Ўш ўзбек театри – ўзбек ва қирғиз халқлари маданиятлари ва дўстлиги кўприги
Қирғизистоннинг тўнғич театрининг Ўзбекистон театрлари билан ҳамкорлиги бой тарихга эга.
Қарийб 20 йиллик танаффусдан сўнг 2019 йили Ўшдаги Бобур театри жамоаси ижодий сафар билан Ўзбекистонга борди. Шу кунлардан тортиб, икки республика театрлари ўртасидаги ижодий ҳамкорлик яна тикланиб, янги даражага кўтарилиб бормоқда. Қуйидаги мақолани ўқиб, бу ҳамкорлик эски ва бой тарихга эга эканига гувоҳ бўламиз.
Абдулла Қодирийнинг „Меҳробдан чаён” романи 1968 йили ўшлик ижодкорлар Абдуғани Абдуғафуров ва Омонилло Аҳмедовлар томонидан саҳналаштирилди. Романнинг бу драма варианти Қирғизистон Маданият вазирлиги коллегиясида муҳокама қилиниб, унда бир қатор қирғиз адиблари иштирок этдилар. Улардан Қасимали Жантошев ва Смар Шимеевлар романни завқ-шавқ билан ўқиганлари, унда туркий халқларнинг миллий анъаналари, юксак аҳлоқ-одоб намуналари акс этганини таъкидлаб, уни саҳнага олиб чиқишни маъқулладилар.
Драмани Фарғонадан келган режиссёр Эркин Муродов саҳнага қўйди. Бастакор Тожихўжа Орифхўжаев мусиқа ёзди. Рақсларни Қирғизистон халқ артисти Розияхон Мўминова ўргатди. Бош ролларда театрнинг етакчи артистлари Неъматжон Неъматов, Мавлонжон Қурбонов, фарғоналик Ёрқиной Ҳотамова, Ойтожи Шабданова, Турсунхон Солиева ва Жўрахон Раҳмоновлар ўйнадилар.
Премьерадан аввал Фрунзедан (ҳозирги Бишкек. – таҳр.) келган театршунослар Абдурасул Жунушов, Авас Сиримбетов, Тошкентдан келган санъатшунослар Сотимхон Иномхўжаев, Тоҳир Исмоиловлар асар ҳақида ўзларининг қимматли маслаҳатлари билан ўртоқлашдилар. Премьера 10 кун давомида зўр шов-шув билан ўтди.
Премьерадан сўнг қирғиз театршунослари ва ўзбек санъатшунослари биргаликда театр жамоаси билан актёрлик маҳорати, саҳна нутқи ва ҳаракати мавзуларида ижодий машғулотлар, давра суҳбатлари ўтказдилар. Сўнгра ўзаро дўстлик алоқаларини кучайтириш, ўзбек ва қирғиз ёшларидан 10 нафарини Тошкент театр ва рассомлик санъати олийгоҳига танловсиз қабул қилиш бўйича битим туздилар.
Театр архивидаги тарихий фотосуратлар ичида сарғайиб, букилган сурат диққатимизни тортди. Унда ўтган асрнинг 40-50 йилларида театрнинг шуҳратини Ўрта Осиёга таратган санъаткорлар Тожихон Ҳасанова, Лайлихон Моидова, Саримсоқ Каримов ва қатор театр ҳодимлари „Фарҳод ва Ширин” асарини ўқиётган лаҳзаси тасвирланган. Ўртада асарни Тошкентдан келган режиссёр Ўзбекистон ҳалқ артисти Қудрат Хўжаев ўқияпти.
Театр фахрийларидан сўраб-суриштириб „Фарҳод ва Ширин” мусиқали драмасини театрда биринчи бўлиб 1947 йили Қудрат Хўжаев саҳнага қўйганидан ҳабар топдик.
Ўша пайтдаги Қирғизистон АССР ҳукуматининг қарори билан 1929 йили театрга “Профессионал театр” мақоми берилгач, республика раҳбари Абдуқадир Орозбеков таклифига биноан Тошкентдан драматург Комил Яшин ва санъат арбоби, Навоий номли опера ва балет театрининг бадиий раҳбари Музаффар Муҳаммедовлар келишади. Шу йили театр мавсуми Комил Яшиннинг „Гулсара” драмаси билан очилади.
1934 йили Тошкентда илғор пахтакорларининг республика слёти ўтказилди. Слётда концерт бериш учун Ўзбекистон Марказий Ижроия қўмитасининг раиси Йўлдош Охунбобоевнинг таклифи билан Ўш театри Тошкентга борди.
Слёт қатнашчилари Қирғизистон халқ артисти, Ўзбекистон ҳалқ ҳофизи Абдулла Тароқ Файзуллаев, Қирғизистон халқ артистлари Тожихон Ҳасанова, Лайлихон Моидова, Розияхон Мўминова, Қирғизистонда хизмат кўрсатган артистлар Қодиржон Ҳамидов, Ғуломжон Исроилов ва бошқаларнинг чиқишларини зўр олқишлар билан кутиб олдилар.
Театр саҳнасида яратилган жуда кўп асарлар, айниқса, мусиқали драмаларнинг муваффақияти “Қирғизистон булбули” номини олган республика халқ артисти Тожихон Ҳасанова номи билан бевосита боғлиқдир. Тожихон Ҳасанованинг жўшқин, жарангдор ва ширали овози Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони асосида Комил Яшин ва Музаффар Муҳаммедовлар томонидан яратилган “Дилором” мусиқали драмасининг театр репертуарига дадил киритиш имконини берди. Зеро, атоқли бастакор Мухтор Ашрафий тамонидан ушбу драмага ёзилган куйлар ўз жозибаси, авжи ва жўшқинлиги билан гўёки Тожихон Ҳасанованинг овозига мўлжаллаб ёзилган эди.
“Дилором” операси Тошкентнинг Алишер Навоий номли театрида саҳнага қўйилиши катта воқеа бўлган эди. Ўшанда Киров номли Ўш ўзбек мусиқали драма театри ҳам бу асарни репертуар дастурига киритиб, мусиқа матнини олиб келиш учун созанда Зиёмиддин Шокировни Тошкентга, хизмат сафарига жўнатади. Бастакор Комилжон Жабборов ўшлик дўстини Навоий театрига, Мухтор Ашрафий ҳузурига олиб боради.
– Бу – ҳазилакам, шунчаки ўрганиб оладиган мусиқа эмас, – дейди Ашрафий. – Аввал бизда операни кўринг, кейин гаплашамиз.
Зиёмиддин ака шу онда ёшлик қийинчиликларини эслаб, вақтида мусиқа билимини ололмаганидан, нота билмаслигидан чуқур афсусланади. Комилжон Жабборов унга далда беради, кўнглини кўтаради. Ўша куни кечқурун иккала бастакор ёнма-ён ўтириб, операни тинглайдилар. Спектакль тугагач, Ашрафий уларни ўз хонасига бир пиёла чойга таклиф қилади.
– Уста, – Зиёмидин ака тортиниб, Ашрафийга мурожат қилади, – чойдан аввал менинг ҳиргойимни эшитиб кўрсангиз…
– Марҳамат, қулоғим сизда.
Шу онда Зиёмиддин ака операдаги 30га яқин куй ичидан 12 тасини хиргойи қилиб беради.
– Қойил! – Ашрафий қарсак уради. – Яна бир карра қойил! Мана буни ҳақиқий туғма истеъдод дейдилар. Хотирангиз кучига қойил! Эрталаб келинг, қолган куйларни ҳам ўргатиб қўяман.
Кейинчароқ театр ироқлик араб ёзувчиси Соҳиб Жамол драмасига мурожаат қилди. Адибнинг “Афсонавий шахс” драмаси кенг жамоатчилик кўпригидан муваффақиятли ўтди.
Театр ижодий жамоаси бу асарни саҳнага олиб чиққунча кўплаган ижодкорлар, аввало асар муаллифи Соҳиб Жамол билан алоқа боғлади. Ўз томошабинлари хусусиятларини яхши билган театр бадиий ҳайъати асарни мусиқали драмага айлантириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди. Табиийки, бу жуда кўп қўшимча ишларни талаб қилади. Бунга розилик берган муаллиф асарни яна қайтадан кўриб чиқиб, мусиқали драмага айлантириш учун шеър ёзди. Куй басталаш учун Ўзбекистондан бастакор Фаттоҳ Назаров таклиф қилинди.
Рақсларни саҳналаштиргани Тошкентдан Шарқ рақсларининг ажойиб устаси, машҳур раққоса, СССР халқ артисти Галия Измайлова келди. Театр чинакам ижодхонага айланди. Таниқли драматург, бастакор, режиссёр, балетмейстер ва рассомларнинг жамулжамлиги ҳамда ўзаро ҳамкорлигида иш қизиб кетди. Уларнинг барчаси яхши самара билан – “Афсонавий шахс” нинг туғилиши, унинг кўпчиликка манзур бўлиши, умуман театр жамоасининг катта муваффақияти билан якунланди.
Кейинроқ атоқли ёзувчи, Социалистик меҳнат қаҳрамони Шароф Рашидовнинг “Қудратли тўлқин”романи асосида А.Абдуғафуров М.Комилжоновлар томонидан саҳналаштирилган шу номли асарни ўзининг меҳнаткашлиги, изланувчанлиги ва ташаббускорлиги билан ижодий жамоа ўртасида катта ҳурмат қозонган театрнинг режиссёри Эркин Муродов саҳнага олиб чиққан. “Қудратли тўлқин” саҳнага чиқиши ҳам театр тарихида муболағасиз катта воқеа бўлди.
Театр жамоаси 1974 йили қардош Ўзбекистон республикаси пойтахти Тошкентда гастролда бўлди. Театр жамоаси илгари бир неча марта Ўзбекистон пойтахтида гастролда бўлган бўлсада бу сафаргиси дастур кўлами жиҳатидан биринчи катта гастрол эди. Тошкентда саҳна мухлисларига тўрт спектакль – Шариф Рашидовнинг “Қудратли тўлқин” мусиқали драмаси, Жўра Маҳмудовнинг “Соҳибжамол” лирик фожиаси, Қасимали Жонтошевнинг “Мўйловли қиз” мусиқали комедияси ва Умаржон Исмоиловнинг “Рустам” мусиқали драмаси ҳамда катта концерт дастури намойиш қилинди. Томошабинлар ҳар бир спектакл ва концертни мамнуният билан кутиб олдилар.
Сафар давомида театр жамоаси театр санъатини тарғиб қилишда муҳим роль ўйнаган гастролларни Ўзбекистонда муваффақиятли ўтказгани учун Ўзбекистон ССР Олий совети президиумининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланди. Театр артистлари Шавкат Дадажонов ва артист Жўрахон Раҳмановга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони берилди.
Қирғизистон истиқлолга эришиши муносабати билан театр репертуари қайта қўриб чиқилди. 1992 йилда эса аввалги С.М.Киров номли театрга Бобур номли Ўзбек мусиқали драма театр деган янги ном берилди.
Театр жамоаси Самарқанд шаҳрида Халқаро “Шарқ тароналари” фестивалида қатнашиб, совринли ўринни эгаллагани айниқса қувончлидир. 1996 йили буюк Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Абдулла Орипов асари бўйича “Соҳибқирон”драмаси саҳнага қўйилиб, Марказий Осиё театршунослари ўртасида катта шов-шувга сазовор бўлди.
Жаҳон драматургиясининг тождори Вильям Шекспирнинг “Макбет”асарини Марказий Осиёда ҳеч бир театр саҳналаштиришга журъат эта олмаган. Ўш театрида ана шу мумтоз асарни Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Қарши Йўлдошев муваффақиятли саҳналаштирди.
Атоқли адиб, Қирғизистон халқ ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг тавсиясига биноан театрда қозоқ драматурги Мухтор Шахановнинг “Чингизхон олиб кетган сир” номли асари истеъдодли режиссёр Карим Йўлдошев томонидан саҳнага қўйилди. Ушбу спектакл билан театр жамоаси Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида, Сайрам ва Туркистон туманларида гастролда бўлди, Мухтор Шахановнинг 60 йиллик юбилейи тантанасида иштирок этди.
Атоқли ўзбек адиби, туркийшунос олим Абдулҳамид Чўлпоннинг 100 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом қаламига мансуб “Чўлпон” драмаси томошабинларга тақдим этилди.
Театр жамоаси Қирғизистон Маданият вазирлиги, Республика ўзбек миллий-маданий маркази, Қирғистон-Ўзбекистон дўстлик жамияти, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси томонидан Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.
Шуни маданият билан таъкидлаш лозимки, театрда ижодий жараённинг юксак даражада кўтарилишида Ўзбекистон Республикасининг санъат арбоблари – Раззоқ Ҳамроев, Қудрат Хўжаев, Асад Исматов, Аббос Бакиров, Жавод Обидов, Тамарахоним, Сойиб Хўжаев, Галия Измайловаларнинг, халқ ҳофизлари Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқовларнинг ҳамда Мамажон Раҳмонов, Ҳафиз Абдусаматов, Тошпўлат Турсунов, Сотимхон Иномхўжаев каби театршунос олимларининг салмоқли хиссалари бор. Театр ўз репертуарини Комил Яшин, Абдулла Қаҳҳор, Уйғун, Саид Аҳмад ва Мақсуд Шайхзода каби аллома адибларнинг асарлари билан ҳамиша бойитиб келган.
Ўзбекистон санъат усталари Ўш ўзбек театри учун кадрлар етиштиришда, уларни тарбиялашда, ижодий малакаларини оширишда чинакам жонбозлик қилдилар. Театр актёрларининг 50 фоизи Тошкент театр ва рассомчилик санъати олийгоҳини битирган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон санъат арбоблари Олимжон Салимов, Ҳамид Қаҳрамонов, Тожибой Исроилов, Карим Йўлдошев, Ғуломжон Ҳожикулов, Ёрқиной Ҳотамова, Деҳқон Жалилов ва бошқаларнинг театр жамоасига кўрсатаётган ижодий ёрдамлари таҳсинга сазовор.
Абдуғани Абдуғафуров, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, Ўш.
Расмлар интернетдан олинди