Қирғизистон ўз ҳудудида ҳам Россиядан сўраб қурилиш қиладими?

Садир Жапаров Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўлини қуришга Путин рухсат берганини айтди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путин билан Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини бошлаш ҳақида гаплашганини ва масаланинг ижобий ҳал бўлганини маълум қилди. Жапаров бу ҳақда “Кабар” ахборот агентлигида бўлиб ўтган суҳбат чоғида айтди.

Жапаров Путин билан бу масала хусусида яқинда бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) саммити доирасида ярим соат давомида  суҳбатлашганини ошкор қилди. Унинг таъкидлашича, бунгача Қирғизистон раҳбарларининг бирортаси Россияни “бу лойиҳанинг биз учун сув ва ҳаводай зарурлигини тушунтириб бера олмаган эди.

“…Охир-оқибат, [Путин] бу темир йўл бизга сув ва ҳаводек зарурлигини англаб, у ҳеч қандай эътирозимиз йўқ, керак бўлса, қуринг, деган позициясини билдирди. Худо хоҳласа, бу йил лойиҳалаш ишлари тугаллангач, келаси йили ишни бошлаймиз”, – деб билдирган Жапаров.

Давлат раҳбари темир йўл қурилиши тугалланса, у Қирғизистон учун “Қумтўр” кони каби асосий молия манбаига айланишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам 27-май куни онлайн ўтган Евроосиё олий иқтисодий кенгаши йиғилишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши тез орада бошланишини маълум қилган эди.

Ўтган ҳафта Қирғизистон бош вазири Ақилбек Жапаров ушбу темир йўлнинг қурилиши 2022-йилнинг кузида бошланиши режалаштирилганини айтган эди. У буни “Қирғизистон тарихидаги энг йирик лойиҳа” деб атади ва уни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошида эълон қилинган, аммо ўшандан бери амалга ошмай келмоқда эди. Садир Жапаровнинг сўзларидан келиб чиқадики, бунга Россия президенти Владимир Путиннинг “фатво” бермагани сабаб бўлган.

Шу кунгача Россия лойиҳа бўйича ўз позициясини расман эълон қилмаган эди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан алоқаларни кучайтиришни ўз сиёсатининг пешқадам йўналиши қатори олға сургач, 2017-йилда ушбу лойиҳа бўйича уч томонлама ишчи гуруҳи тузилиб, уни амалга оширишнинг турли вариантлари кўриб чиқила бошлади.

Темир йўл қурилишининг Россияга нима дахли бор?

Мутахассисларнинг фикрича, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши Қозоғистон ва Россия учун фойдасиз. Фойдасизгина эмас, уларнинг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаатларига зид келади.

Хусусан, Қирғизистон юк ташувчилари уюшмаси раҳбари Темирбек Шабданалиевнинг фикрича, лойиҳанинг 20 йилдан ортиқроқ вақт ичида ҳам “бир қадам ҳам олға силжимаганига” сабаб, у Қозоғистон ва Россия манфаатларига зид. Чунки ушбу темир йўл қурилиши натижасида улар минтақа давлатларига сиёсий таъсир ўтказишдек имкониятларидан маҳрум бўладилар.

“Қозоғистонга Қирғизистонда темир йўл қуриш фойдали эмас, чунки бу ҳолда Қирғизистон темирйўл мустақиллигига эришади. Транспортда ҳам, бошқа соҳаларда ҳам ўз сиёсатимизни эркин олиб борамиз. Яна бир томони бор, Қозоғистон ва Россия Хитойдан юк ташишда темир йўл монополистлари. Россияда Хитойнинг жуда узун темир йўли мажуд. Қозоғистон Хитой билан чегара яқинида аллақачон иккита темир йўлга эга. Бу борада Қозоғистон ва Россия ўз монополиясини, таъсирини ва нуфузини йўқотмоқчи эмас. Бундан ташқари, сиёсий таъсир бор, темир йўл қурмоқчи бўлсак, Қозоғистон ва Россиядан рухсат олишимиз керак”, – дейди эксперт.

Шабданлиевнинг фикрича, Россиянинг Қирғизистонга таъсир ўтказиши учун бошқа ҳам кўплаб дастаклари мавжуд. Шу сабабли ушбу лойиҳага ортиқча қаршилик билдирмаган бўлиши мумкин. Бу борада Қозоғистон ўз позицияси қанақалигини ҳозирча расман маълум қилгани йўқ.

Ушбу темирйўл қурилиши кейинги пайтда уч давлат раҳбарлари ўртасида фаол муҳокама қилина бошлади. Жумладан, Садир Жапаровнинг Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан бўлган сўнгги учрашувида асосан темир йўл қурилиши борасида суҳбатлашилган.

Аввалроқ Хитойнинг Қирғизистондаги элчиси Ду Дэвэн “Кабар” миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича уч давлатнинг тегишли хизматлари яқиндан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилганди.

Ушбу халқаро темир йўлининг йўналишлари бўйича тўрт вариант мавжуд. Қирғизистон темир йўлни Норин вилоятидаги Отбоши тумани ҳудудидаги Тўруғарт довони орқали ўтишини талаб қилмоқда. Чунки бу Фарғона тоғ тизмаси иккига бўлиб турган мамлакатнинг шимоли билан жанубини боғлаш имконини беради.

Бу темирйўл магистрали Буюк ипак йўлининг замонавий моделларидан бири бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистонга Хитойнинг Қашғар ҳудуди орқали энг арзон ҳисобланган денгиз йўлларига чиқиш имконини беради. Бу эса Ғарб давлатлари билан савдо-сотиқни ривожлантиришга кенг йўл очади.

Ҳозирча Қирғизистон ўз юкларини Россияга ва ундан нарига Европа давлатларига ташиш учун, ҳатто мамлакат ичида юк ташиш учун ҳам Қозоғистоннинг автомобиль ва темир йўлларидан фойдаланишга мажбур. Бу эса Қозоғистонга ўз қўшнисига сиёсий таъсир ўтказишда жуда қўл келади. Бугунги кунгача Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасида юк машиналарининг навбат кутиб бир неча чақиримгача чўзилиб кутишлари бунга ёрқин далил.

Хитой ва Ўзбекистон темирйўлни Эргаштом довони орқали ўтказишдан манфаатдор. Чунки бунда темирйўлнинг узунлиги, демак, унга кетадиган ҳаражат ҳам анча қисқаради. Ҳаражатнинг асосий қисмини эса Хитой, қисман Ўзбекистон кўтариши кутилмоқда. Қирғизистон лойиҳа учун ўз ҳудудидан йўл беради холос.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Транспорт ва йўллар вазирлиги таклиф қилган вариантга кўра, аталган темирйўлнинг умумий узунлиги 433 километрни ташкил қилади. Шунинг 280 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтиши мумкин. Унинг 57 километри туннеллардан иборат бўлиши режалаштирилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг