Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 2 млрд. долларга чиқади

Ўзбекистон президентининг Бишкекка бўлажак ташрифи ўзаро муносабатларга янги туртки бериши кутилмоқда.

Икки давлат расмийларининг хабарларига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг май ойи охирларида расмий ташриф билан Бишкекка келади. Куни-кеча бу ташриф натижалари самаралироқ бўлиши мақсадида Қирғизистонга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестиция ҳамда ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов келиб кетди.

Ташриф давомида кўпдан бери айтилиб келаётган Қирғиз-Ўзбек тараққиёт фонди расмий очилди. Жамғарманинг тантанали очилиш маросимида Қирғизистон Вазирлар маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаров ва ўзбекистонлик мартабали меҳмон Сардор Умурзақов иштирок этдилар.

Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг устав капитали 50 миллион долларни ташкил этади. Келгусида бу кўрсаткични 200 миллион долларгача кўтариш кўзда тутилган. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Бишкекда жойлашган бўлиб, икки давлат ишбилармонларини, улар ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Ақилбек Жапаров Ўзбекистон Қирғизистоннинг “муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланишини” айтиб, Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик, муштарак тарих, маданият, анъаналар, тил ва маънавий қадриятларга асосланган қирғиз-ўзбек муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилаётганини таъкидлади.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаров

“Икки давлат раҳбарлари томонидан товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича қўйилган вазифани бажариш учун қўшма корхоналар, чорвачилик кластерлари, логистика марказлари, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегарадош ҳудудларда эркин иқтисодий зоналар (саноат) ташкил этиш орқали ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун шароитларни яратишни таклиф қиламиз”, –  деди у маросимда сўзлаган нутқида.

Ақилбек Жапаровнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси доирасида Қирғизистон томон дастлаб Қизилқия шаҳрида чегара ҳудудларидаги савдо учун савдо-логистика марказини қуриш, ушбу марказни “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” мультимодал транспорт йўлаги билан боғлайдиган “Иркештам – Дарўўтқўрғон – Учқўрғон” йўл қурилиши каби устувор лойиҳаларни таклиф қилмоқда.

Унга кўра, Қизилқия шаҳрини Хитой билан чегарадаги “Иркештам” назорат-ўтказиш пункти билан боғловчи автомобиль йўлнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ишлари бошланган.

«Қирғизистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси ва Хитой ўртасида транзит кўприк вазифасини бажаришга тайёр. Бундай истиқболли инфратузилма лойиҳалари Вазирлар маҳкамаси томонидан устувор вазифа сифатида кўрилмоқда. Шунингдек, биз Ўзбекистон Республикасига цемент, кўмир, картошка, гўшт, сут ва сут маҳсулотларини етказиб бериш ва унинг ҳажмини оширишга тайёрмиз», — деди Ақилбек Жапаров.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродасига боғлиқ ҳолда икки томонлама ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини айтди. Ўзбекистон томони икки давлат ўртасида илгари эришилган барча келишувларни амалга ошириш ва икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. У Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти муваффақият қозонишига ишонч билдирди.

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий, сув-энергетика, сармоявий, қишлоқ хўжалиги ва транспорт логистикаси соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Қамбарота-1 ГЭСини қуриш лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Сардор Умурзоқовни Қирғизистон президенти Садир Жапаров қабул қилиб, учрашув давомида Ўзбекистон Қирғизистоннинг жуда муҳим ташқи сиёсати ва стратегик ҳамкори эканини яна бир бор тасдиқлади. Икки қардош халқни кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, умумий тарих, яқинлик маданияти, урф-одатлари, тили ва маънавий қадриятлари боғлаб туради.

Шу муносабат билан Садир Жапаров Ўзбекистон билан давлатлараро муносабатлар ва кўп қиррали ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга чақирди.

Давлат рахбари жорий йил май ойи охирида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кутилаётган жавоб ташрифини мамнуният билан қайд этди ва олий даражадаги қирғиз-ўзбек музокаралари икки давлат ўртасидаги муносабатларни ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳаларда сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига олиб чиқишига ишонч билдирди.

Ўз навбатида меҳмон Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифига тайёргарлик кўриш учун президент топшириғи билан Бишкекка келганини маълум қилди.

Сардор Умурзоқов ўзбек-қирғиз муносабатлари ва ҳамкорлигини яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик руҳида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр ва манфаатдор эканини яна бир бор тасдиқлади.

Умида Мирзабаева, Оқбура.

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг