Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида отилган ўқдан уч киши ҳалок бўлди

Ҳалок бўлганлар қирғизистон фуқаролари бўлиб, ҳодиса тафсилотлари ҳозирча ноъмалум.

Қирғизистон чегара хизматининг бугун, 6 май куни тарқатган маълумотига кўра, кеча Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманига қарашли Дўбў-Қўрғўн қишлоғи яқинида Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон фуқароларига қарата ўқ узишган.  

Натижада уч киши жиддий яраланиб, маҳаллий касалхонага етказилган, бироқ олинган жароҳатлар туфайли 22, 24 ва 48 ёшли уч фуқаро ҳушига келмай ҳаёт билан видолашган.

Содир бўлган воқеанинг тафсилотларини аниқлаш мақсадида Қирғизистоннинг чегара масалалари бўйича маҳаллий вакили ўзининг ўзбекистонлик ҳамкасби билан учрашди. Ҳар икки томондан суриштирув ишлари бошланган. Уларнинг натижаларига кўра бугун икки давлатнинг чегара ишлари бўйича маҳаллий вакиллари яна учрашадилар.

Роппа-роса бир ой аввал, 5 апрелда Олабуқага қўшни Ахси туманидаги Дейрес қишлоғига яқин жойда шу каби ҳолат юз бериб, унда икки Қирғизистон фуқароси отиб ўлдирилган. Маълум бўлишича, бир гуруҳ қирғизистонликлар отларда, ноқонуний йўл билан чегарадан юк олиб ўтмоқчи бўлишган. Улар отларда Ўзбекистон ҳудудига 500 метргача кириб борганлар. Уларни кўриб қолган чегарачилар тўхташни талаб қилишган. Талаб рад этилгач, ўртада ур-сур бошланган ва ўзбекистонлик ҳарбийлар ўқ узишган.

Икки фуқаро оғир жароҳатдан ҳалок бўлган бўлишса, қолганлари Қирғизистон ҳудудига қочиб ўтишга улгуришган. Уларнинг шахси ҳалигача расман аниқланмаган.

Аниқланишича, ўшанда ҳалок бўлган 31 ва 38 ёшли фуқаролар Ўзбекистонда туғилган бўлиб, 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олишган. Лекин Ўзбекистон паспортини ҳам ўзлари билан олиб қолишган. Эртаси куни марҳумларнинг жасадлари Қирғизистон томонга ўтказиб берилди.

Гуруҳ олиб ўтмоқчи бўлган юк 20 минг АҚШ долларига баҳоланган. Бу ҳолат юзасидан текширув натижалари ҳозиргача эълон қилингани йўқ.

Умуман олганда Қирғизистоннинг номи аталган икки тумани ҳудудида бунга ўхшаш чегара бузиш ҳоллари тез-тез бўлиб туради. Чегара ҳудудлари ўта чалкаш ва алоҳида тоғ ёки дарёлар билан ажралмагани боис кўп ҳолатларда чорва моллари ҳам чегаранинг у ёки бу томонига ўтиб кетишади.

Жорий йилнинг февралида Ахси тумани турғуни боқиб юрган 35 та от Ўзбекистон томонга ўтиб кетган. Икки томонлама учрашувлардан сўнг отлар эгасига қайтарилган.

Икки давлат ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1378 километрни ташкил қилиб, унинг кўпчилик қисми номи аталган икки туманга тўғри келади. Чегаранинг 85 фоизи ёки 1170 километри аниқланиб, давлатлар томонидан тан олинган. Ўтган йилнинг мартида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара масалалари 100 фоизга ҳал бўлганини маълум қилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг