Жонли тарих: Ўш ўзбек театрига буюк Тамарахонимнинг нима алоқаси бор?

Оқсоқол театрнинг 105 йиллик юбилейига бағишланган мақолалар туркумини давом этдирамиз.

Ҳозирги ёш авлод балки яхши билмас, аммо ўрта ва кекса авлод яхши маълумки, Тамарахоним деганда дунёнинг элликка яқин мамлакатида турфа, ранг-баранг тилларда концерт бера олган иқтидорли жаҳонгашта санъаткор кўз олдимизда намоён бўлади.

Тамарахоним Улуғ Ватан уруши жанг майдонларида, урушдан кейинги тиклаш даврининг меҳнат жабҳаларида ўз репертуари билан фаол иштирок этди, капитан ҳарбий унвонига, СССР халқ артисти деган юксак мақомга сазовор бўлди.

Биз учун шуниси диққатга сазоворки, Тамарахонимнинг таржимаи ҳолида Ўш ўзбек театри билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Савол туғилади: Тамарахоним билан Ўш ўзбек театри ўртасидаги ришталарни ким боғлади? Дадил айта оламизки, бу ришталарни Ўш ўзбек театрининг илк раҳбари ва ташкилотчиси Аҳмад ака Тўхтаматов боғлади.

Аҳмад Тўхтаматовнинг Ўзбекистон ва Қирғизистон санъати равнақига қўшган ҳиссаси беқиёс…

Ушбу самарали ҳамкорлик тарихи ўтган асрнинг 50-йилларидан бошланган. Лирик чекиниш сифатида Аҳмад ака ҳақида бир шингил маълумот тариқасида театр учун жонини фидо қилишга тайёр бўлган бу инсоннинг умр йўлига бир назар ташлайлик. У санъатга ёшлигиданоқ меҳр қўйди. 1915 йили ўн икки яшар болалик чоғида Ўшда томоша кўрсатиб юрган хусусий циркка оддий ишчи бўлиб кирди.

Тошкентда ташкил қилинган Юпатов цирки 1919 йили давлат ихтиёрига ўтказилади ва “Меҳнат-коллектив” номи билан ўз фаолиятини давом эттиради. 1921-1922 йилларда цирк Самарқандга боради. Маҳаллий ҳукумат Тўхтаматовнинг ташкилотчилик фаолиятини кўриб, “Беҳбудий” кинотеатрига директорликка тавсия этади.

Самарқандда бўлган кезларида Йўлдош Охунбобоев Аҳмад акани ўз ҳузурига чақиради.

– Сизга бир муҳим топшириқ бор, – дейди янги совет республикасининг отаси. – Ҳалқимиз маданиятини кўтариш керак. Сиз халқ маорифи тизими орқали “Кўк кўйлак” агитгуруҳини ташкил қиласиз. Мана сизга мандат. Қаерда ўзингизга маъқул санъаткор бўлса, республика ҳукумати номидан гуруҳингизга қабул этишингиз мумкин.

Навқирон Аҳмад Тўхтаматов ўғли, театрнинг бўлажак директори Бахтиёр Тўхтаматов (чапда) ва театрнинг бўлажак артисти Баҳром Тўхтаматов (ўнгда) билан.

Йўлдош Охунбобоев шахсан ўз қўли билан топширган, ўз муҳри ва имзоси билан нишонланган бу тарихий хужжат Аҳмад аканинг бой архивида ҳанузгача сақланади.

Бизнинг “Кўк кўйлак” агитгуруҳимиз чинакамига кучли жамоага айланди, – деб эслар эди Аҳмад ака кейнроқ. – Ҳозир номи машҳур бўлган кўпгина санъат, маданият ва фан арбоблари ўзларининг дастлабки қадамларини ана шу агитгуруҳдан бошлаганлар”.

Улар орасида академик Воҳид Абдулла, машҳур бастакорлар Толибжон Содиқов, Дони Зокиров, Набижон Ҳасанов, санъаткорлардан Асрор Жўраев, Мирбобо Зиёев ва бошқалар бор эди.

Кейинчалик ҳукумат Тўхтаматовга яна бир муҳим вазифа топширади. “Кўк кўйлак” гуруҳи базасида профессионал театр ташкил этиш лозим эди. Аҳмад ака бу вазифани ҳам виждонан адо этди. Ҳамид Олимжон номли Самарқанд ўзбек драма театри ана шундай ташкил этилди. Бу ерда Аҳмад ака директорлик лавозимида ишлади.

1932 йилнинг май ойларида Аҳмад акани Охунбобоев яна ўз ҳузурига чақиртирди:

– Қирғизистон республикаси ҳукумати Ўш ўзбек театрига амалий ёрдам сўраяпти, – деди ота. – Биз сиздай ташкилотчини қўлдан чиқаргимиз йўқ, аммо қардош республикага ҳам ёрдам беришимиз зарур. Сиз ҳамиша бизнинг ҳисобимизда турасиз. У ерда ишни йўлга қўйиб берганингиздан кейин чақиртириб оламиз. Ҳозирча Ўш вилоятидаги театр кучларини тўплаб, бақувват жамоа тузиб берсангиз…”

Отанинг бу топшириғи ҳам адо этилди. 1934 йил августь ойида Аҳмад Тўҳтаматов раҳбарлигидаги Ўш ўзбек театрининг етмиш кишидан иборат ижодий жамоаси Ленинград шаҳрига гастролга борди. Ленинград санъат аҳли уларни шу қадар самимий ва қизғин кутиб олдики, озгина муддатга мўлжалланган гастрол роса бир ой давом этди. Ўнлаб завод, фабрикаларга, дам олиш уйлари ва истироҳат боғларига бориб, томошалар кўрсатилди, учрашувлар ташкил этилди.

Аҳмад ака 1935 йили яна Ўзбекистонга чақириб олинди ҳамда республика комсомоли Марказий қўмитаси ҳузуридаги ишчи ёшлар театрига директор этиб тайинланди. Шундан кейин у Андижон вилоятидаги Ленинск (ҳозирги Асака шаҳри. – таҳр.) шаҳар колхоз-совхоз театрини республикадаги етакчи театрлар қаторига кўтарди. Кейинроқ Ўзбекистон давлат эстрадаси равнақига катта ҳисса қўшди.

Кейинги ўттиз йилдан кўпроқ умрини у яна ўзининг қадрдон Ўш театрига бағишлади.

Каминани “Ленин йўли” вилоят газетасида ишлаётган жойимдан 1937 йил июнь ойида Ўш ўзбек театри директорлигига тайинлашди.

Ўша вақтда театрда маънавий ва молиявий таназзул юз берган экан. Бадиий кенгаш аъзолари жамоатчилик вакиллари билан бирга йиғилиб, таназзулдан чиқиш йўлларини муҳокама қилдик.

– Қанча қарзимиз бор? – сўради Аҳмад ака бош ҳисобчи Усмонжон Ҳусановдан.

– Қирқ етти минг сўм, – деди ҳисобчи.

– Ўша 47 мингнинг 30 мингини мен икки ҳафтада топиб бераман, – деди қатъият билан бош маъмур Аҳмад ака.

Каминанинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Аҳмад ака сўзида давом этди:

– Ўртоқ директор, сизни бу лавозимга Ўш обқўмининг (вилоят қўмитаси. – таҳр.) биринчи котиби Султон Ибраимов тайинлаганини биламиз. Сиз обқўмга чиқиб, арзи-ҳолингизни айтинг, ёрдам беришади…

Икки кундан сўнг Аҳмад ака Тамарахонимни бутун бошли ансамбли билан олиб келди. Улар бир ҳафта давомида театр фойдасига концерт беришди.

Тамарахонимнинг муаллиф архивида сақланиб қолган ноёб расмларидан бири

Залда тумонат одам. Саҳнада ансамбль – Ўзбекистоннинг менман деган созанда ва бастакорлари виқор билан тизилишган. Улар – Фахриддин Содиқов, Саиджон Калонов, Қаҳрамон Дадаев ва бошқалар. Улар билан бир сафда театримиз созандалари – Шавкат Дадажонов, Жасур Салоҳов, Нажот Тўрахўжаев, Зокиржон ва Муҳаммаджон Шокировлар, Баҳром ва Муҳаммаджон Тўхтаматовлар, Турсунбой Жўраев, Юсуфжон Махмудовлар ўтиришибди. Менинг таажжубланганимни сезган Тамарахоним аста шивирлади:

– Созандаларингиз катта алплардан ўрганишсин, кейинги сафар ансамблсиз тез-тез ўзим келаман, келавераман…

Тамарахонимни қувонч билан кузатдик. Индинига Аҳмад ака Ортиқ Отажонов билан қўшма концертга билет сота бошлади…

Вилоят қўмитасининг буйруғи билан ўша йили 9 ноябрьда шаҳар стадионида “Меҳнат ва қўшиқ байрами” ўтказилди. Фрунзедан (ҳозирги Бишкек) атоқли санъаткорлар келиб қатнашишди. Бундан тушган тушган маблағ ҳам театр ҳисобига ўтказилди. Театр қаддини ростлаб олди.

Тамарахоним шундан кейин Ўш театрига тез-тез келиб турди. Навбатдаги гастрол сафари кунлари театр жамоаси билан маҳорат дарси ўтказилди. Ўшанда Тамарахоним билан бирга синглиси – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гавҳархоним Раҳимова ҳам келган эди. Давра суҳбатида Тамарахоним хорижий гастроллари вақтида Ҳиндистон Бош вазири Жавоҳарлал Неру билан, Миср президенти Жамол Абдул Носир билан, Хитой бош вазири Чжоу Эньлай билан бўлган учрашувлари ҳақида завқ ва мароқ билан гапириб берди.

Миллионлаб мухлислари Тамарахонимни мана шундай қувноқ ҳолида эслаб қолдилар

Суҳбат орасида Гавҳархоним “Опа, ип” деб қўярди. Биз хайрон бўлардик. Шу аснода котиба қиз кириб, Тамарахонимни қабулхона телефонига Тошкентдан сўрашаётганини айтди. Тамарахоним хонадан чиққач, Гавҳархоним бизга изоҳ берди: “Опам гоҳида завққа тўлиб кўпроқ гапирворади. Келишиб олганмиз. Опам гапни чўзиб юборса, мен аста “Опа, ип” деб қўяман”…

Тамарахоним қайтиб келиб, давра суҳбатини яна давом этдирди.

Гавҳархоним орада яна икки марта “Опа, ип” деди. Опа эътибор бермади. Учинчи марта “Опа, ип” дейилганда, Тамарахоним синглисига бир ўқрайди-да, киноя қилди:

– Гавҳар, ҳадеб ип деяверма, ҳозир ип эмас, занжир бўлса ҳам узаман. Бу ер менинг “родной” театрим, ёзилиб гапирволай…

Суҳбатга яна файз кирди.

…Вақти келиб, Аҳмад аканинг васияти амалга ошиб, унинг иқтидорли, ишбилармон ўғли Бахтиёржон Тўхтаматов театрга 27 йил раҳбарлик қилди. Бу даврда театр жамоаси камолот пиллапоясининг энг юқори чўққиларига чиқа олди. Айниқса, Бахтиёржоннинг саъй-харакатлари ва Қирғизистон ҳукуматининг қарори билан театрга “Академик театр” мақоми берилиши тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битиладиган воқеа бўлди.

Театр жамоаси бундан буён ҳам ана шу юксак мақомни шараф билан оқлайверади, деб умид қиламиз.

Мақолани Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, ёзувчи, драматург Абдуғани Абдуғофуровнинг эсдаликлари асосида Одилжон Дадажонов тайёрлади.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг