Ҳаж-2022: Талабгорлар кўп, квоталар кам, нархлар ошган

Қирғизистонликлар дастлабки зиёратчилар Саудия Арабистонига июн ойи ўрталарида жўнайдилар.

Бу ҳақда Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг (ҚМДБ) Ҳаж ва умра бўлими мудири Жолдош Абдилдаев маълум қилди.

Унга кўра, қирғизистонлик зиёратчилар ҳар бири 450 ўринга мўлжалланган еттита самолёт билан мусулмонлар учун муқаддас бўлган жойларга етказиш режалаштирилган.

“Қисқа муддатга қарамай, биз ҳамма нарсани тайёрлай олдик. Ҳозирда фуқаролар керакли эмлашларни олишмоқда, визалар 1 июндан бошлаб берилади. Биринчи гуруҳ, биз режалаштирганимиздек, 16 июн куни Макка ва Мадинага етиб боради. Зиёратчилар 19-июлгача уйларига қайтадилар”, – деди Жолдош Абдилдаев.

Эслатиб ўтамиз, энди Ҳаж сафарига 65 ёшдан катта бўлмаган қирғизистонликлар боришлари мумкин. Бу йил қирғизистонлик зиёратчилар учун 2766 ўрин ажратилган бўлиб, квота Саудия қироллиги томонидан белгиланади. Ҳаж ҳаражатлари бу йил анча қимматлади ва 4,5 минг долларни ташкил қилди.

ҚМДБнинг маълум қилишича, бу йил навбати квотадаги сонга етмаганлар бўлса, ёши 65дан ошмаган ва рўйхатдан ўтганлар электрон навбатда қолади. Агар Саудия Арабистони кейинги йил рухсат берса, бу диндорлар ўша навбатлари билан ҳаж зиёратига боришлари мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2020-йилда коронавирус пандемияси сабабли Саудия Арабистони хорижликларнинг Макка ва Мадинадаги Ислом зиёратгоҳларига келишини тақиқлаб қўйган эди. Саудияликларнинг ўзлари учун Ҳажга чекловлар қўйилган эди. Икки йил давомида зиёрат чет эл фуқаролари иштирокисиз амалга оширилди.

Бу йил Саудия Арабистони бошқа давлатлардан 1 миллион мусулмонни қабул қилишга қарор қилди. COVID пандемияси бошлангунга қадар йил сайин зиёратчилар сони 3 млн. кишидан кўпроқни ташкил қиларди.

Аввалроқ Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси матбуот котиби Мақсат Атабаев Саудия Арабистони 2022-йилда зиёратчилар учун бир қанча янги шартлар қўйганини маълум қилган. Унга кўра:

  • Зиёратчиларнинг ёши 65 ёшдан ошмаслиги керак;
  • CОВИД-19 га қарши эмлашдан ўтиш;
  • ПЗР тестининг салбий натижаси.

ҚМДБ Ҳаж зиёратига бориш учун муфтиятнинг электрон рўйхатидан ўтган фуқаролардан олдиндан эмлашдан ўтиш сўралган. Арабистон тан олган эмлаш препаратлари рўйхати ҳам эълон қилинган.

“Ҳажга борувчилар “Пфайзер-БиоНТеч”, “Модерна”, “Оксфорд-Астразенеcа”, “Жанссен” каби вакциналардан бири билан эмлашнинг барча босқичларидан ўтиш керак”, – деган эди матбуот котиби.

Муфтият берган маълумотларга кўра, бугунги кунда 6 мингга яқин қирғизистонлик Ҳажга бориш учун электрон навбатга турган. Аввалроқ муфтийлик 2020-йилда Ҳаж-2020 учун жами 9586 нафар фуқаро рўйхатдан ўтгани ҳақида хабар берган эди. Улардан бор-йўғи 2488 нафар фуқаро тўловни қайтариб бериш ҳақида ариза ёзган. Демак, Ҳажга бориш истагида пул тўлаб қўйганлар, бу йил берилган квотадаги сондан 3 баробар кўп.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг