Human Rights Watch: Мустақил журналистларни таъқиб этишни бас қилинг!

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон расмийларига мурожаат қилди.  

Халқаро Human Rights Watch ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини мустақил журналистлар ва оммавий ахборот воситаларини таъқиб қилишни бас қилишга чақирди. Бу чақириқ янграган баёнот ташкилот сайтида чоп этилган.

Баёнотда “Кактус.Медиа” нашри ва журналист Болот Темировга нисбатан очилган жиноий иш ҳамда “Next TV” телеканалининг жиноий таъқибга учрагани ҳақида сўз боради. Номи тилга олинган нашр ва журналист расмий ҳокимиятни кескин танқидга олиб туришлари билан танилганлар.

«Қирғизистон ҳукумати сўз эркинлигини ҳимоя қилишини даъво қилмоқда, бироқ жиноий ишлар орқали мустақил матбуотни бостиришга ҳаракат қилмоқда. Расмийлар Таалай Дуйшембиевни озод этиши, унга ва бошқа ОАВларга нисбатан асоссиз айбловларни олиб ташлаши керак», – дейди HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Сийнат Султаналиева.

Жорий йилнинг 3 мартида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Next TV телеканалига қарши жиноий иш очди. Журналистларни миллий адоватни қўзғатишда айблаётган тергов маълумотларига кўра, телеканал Қозоғистон разведка хизматининг собиқ раҳбарига ишора қилган ҳолда, “Украинадаги махсус операция давомида гўёки Қирғизистон Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим борлиги ҳақида ёлғон маълумот тарқатган».

Телеканал директори Таалай Дуйшембиев ҳибсга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 330-моддаси («Ирқий, миллий, диний, минтақалараро адоватни қўзғатиш») бўйича иш очилиб, 5 март куни суд уни тергов тугагунига қадар икки ойлик муддатга ҳибсга олган.

Шунингдек, Бишкекнинг Биринчи май “Первомайский” тумани суди Бош прокуратуранинг телеканал кўрсатувларини тўхтатиш ҳақидаги талабномасини қисман қондирди ва “Next TV” телеканалида кўрсатилган материални экстремистик деб топди.

Ушбу жиноий ишлар юзасидан маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва медиа ташкилотлар баёнотлар бериб, уларни сўз эркинлигига қарши кўрсатилаётган босим деб баҳоламоқдалар.

Оқбура, Бишкек.

Расм инернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг