иттифоқи давридаги дарсликлар ҳануз таълим тизимида қўлланиб келаётганлигини шу бугун билдим. Келишиклар, сўз ясовчи қўшимчалар, қўшма гап, бир неча эргашган қўшма гаплар, сўз туркумлари тўғрисидаги аниқ фактлар билан исбот этилган мантиқий фикрларни қўллайман”, – дейди суҳбатдошимиз.

Ўш вилояти Таълим институтининг ўзбек тили ва адабиёти кабинети мудираси Зулфия Номанова дўстлик қўмитаси билан учрашувда янги таклиф киритди. Унинг фикрича, Қирғизистондаги Ўш Таълим институтида фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар доимий равишда Тошкентга келиб, шундай тажриба алмашиб, малака ошириб туришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки Бишкекдаги малака ошириш институтида ўзбек тили ва адабиёти фанидан курслар йўқ.

Қирғизистонда нашр этилган дарсликлар устида ҳам индивидуал ишлашни ҳар бир ўқитувчи ўзларига мақсад қилиб олишмоқда.

Боткен вилоятидан келган Бобомурод Раҳматуллаевнинг сўзига қараганда, Ўзбекистон лотин алифбосидан фойдаланишга ўтиб, мамлакат ташқарисидаги миллатдошларга ноқулайликларни яратиб қўйди. Нафақат дарсликлар, ҳатто бадиий адабиётлар билан таъминлаш ҳам мумкин эмас энди. Қирғизистонликлар лотин алифбосидаги китобларни ўқишга қийналади. Алоқа қилиш, танишиш бирмунча қийин.

Ўш шаҳридаги Солижон Шарипов номидаги 22-гимназия мактабининг ўқитувчиси Маҳфуза Мирбобоеванинг айтишича, семинар юқори савияда ўтди.

«Методика, ўзбек тили, ўзбек адабиёти фанларининг ҳақиқий усталари бизга маъруза ўқишди. Бахтиёр Менглиев, Қозоқбой Йўлдошев каби таниқли устозлардан дарс олиб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди», – дейди у.

Ўш шаҳридаги 39-мактаб ўқитувчиси М. Мирғоипова бундан 30 йил муқаддам ўзи таҳсил олган муқаддас даргоҳда қайта дарс олганидан қувончи чексизлигини билдирди.

Ушбу учрашувда Қирғизистон жанубидаги уч вилоятнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари яқиндан танишдилар. Ўттиз уч нафар иштирокчининг барчаси уйларига қайтгач, ўз мактабларида нафақат тилчилар, балки ўзбек тилида ўқитадиган барча фан ўқитувчилари учун ҳам махсус семинар-дарслар уюштириш ниятлари борлигини таъкидладилар.

Ташкилотчиларнинг айтишича, бундай учрашувлар давомли бўлишини, кейинги сафар келадиган янги гуруҳга бундан ҳам яхши семинарлар уюштиришларини айтиб, меҳмонларга совға сифатида китоблар берилди. Барча иштирокчилар уйларига махсус сертификатлар билан қайтдилар.

Барно Исақова, Оқбура, Тошкент-Ўш.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг