Ўзбек театрининг Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ижодига таъсири

Оқсоқол театрнинг 105 йиллик юбилейига бағишланган мақолалар туркумини давом этдирамиз.

…Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг драматургия жанридаги ижоди Ўшдаги ўзбек театрининг ижодий жамоаси билан ҳамоҳанг десам муболаға бўлмас.

Ўзбекистонда таниқли театр ва телевидение режиссёри Ҳамид Қаҳрамонов 1989 йили Абдулла Ориповнинг “Жаннатга йўл“ драмасини муаллифнинг таклифига биноан Ўш театрига олиб келди. Театр раҳбарияти, бадиий кенгаш асарни ўқиб, мамнуният билан қабул қилди ва драмани саҳналаштириш Ҳамид Қаҳрамоновга таклиф этилди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг драматургия соҳасидаги ижоди Ўш ўзбек театри билан боғлиқ

Спектакль кўп ўтмай тайёр бўлди. Бош ролларни Қирғизистон ҳалқ артистлари Турсунхон Солиева, Неъматжон Неъматов ва ёш, иқтидорли актёр Набижон Мамажоновлар саҳнага олиб чиқдилар.

Спектакль жамоатчилик томонидан зўр қизиқиш билан қабул қилинди ва премъера бир неча кун аншлаг билан давом этди. Келаси йили бу спектакль Тошкентда Хамза номидаги академик драма театрида (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) намойиш этилди. Мамажон Раҳмонов, Муҳсин Қодиров, Ҳафиз Абдусаматовдай таниқли театршунослар асарга юксак баҳо бердилар.

Бу муваффақият Абдулла Ориповнинг драматургия жанридаги ижодига туртки ва илҳом бергани натижаси ўлароқ 1996 йили муаллифнинг “Соҳибқирон” драмаси дунёга келди. Мазкур асар соҳибқирон Амир Темурнинг 660 йиллигига бағишланди.

Шуни мамнуният билан қайд этамизки, Абдулла Орипов бу асарининг ҳам Ўш ўзбек театрида биринчи бўлиб саҳнага қўйилишига хоҳиш билдирди. Балки бу таклиф режиссёр Ҳамид Қаҳрамоновдан чиққандир? Зеро, Ҳамид ака Ўш театрида Соҳибқирон образига ҳар жиҳатдан мос тушадиган иқтидорли, саҳнага ярашган актёр Салоҳиддин Умаров борлигини жуда яхши билар эди.

Хуллас, режиссёр Ҳамид Қаҳрамонов “Соҳибқирон” спектаклини биринчи бўлиб Ўш ўзбек театрида саҳналаштирди. Табиий уйғунликни қарангки, асарда Амир Темур ҳаётининг сўнгги йиллари, унинг 69 ёшдаги ҳаёти акс эттирилган бўлса, бу мураккаб образни яратган актёр Салоҳиддин Умаров ҳам 69 ёшда эди ва унда соҳибқиронга ўхшаш салобат, ташқи уйғунлик, салоҳият мавжуд эди.

 

 

Спектакль премъераси санъат байрами тусини олди. Муаллиф Абдулла Орипов билан бирга Фарғона водийсидаги таниқли ижодкорлар, санъатшунослар Ўшга ташриф буюришди. Ўш вилоятининг ҳокими (губернатор) Жаниш Рустанбеков премъерада қатнашди, саҳнага чиқиб, Абдулла Ориповни, Ҳамид Қаҳрамоновни, театр жамоасини табриклади, меҳмонларга зарбоф чопонлар ва қирғиз қалпоқларини кийдирди. Бу спектакль премъераси ҳам бир неча кун аншлаг билан ўтди.

Премъерадан сўнг театрга Абдулла Орипов бош бўлган водий ижодкорлари билан адабиёт ва санъат мухлисларининг учрашуви, даврда суҳбати бўлиб ўтди. Фарғоналик Йўлдош Сулаймон, андижонлик Олимжон Ҳолдор, Тўлан Низом, наманганлик Ҳабиб Саъдулла каби шоирлар қизғин мушоиранинг иштирокчилари бўлдилар. Учрашув якунида Абдулла Орипов ўзининг янги, ҳали сиёҳи қуримаган “Бир қарасам“ номли шеърини ифодали ўқиди. Олқишлар янгради.

– Абдуллажон, дўстим, мана шу шеърингизни менга беринг, давраларда, гурунгларда монолог сифатида ўқиб юрай, – дедим.

Абдуллажон мийиғида кулиб деди:

– Майли, шеърни берай. Аммо бу шеърнинг биринчи қисми ҳолос. Иккинчи қисмини, яъни давомини ёзгим келмади. Тушкунликка тушгим келмади, қўлингиздан келса, уни давом этдиришга уриниб кўринг, руҳсат…

Ўшанда лом-лим дея олмадим. Бу – чумоли филга тақлид қилгандай бўлади-ку?! Аммо орадан анча вақт ўтгач, бир неча мисра қораладим. Ахир тарихда ҳаваскор қаламкашлар ҳам шеърият султонларига эргашиб, назира ва мухаммаслар битишган-ку?! Сиз ҳам ўқиб кўринг. Оташин шоир Абдулла Ориповнинг қуйидаги сатрлари менинг ҳам ошувдаги ҳисоботимга якун ясагандай:

БИР ҚАРАСАМ

Бир қарасам, дўстларимдан кўнглим тўқдай,

Бир қарасам, атрофимда ҳеч ким йўқдай.

Бир қарасам, муродимга етгандайман,

Бир қарасам, кўзи очиқ кетгандайман.

Бир қарасам, шон-шуҳратга йўғрилганман,

Бир қарасам, гўё энди туғилганман…

(Абдулла Орипов).

Мен ҳам армонларимни шоир сатрларига ҳамоҳанг қилишга уриндим:

Бир қарасам, чироқ тутар ҳамма тунда,

Бир қарасам, ҳеч кимим йўқ оғир кунда.

Бир қарасам, эъзоз бўлдим қариганда,

Бир қарасам, ўксидим соч оқарганда.

Бир қарасам, умр бўйи кулиб юрдим.

Бир қарасам, қўлим узун, кўкка етди,

Бир қарасам, бу кунлар ҳам елдай кетди…

(Абдуғани Абдуғафуров).

 Мақола Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, ёзувчи, драматург Абдуғани Абдуғофуровнинг эсдаликлари асосида тайёрланди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг