Янгиланаётган ўзбек театри дарғаларига муносиб ўринбосарлар керак

Бобур номли Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театри истеъдодли ёшларни кутади.

Қирғизистондаги энг кекса театр, келаси йилда ўзнинг 105 ёшини қаршилашга тайёрланаётган Бобур номли Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театридаги реконструкция ишлари яна бир неча ойга чўзиладиган бўлди. Қурилиш ишлари энди шу йилнинг сентябрь-октябрь ойларигача якунланиши кутилмоқда. Лекин бу жуда қувончли хабар билан боғлиқ.

Театр директори Аъзамжон Абдуразақовнинг гапларига кўра, қурилиш ишларини якунлаш муддати театрга қўшимча, мақомчилар залининг қўшилаётгани сабабли бироз кечиктирилган. Театр биносини янада кенгайтириш ҳақидаги қарорни Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Абдулла Ариповнинг яқинда Ўш шаҳрига бўлган иш сафари давомида икки давлат Бош вазирлари қабул қилишган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси томонидан театр биносини реконструкция қилиш ишларига беш милион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиб, қурилиш ишлари бошланган. Қурилиш ишларини ўзбекистонлик усталар олиб боришмоқда.

Янги бино очилишига тайёргарлик

Қурилиш ишлари бошланиши муносабати билан театр жамоаси вақтинча вилоят филармонияси биносида ишлаб келмоқда. Театр директори Аъзамжон Абдуразақовнинг маълум қилишича, театр жамоаси ҳозир янгиланган бинонинг катта тантана билан очилишига тайёргарлик кўрмоқда. Бу борада Қирғизистон ҳукумати томонидан берилган вазифалар ҳам мавжуд. Жумладан, Озарбайжон драматурги Юнус Ўғузнинг “Атилла” асарини саҳналаштириш ва катта шоу концерт ўтказиш устида иш олиб борилмоқда.

“Театр жамоаси ижод қилишдан тўхтаб қолмаган, иш қизғин, – дейди Абдуразақов. –  Шу йилга тўрт спектакль қўйиш режалаштирилган бўлса, унинг биттаси томошабинларга тақдим этилди. …Филармония биносидаги шароит театр даражасида бўлмаса ҳам тез кунларда яна бир спектакль саҳна юзини кўради”.

Бизнинг маълумот:

Бобур номли Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театрига 1918 йилда Раҳмонберди Мадазимов бошчилигидаги маърифатпарвар ўқитувчилар Иброҳим Мусабоев, Бекназар Назаров, Жўрахон Зайнобиддинов, Назирхон Камолов, Абдурашид Эшонхонов ва А.Саидовлар ташаббуси билан асос солинган. Ўшанда 4 йил аввал Туркистон фронти Инқилобий ҳарбий кенгаши ҳузурида ташкил қилинган маҳаллий концерт бригадаси асосида биринчи театр труппаси тузилган эди.

Театр труппасининг биринчи режиссёри, бадиий раҳбари ва бош режиссёри ҳам Раҳмонберди Мадазимов бўлган. Халқ ичида оддийгина “Бобур театри” деб аталадиган маскан Ўрта Осиё ҳудудида Тошкентдаги Ўзбек миллий академик драма театридан (1913-1914 йиллар) кейин тузилган иккинчи отахон театрдир.

 

Ҳозир театрда 3 нафар Қирғизистон халқ артисти ва 12 нафар Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист фаолият кўрсатади. Театр директорининг айтишича, жамоада Қирғизистон маданияти аълочиси унвонини олмаган саноқлигина актёр қолган холос.

Театр жамоасининг кўп йиллик орзуси ушалиб, тез орада ўзининг янгиланган, замонавий биносига эга бўлади. Лекин бу ерда театр мухлисларининг қалбларида яшаб келаётган яна бир масала бор. Бу – театр жамоасига янги, ёш истеъдодларни жалб қилиш муаммоси. Театр директори Аъзамжон Абдуразақовнинг айтишича, бугун театр ижодий жамоасининг ўртача ёши 50-55ни ташкил қилади. Қарийб 130 ижодий ходимнинг 30 нафарга яқини нафақада, ёшлар сарасига кирувчи актёрлар учтагина.

Унинг фикрича, бунинг бир қатор сабаблари бўлиши мумкин.

– Негадир халқ орасидан истеъдодли ёшлар келмай қўйди. Бунга бирдан бир сабаб –  бизда махсус ўқув жойининг йўқлиги деб биламиз. Агар халқ орасидан ёшлар чиқса, уларни Тошкентга ўқишга жўнатишга ҳаракат қиламиз. Биз ёшларни қучоқ очиб кутиб оламиз, – дейди директор.

Унинг айтишича, охирги 10 йил ичида келган уч нафар ёш актёрлар шаҳар мактабларида 11-синфни битиргач, театрга ишга киришган. Уларни шу йили тажриба олиш мақсадида Тошкентга, санъат олийгоҳига ўқишга юбориш режалаштирилган. Актёрларнинг малакасини оширишда асосан анъанавий устоз-шогирд муносабатларига таянилади. Театрда беш оилавий санъаткорлар ишлайди.

Маданият ходимларининг ойлик маошлари юз фоизга ошгани ҳам ёшларга рағбат бўлиши мумкин. Аввал 5000 сўм ойлик олаётган ходимлар апрель ойидан тортиб 10 минг сўм ола бошлайдилар.

– Ойлик маоши ошганидан санъаткорлар хурсанд. Давлатимиз етарлича эътибор беряпти соҳага. Унвонлар бериш жараёнидан ҳам мамнунмиз. Охирги 3 йил ичида бир санъаткоримиз Халқ артисти унвонини олса, икки нафари Хизмат кўрсатган артист унвонига эга бўлди, – дейди Абдуразақов. – Унвон олиш навбати театримизнинг азалдан келаётган ички тартибимизга боғлиқ. Унга биноан каттани ҳурмат қилиш, каттадан олдин дастурхонга қўл узатмаслик деган қоидани театр жамоаси ўзига сингдириб олган. Буни ҳеч ким инкор этолмайди.

Янги бинода янги, умидли ёш актёрлар ва ёш мақомчилар тўгарагини очиб, театрга ёшларни жалб қилиш мақсадида иш олиб борилмоқда.

Лекин охирги 10 йил ичида театрга бўлгани 3 нафар ёш ишга қабул қилингани ачинарли ҳол эмасми? Бунга ким айбдор? Санъатга қизиқишнинг сусайишими ёки ёшларнинг ўзими? Ойлик маошми ёки театр раҳбари айтганидек, ички тартибми? Бу муаммо театрда тўгарак очиш билан ҳал бўлса ажабмас. Қолаверса, бундай тажриба ҳам йўқ эмас.

Театрнинг олдинги раҳбари, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Набижон Мамажоновнинг фикрича, театрга ёшлар келмаётганининг сабаби махсус ўқув юртининг йўқлигида эмас, балки “керакли одамларнинг керакли ишларни қилмаётганида”, масалан, “халқ ичидан истеъдодларни изламаётганида, театр учун жони куймаётганида”.

– Агар тўгарак иши профессионал даражада уюштирилса, у ўз самарасини беради. Мен 2013 йили шундай тўгарак уюштирганман. Қарийб 60 нафар ёшлар келган унга қизиқиб. Ўша тўгаракдан чиққан болалар ҳозир ҳам театрда фаолият кўрсатишяпти. Лекин мен ҳозир тўгарак қатнашувчиларига санъатни ҳар томонлама ўргата оладиган одамни театрда кўрмаяпман, – деди Мамажонов биз билан суҳбатда.

Унвон тақсимлаш масаласида ҳам Набижон Мамажоновнинг фикри ўзгача. Унинг фикрича, унвон кўп йил ишлаган эмас, халққа чинакам хизмат қилган инсонга берилиши керак. Бунинг учун эса театр бадиий кенгашига ҳақиқатан ҳар томонлама етишган, билимли, санъат соҳасида адолат қила оладиган инсонлар сайланиши керак. – Ўша театрдаги саноқли ёшларни на бадиий кенгашда кўрасиз ва на бошқасида. “Сен менга тегма, мен сенга…” деган қоида асосида иш олиб борилади. Бу ҳолда театрнинг умрини узайтиролмаймиз. Адоват, хусумат бўлган жойда эса ривожланиш, ўсиш бўлмайди”, дейди Мамажонов.

Соҳибжон Мамиров, Оқбура, Ўш.

Расмларни театр директори А.Абдуразақов тақдим қилган

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг