Илм-маърифатни қадрлаган юрт: Андижонда республика китоб ҳафталиги ўтмоқда

Бу Ўзбекистонда китобга бўлган ҳурмат ва эътиборнинг юксалаётганидан дарак беради.

Ўзбекистон Республикаси миқёсида иккинчи бор ўтказилаётган тадбирларда қирғизистонлик бир гуруҳ ижодкорлар ҳам фаол иштирок этишмоқдалар. Жумладан, Қирғизистон миллий ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Адабий Ахборот» журнали бош муҳаррири Барно Исоқова андижонлик шоир Баҳодир Андижонийнинг 70 йиллигига бағишланган тадбирда сўзга чиқиб, муаллифнинг «Заршода» китобининг қирғиз тилига таржима қилингани ва унга масъул муҳаррирлик қилганини эслатиб ўтди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда аҳоли маънавиятини, дунёқараши ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, юрт тарихи, миллий қадриятларни улуғлаш, аҳолининг китобхонлик даражаси ва маданиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

– “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида вилоятдаги меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, маҳаллаларда китобхонликни тарғиб этишга қаратилган тадбирлар, жумладан, китоб ярмаркалари, турли акциялар, давра суҳбатлари, тақдимотлар, танловлар ўтказилади, – дейди вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Зоҳиджон Тожибоев. – Ана шу тадбирлар, шубҳасиз, китобхонлар, қолаверса, ҳар бир юртдошимиз қалбида унутилмас таассуротлар қолдиради.

Вилоят кутубхонасида бир гуруҳ шоир ва ёзувчиларнинг китобхонлар билан учрашуви, андижонлик ижодкор Баҳодир Андижонийнинг “Саодат давони”, “Туйғулар чашмаси” номли китоблари тақдимоти китобхонларда катта таассурот қолдирди.

Баҳодир Андижоний, бу тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик, мутолаа маданиятини юксалтириш ва кенг тарғиб қилишга, уларнинг китобга, адабиётга бўлган муҳаббатини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

– Менинг шоирлигим фақат яхши инсонлар ва китобсевар халқим туфайлидир, – дея шоир тадбир уюштирувчиларига миннатдорчилик изҳор этди.

– Китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди, – дейди тадбир иштирокчиси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Андижон академик лицейи кутубхонаси мудири Гулчеҳра Анорбоева. – Қолаверса, мунтазам китоб ўқийдиган инсон билимли, одоб-аҳлоқли, юксак маънавиятли шахс бўлиб шаклланади. Ишончим комилки, китобни, илм-маърифатни қадрлаган юрт шубҳасиз, тараққиётнинг юксак чўққиларини забт этади.

Китобхонлик ҳафталиги 18 апрелда бошланиб, 23 апрелгача давом этади. Унинг доирасида вилоятдаги таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, ҳарбий қисмларда “Китоб менинг дўстим” акцияси, “Китоб ва маънавият”, “Китоб мутолааси – менинг севимли машғулотим” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирлар, “Энг фаол китобхон”, “Энг фаол ва истеъдодли ёш ижодкор”, “Энг фаол китобхон оила”, “Энг яхши хонадон кутубхонаси” танловлари, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида мумтоз адабиёт вакиллари ижоди бўйича “Ғазалхонлик” танлови, Бобур ҳамда Абдулҳамид Чўлпон ижодига бағишланган тадбирлар ўтказилади.

– Мазкур тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, фуқароларнинг адабиётга бўлган эътиборини, аҳоли ўртасида маънавий озуқа манбаи бўлган китобга, китоб ўқишга бўлган қизиқишни, мутолаа маданиятини оширишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Қўчқорова.

Катта тантана билан ўтаётган китобхонлик ҳафталиги ва адабиёт байрами давомида “Чўлпон” китобининг икки жилдли тўплами, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Адабиёт” нашриётида чоп этилган “Хабибий”, шунингдек, андижонлик ижодкорлар Фарид Усмоннинг “Тунда чопган тулпорлар”, Музаффар Жаъфарнинг “Айтарим бордир менинг”, ҳамда Муҳаммад Юсуф ижодий мактаби ўқувчиларининг ижод намуналари жамланган “Ёшлик баёзи” номли китобларнинг тақдимотлари ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли вилоят ахборот кутубхона марказида ҳафталик очилишига бағишлаб ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, ҳарбий хизматчилар, китобхонлар, ёшлар иштирок этди.

Барно Исоқова, Оқбура, Андижон.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг