Юртнинг асл ўғлон ва қизларининг ҳаёти тарих зарварақларига муҳрланмоқда

Яқин тарих битиклари акс этган «Мозийға қайтиб…» китобининг иккинчи жилди нашрдан чиқди.

Китоб муаллифи Одилжон Дадажоновнинг сўзларига кўра, унда тўқсонга яқин таниқли қирғизистонлик ўзбекларнинг ҳаёти ва ижоди ёритилган бўлиб, тарихий суратлар билан безалган.

“Иккинчи китобимиз кўриниши худди биринчиси каби. Ўзгачалиги, китобимизда ҳаёти ва ижоди ёритилган ҳар бир шахснинг иккитадан ортиқ суратлари жойлаштирилган. Биринчи китобда қаҳрамонларнинг фақат биттадан сурати бор эди. Шунингдек, китобнинг ўртасида “Сурат ва обидалар” дея номлаган рукн остида Ўш шаҳри ва вилоятидаги қадимий обидаларнинг суратлари жойлаштирилган”, дейди Одилжон Дадажонов.

Китобда Қирғизистон диёрида яшаб ўтган, юрт равнақи учун хизмат қилган, ҳар соҳада ўзгаларга ўрнак бўлган фидоий инсонлар ҳақида илмий холислик ва объектив тарихий тизимлилик асосида батафсил маълумотлар берилган.

Молиявий сабабларга кўра «Мозийға қайтиб… »нинг иккинчи китоби бор-йўғи 500 нусхада нашр қилинган. Уни кўпроқ нашр қилиш учун муаллиф ҳомий изланган, бироқ бу хайрли ишга камарбаста бўлишни истаган одам топилмаган. Муаллиф китобни асосан ўз ҳисобидан чиқаришга мажбур бўлган.

“Китобни тўлақонли ва кўпроқ нусхада чиқариш учун кўп маблағ керак экан. Ўзимнинг молиявий аҳволим яхши эмаслиги сабаб, китобга киритилган айрим шахсларнинг фарзандларидан сотилажак китоб пулларини аввалдан беришларини илтимос қилиб олдим ва китобни босмахонага бердим…” дея койийди Одилжон Дадажонов.

Унинг фикрича, одамларнинг маънавият ва маърифатдан узоқлашиб бораётгани, китоб ўқимай қўйгани босма нашрларнинг чиқишига салбий таъсир қилмоқда.

“Биз фақат Аллоҳга суянамиз. Унинг ўзидангина сўраймиз. Китобимиз нашр қилинди. Аллоҳ бу ишимизни бардавом қилсин. Китобимизни сўраганлар кўп, лекин нусхаси оз. Албатта, китобимиз тарихимизни ёритишга қандайдир хисса қўшса хурсанд бўламиз”, дея қўшимча қилди китоб муаллифи биз билан суҳбатда.

Абдулла Қодирийнинг “Мозийға қайтиб иш кўришлик хайрликдир, дейдилар” деган ҳикматли гапидан иқтибос келтириб номланган китобнинг биринчи нашри 2021 йилнинг 11 январида нашрдан чиққан. Китоб аввалига 200 нусхада нашр қилинган. Ўқувчиларнинг талабларига биноан, кейинчалик яна 300 нусха атрофида чиқарилган.

“Мозийға қайтиб…” китобининг биринчи нашри 215 нафар қирғизистонлик табаррук сиймолар ҳақида ҳикоя қилади. Китобнинг бир нусхаси Ўзбекистон миллий кутубхонасига тақдим этилган бўлиб, уни кутубхона сайтида ҳам, электрон кўринишида ўқиш мумкин.

Биринчи китобнинг Ўзбекистон миллий кутубхонасидаги тақдимоти. Тошкент, 2021 йил

Китобни ёзишдан аввал муаллиф ундаги маълумотларни Фейсбук ижтимоий тармоғида эълон қилиб келган. Шу сабабдан нашр халққа тез етиб борди ва одамлардан биринчи китобга кирмай қолган инсонлар ҳақида ҳам ёзиш таклифи айтилди.

“Шу сабаб китобнинг иккинчисини чиқаришга эҳтиёж пайдо бўлди. Чинданам, ҳикоя қилишга арзигулик тарихий сиймоларимиз ҳам кўп экан”, – дейди Одилжон Дадажонов.

Китобга тақризни педагогика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қозоқбой Йўлдошев ёзган. Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек халқаро университети тасарруфидаги ўзбек мактаблари учун Дарсликлар тайёрлаш маркази бош муҳаррири, филология фанлари номзоди Махсумхонов Саидакбар Аъзамхонович масъул муҳаррир вазифасини бажарган.

Сўзбоши муаллифлари «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддинов ва Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, Қирғизистон ва Россия Федерацияси ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, драматург, профессор Абдуғани Абдуғафуров.

Китоб нашри ва уни сотиб олиш билан боғлиқ саволлар бўлса, +996 555185090 телефон рақами орқали муаллифга мурожаат қилиш мумкин.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура, Ўш

Расмлар муаллифнинг ижтимоий тармоқлардаги манзилидан олинди.

Таҳририятдан: Сайтимиз жамоаси муаллифни янги китобининг ёруғ кўриши билан табриклайди ва ижодига барака тилаб қолади. Шу билан бирга саҳоватпеша ҳамюртларимизни бу лойиҳа билан танишиб, нашрни кўпроқ нашр қилиб, элимизга тарқатишга баҳоли қудрат ёрдам беришга чақиради.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг