Тўрт эгизак туғилган оилага уй қуриш учун ер участкаси берилиши айтилди

Лекин чақалоқларни яхшироқ шароитда катта қилиш учун кўп қаватли уйдан хонадон ажратиб бериш зарур.

Ўш вилоятининг Қорасув туманида 4 эгизак дунёга келган бахтли оилага қишлоқ ҳукумати томонидан ер участкаси бериладиган бўлди. Бу ҳақда сайтимизга Наримон қишлоқ ҳукуматининг ижтимоий таъминот бўлими бошлиғи Санжира Тешабоева  билдирди.

“Эгизаклар уйига келишган куни, қишлоқ ҳукумати раҳбари уларни кўргани борди. Ота-онасини табриклаб, 50 минг сўм пул мукофоти топширди. Ҳамда уларга ер участкаси берилиши қаралсин, деб кўрсатма берди”, – деди  Санжира Тешабоева.

Унинг сўзларига кўра, эгизаклар туғилган хонадон ўзига тўқ оила, ижтимоий ёрдамга мухтож эмас. Аммо қишлоқ оилавий шифокорлар марказидан бир ҳамшира чақалоқлардан ҳар куни хабар олиб туриши учун бириктирилган.

Чақалоқлар уйига кетаётганда Қирғизистон президентининг Ўш вилоятида мухтор вакили Зияйдин Жамалдинов ҳам табриклагани келган. У эгизакларга ва уларнинг ота-оналарига яхши тилаклар билдириб, Замирахон Каримовага 100 минг сўм ($1200 атрофида) миқдорида суюнчи пули берган.

Замирахон Каримованинг айтишича, Қорасув тумани раҳбарияти ҳам уларга 50 минг сўмлик сертификат топширган.

Болалар озуқаси ва таглик етишмаяпти

“Оқбура” сайти мухбири эгизаклардан хабар олгани борганда уларнинг ҳолати яхши эканлигига гувоҳ бўлди. Чақалоқларнинг онаси Замирахон Каримова ҳам оилавий ҳамшира ҳар куни хабар олаётганини таъкидлади.

“Тўрт нафар чақалоққа қараш ҳозирда қийинчилик туғдирмаяпти. Қоринларини тўйдириб қўйсак, тагларини қуруқлаб турсак, ухлашдан бўшашмаяпти”, – дейди кулиб бахтиёр она.

Аммо, еб ётганга тоғ ҳам чидамайди деганларидек, тўрт нафар чақалоққа болалар озуқаси “Nestle” сутини етказиш моддий томондан қийин бўлмоқда. Ахир, тўрт болага она сути етказиб бериш мумкин эмасда. Таглик масаласида ҳам муаммо келиб чиқмоқда экан.

Чақалоқларга кўз тегмасин, Аллоҳ умрлар ва ризқларини зиёда қилсин!

“Тўрт боладан ошиниб, уларнинг кийимини, тагликларини ювишга улгурмай қоляпман. Бир марталик тагликлар – “Памперс” ишлатсак, пул етказиш қийин бўляпти. Қишлоқ ҳукуматимиз томонидан шуларга озгина ёрдам бериб юборилса яхши бўларди”, – дейди ийманиб Замирахон Каримова.

Мухбиримиз чақалоқларни ва оналарини расмга олиш масаласида Замирахоннинг узрини қабул қилиб, ортга қайтди. Мақоладаги расмлар интернетдан олинди.

Эслатиб ўтамиз, 2-май куни Ўшда тўрт эгизак ҳар бирининг вазни ўртача 1кг 150 граммдан бўлган икки нафар ўғил ва икки қиз дунёга келди. Чақалоқлар онасининг сўзларига кўра, аввал ўғил кейин ўртада икки қиз ва кейин яна ўғил туғилибди.

Замирахоннинг бунгача 15 ва 13 ёшдаги икки нафар ўғли бор эди. Энди бу оила бирданига тўрт ўғил ва икки қизлик бўлди. Эгизакларга Муҳаммадюсуф, Муҳаммаддиёр, Оиша, Омина деб исм қўйишибди.

“Ҳомиладорликнинг биринчи ойида  УОТ (УЗИ) аппарати текшириб, эгизак дейишди. Хурсанд бўлдим. Лекин шифокор уруғ бўлиниш пайтида учта бўлиб қолиш эҳтимоли бор, деди. Кейинги сафар борсам, ҳар бир уруғ бўлиниб, ҳомилам тўртта бўлган экан. Эшитиб, ҳавотирга тушгандим. Аммо Ўш вилоят туғруқхонасининг шифокорларига раҳмат”, – деди Замирахон Каримова.

Онанинг айтишича, шифокорлар чақалоқларнинг эсон-омон туғилиши ва ўзларига келиб олишлари ҳамда аёлнинг соғлигини сақлаб қолиш учун зарур бўлган барча ишларни қилишган.

Ўш вилоятлараро туғруқхонасининг болалар шифокори Минура Мамарасул қизининг сўзларига кўра, чақалоқлар етти ойлик бўлишганда шифокорлар “Цезарча кесиш” (кесарево сечение) йўли билан туғдириб олишган. Чақалоқлар туғилганда уларнинг аҳволи оғир бўлгани сабабли ўпкани очадиган нафас олиш аппаратига ётқизишга тўғри келган.

“15 кун деганда чақалоқларнинг аҳволи яхшиланди. Уларга 17-май куни туғруқхонадан чиқишга рухсат берилди”, – дейди болалар шифокори.

Эгизакларнинг отаси Рустамжон Каримов, кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдириб, ҳукумат томонидан кўп қаватли уйлардан хонадон берилса яхши бўлар эди, деган истак билдирди.

“Чунки, чақалоқларни қишда иссиқроқ, етарли шароити бор уйда катта қилсак дегандик”, дейди Каримов.

Чинданам, қишда қишлоқ шароитида, ўтин ва кўмир тутуни анқиган уйда тўрт гўдакни парвариш қилиш осон эмас. Қолаверса, уларга доимо овқат тайёрлаб, тинимсиз кўхлик ва кийимларини ювиб туриш керак бўлади.

Ўшликларнинг жалолободликлардан қаери кам?

Биданига уч ёки тўрт чақалоқ туғилиши нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида ҳам кам учрайдиган ҳодиса. Шу сабабли бундай ҳолатларда ҳокимият вакиллари чақалоқлар туғилган оилаларга имкон қадар ёрдам беришади.

Масалан, 2021-йилнинг март ойида Жалолобод шаҳрида уч эгизак туғилганда бу оилага шаҳар мэрияси томонидан икки хонали хонадон берилган. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти матбуот хизмати хабар берган эди.

Хонадон калитини шаҳар ҳокими Эрнисбек Ормоқов ва шаҳар Кенгаши раиси Нуртилек Орозбаевлар шахсан топширган. Ўшанда бу уч нафар янги фуқарога уй-жой сотиб олиш учун маҳаллий бюджетдан 1 миллион 800 минг сўм маблағ ажратилган.

Уч фарзанднинг (бир ўғил ва икки қиз) онаси Гулнара Буркутова аввал беш фарзанди билан бир хонали квартирада яшаб келган.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг