Саодат Шермуҳаммадбек қизи: Ҳақ юз йил ўтсада ўз ўрнини топади

Мухбиримиз “Кўршермат” лақаби билан танилган юртдошимизнинг Туркиядаги қизини зиёрат қилди.

Жорий йилнинг май ойида Туркияда ўтган Турк дунёсининг адабиёт ва санъатига бағишланган халқаро фестивалда иштирок этиш давомида Адана шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида, кичик бир хонадонида меҳмон бўлдик. Оддийгина, саришта хонадонда ўтган асрнинг 30-йиллари афсонаси, “Кўршермат” лақаби билан довруғ таратган, ҳамда “босмачи” номи билан ноҳақ тамғаланган фарғоналик ватанпарвар қўрбоши Шермуҳаммадбекнинг кенжа қизлари Саодат ая истиқомат қилади.

Ёши тўқсондан ошган онахон бизни ўтирган ҳолда, кўзида ёш билан кутиб олди, биз билан соф ўзбек тилида суҳбат қурди. Отаси ҳақида, мусофирликда ўтган ва ўтаётган кунлари ҳақида гапириб берди. Шермуҳаммадбек оилада тўртинчи фарзанд бўлган экан.

Саодатхон ая отасининг 1917 йилда Россияда “Оқ подшо” тахтидан ағдарилиб, большевиклар ҳокимиятга келгач, Ўрта Осиёда, жумладан Фарғона водийсида куч олган миллий-озодлик ҳаракатининг раҳнамоларидан бири бўлганини эслади. Қўрбоши Мадаминбек “қизиллар” билан музокаралардан кейин бу курашдан четлагач, Шермуҳаммадбек озодлик ҳаракатининг Олий қўмондони сифатида рус босқинчиларига қарши курашган.

Тенгсиз урушда босқинчиларнинг қўли баланд кела бошлагач, қўрбоши 1920 йилда ота юртини ташлаб, оиласи билан Афғонистон, сўнгра Покистонга қочиб ўтишга мажбур бўлади. Кейинроқ, 1955 йилда қўрбошининг оиласи ва айрим сафдошлари Туркиянинг ҳозирги Адана шаҳрида қўним топишган.

Уйдаги жиҳозлару, миллий саришталикдан Саодат аянинг ҳақиқий муслималарга хос, покиза умр кечиргани яққол кўриниб турар, уни тинглаб ўтириб, қалбларимизда миллий фахр туйғусини уйғонарди.

“Отам Шермуҳаммадбек аввал Афғонистонга ўтган, кейин Покистонга, сўнгра Туркияга келган. Бир неча ўн йиллар давомида Туркияда ҳокимият томонидан берилган ватан учун ер, таъминот учун ойлик пулларни олмаган. “Мен барибир Ватанимга қайтиб кетаман”, дерди. Бир сўзли, виқорли, лекин бизга меҳрибон эди. Отамнинг яна бир гапи бир умр хаёлимдан кетмади: “Душманлар кўп ва улар ҳамма жойда кўриниб туради, дўстларимиз ҳам балки бордир, фақат улар душманлар ортида кўринмайдилар”. Бу гапларни айтиб у хўрсиниб қўярди”.

Саодат аянинг оналари, ўзининг ёшлиги ҳақида сўраганимизда, ўйчан ҳолда ўтмишини эслади, ёшига монанд, шошилмасдан ҳикоя қилди.

“Онамга отам иккинчи турмуш. Онам отамга турмушга чиқмай туриб икки болалик бева бўлган. Онамнинг биринчи турмуш ўртоғини ўша замонлар кундоши заҳарлаб ўлдириб қўйган экан. Кейин беваликнинг қийин кунларини бошидан кечираётган пайтларда Шермуҳаммадбек бир неча йиллар давомида шунчаки савоб учун унга ва етим фарзандларига озиқ-овқат ва бошқа таъминотда ёрдам бериб юрган экан. Анча йиллардан сўнг турмуш қуришиб, мен дунёга келган эканман”.

Саодат ая сўзлари орасида озгина тин олиб, секин виқор билан яна давом этади.

“Отам бўйлари жуда баланд бўйли, камгап, қатъиятли, анчагина қаттиққўл, лекин ҳар доим адолатли инсон эди, адолат отам учун биринчи навбатда турарди. Отамнинг энг асосий шиори: “Туркистон – туркистонликлар учун!” эди…”

Биз ая билан анчагача суҳбатлашиб ўтириб, биз ҳақиқат бузиб кўрсатилган кинолардагина кўрган ўша алғов-далғовли йиллар тасвирини бир-бир кўз олдимиздан ўтказдик.

 

Маълумки, ўтган асрнинг 18-20 йилларида Туркистон мустақиллиги учун кураш олиб борилган истиқлолчилик ҳаракатида унинг ҳарбий йўлбошчилари – қўрбошилар жуда муҳим роль ўйнашган. Ана шундай қўрбошилардан бири Шермуҳаммадбек (1893-1970) ҳисобланади.

Шермуҳаммадбек архив ҳужжатлари ва совет адабиёти асарлари ва киноларда “Шермат қўрбоши” ёки “Кўршермат” лақаби билан машҳур бўлган. Чап кўзига ўқ тегиб, ўша кўзи ожизлиги сабаб шундай ном беришган. У 1893 йилда, ҳозирги Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги Гарбува (Гарбобо, Карбобо – азиз одамларнинг номлари) қишлоғида, беклар авлодидан бўлган Қўшоқбек ҳожи хонадонида туғилган. Қўшоқбек ҳожининг ота авлодлари Қўқон хонлари ҳузурида вазирлик, беклик қилишган бўлса, оналари Ойдин оғоча Қашғардан келин бўлиб тушган экан.

Ҳаёт мураккаб, лекин менга хон қизининг хонойим, бек ўғилларининг бекзодлар бўлиши ёқади. Қон гапирмайди эмас, генетикада ҳам ўз тасдиғини топган: инсон авлоди ўз аждодларининг табиати, характери хусусиятлари, ақлий қобилиятларини мерос қилиб олади.

Саодат ая 92 ёшда экан, лекин қувваи ҳофизаси, соф ўзбек тилидаги нутқи, истарали чеҳраси, кучли хотираси, одамни ўзига жалб қилиб, чурқ этмай, нафасимизни ютиб  эшитишга мажбур қиларди. Ҳозирги давримизда уч йил бошқа давлатда яшаса, дарров тилини унутадиган бизнинг авлодга Саодат аяни намуна қилиб кўрсатсак арзийди. Бир умр бошқа давлат, бошқа миллат ичида яшаб ўтсада, соф ўзбек тилида, гўзал бир тарзда сўзлаётган онахонни ўшликлар, “ўш шевасида гапиряпсиз”, десак, фарғоналиклар, “бизнинг шевада сўзлаяпти”, дейди, тошкентликлар эса, “бу тошкентча” дейишиб, талашиб кетдик.

Бу қутлуғ хонадонга кириб, дилимизда бир савол пайдо бўлди: Ўрта Осиёнинг, ҳаётимизнинг, динимизнинг Совет даврида ўтган 70 йили бошқа ўзанда оқиши мумкин эдими? Эҳтимол…

Саодат аянинг суҳбат сўнгида айтган сўзлари ёдимизда узоқ сақланса керак: “Отам умрининг охиригача Ватанга қайтишни орзу қилиб ўтди… [Боролмади…] Лекин ҳақиқат юз йил ўтсада бир кун ўз жойида қарор топар экан”.

Биз Саодат аяга узоқ умр тилаб хайрлашдик.

Маълумки, мустақиллик йилларигача бўлган даврда “босмачи” тамғаси билан ноҳақ қораланган миллатимиз, динимиз жонкуярлари, анчагача, илмий доираларда ўзининг ҳаққоний баҳоларини ола бошлаган эсада, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки 25 йилида ҳам расман оқланмаган эди.

Фақат Ўзбекистон президенти лавозимига Шавкат Мирзиёев сайлангач, у 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонлари меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга қўл қўйди. Бу ҳужжат асосида яна 115 нафар шахс оқланди.

Судда ҳимоячи Маъруф Алиевнинг, “улар ўз Ватанида яшаб туриб, қандай босмачи бўлсин, ахир босмачи четдан кириб келган бўлиши керак эмасми?” деган саволи ижобий жавоб олди.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Адана-Ўш.

Расмлар муаллифники

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг