Таниқли сатирик Эргаш Каримов Ўшда кимнинг қудасини “капейка” деган эди?

Сатира ва юмор дарғаси Ўш театрининг СССР бўйича мусобақада иккинчи ўринни олишига ёрдам берган.

Эсимда, 1974 йили СССР маданият вазирлиги ва маданият ҳодимлари касаба уюшмаларининг Бутуниттифоқ Марказий Қўмитаси СССР даги барча маданият муассасалари ўртасида социалистик мусобақа эълон қилган эди. “Осилсанг баланд дорга осил” деганларидай, Ўшнинг Киров номли ўзбек мусиқали драма театри ҳам бу мусобақада фаол қатнашишга қарор қилди.

Мусобақа талаблари анча жиддий, юқори поғонада эди. Жумладан, йил давомида тайёрланган янги спектаклар, хизмат кўрсатилган тамошабинларнинг сони, олис яйловлардаги чорвадорларга маданий хизмат кўрсатиш кўлами, театрнинг молиявий барқарорлиги, жамоадаги маънавий муҳит, репертуарнинг ижодий-бадиий савияси каби ўнлаб кўрсаткичлар элакдан ўтказиларди.

Биз 1974 йилни якунлаш арафасида ҳисоблаб кўрсак, деярли 90 фоиз кўрсаткичларимиз мусобақа талабларига жавоб берар экан. Молиявий етишмовчиликни тўлдириш мақсадида театр бош маъмури Аҳмад ака Тўхтаматов навбатчиси, штат ташқари маъмур Тошпўлат Тошхўжаевни Тошкентга юборишни таклиф қилди.

– Тошпўлат, сен бориб Эргаш Каримов билан гаплаш, Ўшга келиб, театр жамоасининг концерт дастурига қўшилишни таклиф қил, – деди Аҳмад ака. – Агар юқоридан рухсат керак деса, Убай Бурхонга кириб мендан салом айт.

Убай Бурхон ўша даврда Ўзбекистон телерадиокомпанияси бошлиғининг муовини эди.

Хуллас иш режадагидай бажарилди. Эргаш Каримов Ўш театри жамоаси билан бирга концерт дастурида миниатюралар ижро этишга, гастрол сафарлари чиқишга жон-дили билан рози бўлди. Тез кунда умр йўлдоши ва ижодий ҳамкори Роза Каримова ҳамда ҳамкасби Садир Зиёвутдиновлар билан келиб, ўн кун давомида мамлакат жанубида ўз санъатларини намойиш этишди.

Ўш вилоятининг шаҳар ва туманларида концертлар ва ижодий учрашувлар зўр муваффақият билан ўтди. Натижада театр 1974 йилнинг молиявий режасини ортиғи билан бажарди. Натижада Ўш ўзбек театри Бутуниттифоқ социалистик мусобақасида СССРдаги 624 театр ичида Москвадаги Большой театрдан кейин иккинчи ўринни эгаллади!

Бу ҳақда СССР Маданият вазири, КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий Бюроси аъзолигига номзод П.Демичевдан табрик телеграммаси келди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас ғолиблик нишонлари тантанали равишда топширилди. Байроқ ва таклифномаларни Ўш вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Султан Ибраимов ҳамда Қирғизистон Маданият вазири Қулуйпа Кондучалов топширишди.

Ўз навбатида театр жамоаси бу ғалабага Эргаш Каримов бош бўлган ўзбекистонлик санъаткорлар гуруҳи катта хисса қўшганини алоҳида таъкидлаб, Ўзбекистон телерадиокомпаниясига махсус мактуб йўллади.

Эргаш Каримовнинг Ўш театридаги чиқишлари давомида бир гуруҳ қирғиз қизиқчилари (қуудуллари) билан танишувлар ҳам ўтказилиб, ижодий ҳамкорлик, борди-келдилар режалаштирилди ва бу режалар кўп йиллар мобайнида амалга оширилиб турди.

Шундай қилиб, Эргаш Каримов гуруҳининг Ўшга ташрифи ҳар йили ташкил қилинадиган бўлди. Эргаш Каримов табиатан қувноқ, самимий, кулгисевар, ҳозиржавоб сўз устаси эди. Эргаш ака кирган давралар ҳамиша қаҳқаҳа билан файзли эди. Қуйида ўшандай қувноқ давраларнинг бири ҳақида.

„Капейка”

Киров номли театрда ижодий учрашувлар ғоят қизиқарли ўтаётган кунларнинг бирида шинавандалар Эргаш Каримовни Навоий номли боғдаги чойхонага, гурунгга таклиф этишди. Суҳбат авжи қизиган чоғда Ҳабибуллоҳ деган бир оғайнимиз қудаси, Дамин деган йигит билан келиб даврага қўшилди.

– Бу йигит менинг қудам – деди у меҳмонга юзланиб. – Дамин иккаламиз ҳам сизга мухлисмиз. Илтимос, Эргаш ака, ўша „Пахтакор” футболда бир ютиб, бир ютқизгани ҳақидаги миниатюрангиз борку, ўшани айтиб беринг, бир мазза қилайлик, қудам эшитмаган эди.

Эргаш ака рози бўлди. Сюжетни қисқа баён қилгач, хотини билан айтишув диалогини образга кириб ижро этди.

– Э хотин, бу ёқда „Пахтакор” ютқазиб турса, сен қуда-қуда дейсан!” Ҳе… Ўзинг ҳам капейка, куданг ҳам… капейка!

Даврада гулдурос кулгу кўтарилди. Шу онда Дамин қовоғини солиб, ўрнидан туриб кетди.

– Ҳа Даминбой? – деди қудаси.

“Шу „қуданг капейка” деган сўзларни атайлаб айтдирдингиз-а? – деди у ҳафа бўлиб.

Эргаш ака дарҳол вазиятни ўнглади:

– Эй биродар, бу – ҳажв. Аслида қудалар – тилло одамлар, ўтиринг. Фақат ҳазилни тушунмаганлар… „капейка”.

Гуриллаб кўтарилган кулги анчагача давом этди…

Абдуғани Абдуғафуров, Қирғизистонда хизмат кўрсатган

маданият арбоби, ёзувчи, драматург.

Одилжон Дадажонов тайёрлади.

Расмлар А.Абдуғафуровнинг шахсий архивидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг