Табрик ўрнига хотира: Охиратингиз обод бўлсин, эй, яхши Одам!

Таниқли журналист ва жокуяр адиб Ёқубжон Хўжамбердиев бугун 75 ёшга тўлган бўлар эди.

Қирғизистон жанубидаги Сузоқ қишлоғида туғилиб, бу дунё билан Тошкентда видолашган ёзувчи, публицист ва таржимон Ёқубжон Хўжамбердиев тирик бўлганида, бугун унинг ҳамкасблари, дўстлари ва яқинлари катта тантаналар устида устоз ижодкорга яхши тилакларини айтиб, табрик йўллаётган бўлардик. Аммо, энди бу инсонни ёд этиб, дуо қиламиз. Табрик эмас, хотиралар ёзамиз.

“Ўзбекистон – Қирғизистон” дўстлик жамиятининг таклифи билан 2021 йилнинг чилласида бир гуруҳ қирғизистонлик ижодкорлар билан Тошкентга бордик. У ерда бизни кутиб олиб, иззат-икром кўрсатганлар ҳам асосан Қирғизистонда туғилиб, сўнгра тақдир тақозоси билан Ўзбекистонда яшаб қолган, ўзларининг турли жабҳалардаги меҳнатлари билан обрў топиб яшаётган ижодкорлар, юртдошларимиз эди.

Мезбонлар орасида мен аввал танимаган инсон ҳам бор эди. Бўйи паст ҳам, баланд ҳам бўлмаган, аммо савлатли, сочи «оқланган», қовоқлари уйилган, нигоҳлари жиддий бу одам сафаримизнинг биринчи куни деярлик гапирмади, фақат эшитди. Кулганини кўрмадим, гапирганини эшитмадим.

Бу инсоннинг асли сузоқлик эканини билганимдан кейин, ҳамроҳим Абдумўмин ака Мамараимовдан «мен, танимас эканман, ким ўзи бу киши?», деб сўрадим. Саволимга олган жавобимдан кейин жуда хижолат бўлдим. Адабиётчи эдим, журналист эдим, қирғизистонлик эдим, аммо у кишини танимагандим. Уялдим. Аслида, Ёқубжон Хўжамбердиев ёзган китобларни, мақолаларни ўқиган эканман, аммо муаллифнинг кинлигига эътибор қаратмаган эканман.

Ёқубжон Хўжамбердиев ким эди?

Ёқубжон Хўжамбердиев 1947 йилнинг 15 мартида Ўш вилоятининг (ҳозирги Жалолобод вилояти) Сузоқ қишлоғида туғилган. Мактабни битириб, Тошкент Давлат университети (ҳозирда Ўзбекистон Миллий Университети) журналистика факультетининг кечки бўлимида ўқийди. Қўлида ҳунари борлиги асқатиб, дастлаб қурилишда ишлайди. Кейинчалик Университетнинг ҳарбий кафедрасида ҳайдовчи, лаборант бўлиб хизмат қилади.

Ёқубжон Хўжамбердиев

Учинчи курсдан бошлаб оммабоп «Тошкент Оқшоми», «Совет Ўзбекистони», «Ўзбекистон Маданияти» газеталарида мусаҳҳиҳга ёрдамчи, мусаҳҳиҳ бўлиб ишлайди. 1975 йили ўқишни тамомлагач, «Қишлоқ ҳақиқати» газетасига мухбир бўлиб ишга ўтади. 1981 йилда «Ўзбекистон Маданияти» газетаси қайта ташкил этилиб, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» номи билан чиқа бошлаганда ёш журналист бир русийзабон публицистнинг иккита мақоласини таржима қилиб беради. Таржимадан қониққан газета муҳаррири, ёзувчи Асқад Мухтор Хўжамбердиевни газетага ишга таклиф қилади.

Шу тариқа узоқ йиллар давомида шу газетада мухбир, бўлим бошлиғи, сайёр мухбир вазифаларида ишлаб қолади. Кейинчалик «Ёшлик» ва «Саодат» журналларида бўлим бошлиғи, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиевалар билан бирга ишлаган.

Кейинроқ, 1992-1996 йилларда Тошкентда чоп этилган «Ватан» газетасига бош муҳаррирлик қилди. Ушбу мустақил, мутлақо янгича мазмунда чиқа бошлаган газетани Қирғизистонда туғилиб ўсиб, Ўзбекстонда яшаб қолган ижодкор ва ишбилармонлар ташкил қилган эдилар.

Бу орада шоир ва ёзувчи сифатида ҳам самарали ижод қилиб улгурди.

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг 1981-87 йилларда «Зарурат», «Ой тўлган тунлар» номли шеърий, «Уйда тинчи бўлсин, йигитнинг» номли публицистик мақолалар тўпламлари чоп этилган.

Ёқубжон Хўжамбердиев 1990 йилда Қирғизистоннинг жанубида рўй берган этник тўқнашувлар сабаблари ва оқибатлари ҳақида ёзган ҳаққоний, жасоратли мақолалари билан ҳам кенг танилган эди.

Таржимонлик соҳасида ҳам яхшигина тажрибага эга бўлган адиб 1998 йилда Набижон Боқий билан биргаликда Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов қаламига мансуб «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» асарини ўзбек тилига ўгирган.

Кейинги йилларда ёзувчининг «Ойнинг ёруғ кунлари», «Қалдирғочлар баҳорда келади» каби қиссалари ва «Сузоқнома» тарихий-бадиий асари китоб бўлиб чиқди.

Ёқубжон Хўжамбердиев кўп йиллардан буён Қирғизистон диёридан чиққан буюк, миллатпарвар аллома, довюрак қўмондон, Маршал Алихонтўра Соғунийнинг ҳаётини ўрганиб келарди. Соғунийнинг Ўрта Осиёда Ислом динини мустаҳкамлаш ва Туркистон халқлари озодлиги учун курашда тутган мислсиз ўрни ҳақидаги материалларни ўрганиб, кўплаган мақолалар ёзди.

Ана шу изланишлари натижаси ўлароқ ёзувчи аввалига 2014 йилда «Соғуний соғинчи» номли қиссасини чоп эттирди. 2018 йилда эса муаллифнинг «Соғуний» деб номланган кенг кўламдаги роман-маноқиби дунё юзини кўрди.

Минг афсуслар бўлсинки, «Соғуний» китобининг учинчи нашрини кўриш муаллифга насиб қилмади. Бунга бир ҳафтагина вақт етмай қолди.

“…Мен Ёқубжон аканинг бетоб бўлиб, касалхонада эканидан хабарим йўқ эди. Куз маҳали (2021 йили. – Таҳр.) «Соғуний» номли китобларининг нашри ҳақида гаплашгандик. Бир ҳафтача олдин китобни чоп қилиб, сотувга чиқаргандик. Суюнчисини олиш учун 10-15 китобни қўлтиқлаб, Набижон устоз билан Ёқубжон акани зиёрат қилмоқчи эдик. Тақдир экан, у кишидан суюнчи ололмадик, ўзлари эса китобларининг янги нашрини кўролмадилар. Китобга меҳр бериб ишлаган эдик, муқовасида ҳам рамзий маъно беришга ҳаракат қилгандик. Менимча, кўрганларида, албатта, хурсанд бўлардилар», деб ёзади ижтимоий тармоқда ношир Ҳусан Мақсудов.

Ёлғондан нафратланган одам

«Дадамнинг энг кўп берган насиҳати бу – “ёлғон гапдан қўрқ, ҳалол бўлгин”, деган сўзлардан иборат эди. Ўзи ҳам ёлғондан қаттиқ нафратланар эди. Ҳалол яшашга уринди, ҳаромдан узоқ бўлди», дейди Ёқубжон аканинг тўнғич ўғли Алишер Хўжамбердиев.

Бизнинг оилада Жалолобод, Сузоқ, Қорасув ҳақида гаплашмаган бирор кунимиз бўлмасди. Чунки, отам Сузоқда, онам Қорасувда туғилиб ўсган. Улар бизга у ерлар ҳақида меҳр билан айтиб беришарди. Йўқ деганда йилда бир марта мен ҳам ўша ерларга бораман. Қариндошларимизнинг деярлик бари Қирғизистонда, дея сўзини давом эттиради машҳур ёзувчининг ўғли.

Ёқубжон ака икки ўғил, икки қизга ота ва 12 нафар набираларга меҳрибон бобо бўлган. Унинг фарзандлари олий маълумот олиб, ҳозирда ўқитувчилик, тадбиркорлик билан ва бошқа давлат ишлари билан шуғулланишади.

«Дадам, Алихонтўра Соғуний ҳақида китоб ёзиш учун, жуда кўп инсонлар билан, Соғунийнинг авлодлари билан учрашган. Биргаликда Соғуний яшаган ерларга саёҳат қилдик. У кишининг қабрларига бориб, дуо қилардик… Охирги кунларда бир сценарийни рус тилидан таржима қилишга қаттиқ киришдилар. Жуда шахд билан ишлаётган эдилар, афсуски, адашмасам, 10 варақча қолиб кетди», – дейди Алишер ака.

Ё.Хўжамбердиев «Соғуний» китобини ёзиш жараёнида Қирғизистоннинг Толас вилоятида, Сотилған оға билан

Машҳур ўзбек шоири Хуршид Даврон Ёқубжон Хўжамбердиевни тўғрисўз ёзувчи ва публицист деб тарифлайди.

Ёқубжон ака шахсига нега олдин қизиқмаганман? Нега билмаганман? Шу саволларни ичимда қайта-қайта ўйлаб, ёзувчини яқиндан билганларга қўнғироқ қилар эканман, уларнинг жавобини адабиётшунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, асли ўшлик юртдошимиз Зуҳриддин Исомиддиновнинг фикрларидан топгандек бўлдим.

Кўзга ташланмайдиган одам

«Ёқубжон ака азбаройи камтарлиги туфайли, бир қараганда унчалик ҳам кўзга ташланмайдиган, лекин журналист, сўз санъаткори сифатида жуда катта фигура эди. У кишининг ёзганларини кўрсангиз, айниқса, публицист сифатида Қирғизистонда бўлиб ўтган воқеаларга муносабати, бу ҳақда махсус «Ўзимизнинг ўзбеклар» деган китоби ва бошқа асарлари билан танишсангиз, бунга гувоҳ бўласиз.

Зуҳриддин ака таъкидлаб ўтганидек, Ёқубжон Хўжамбердиев бутун ҳаётида асосан Қирғизистондан чиққан улуғ одамларнинг сиймоларини ёритишга, халқимизни улар билан таништиришга ҳаракат қилиб келди. Охирги ишларидан бири ҳам Бишкекка яқин Тўқмоқ шаҳрида туғилиб ўсган улуғ олим, истеъдодли саркарда ва ёзувчи Алихонтўра Соғуний ҳақидаги уч китобдан иборат маноқиби бўлди. Бу асар яқинда Тошкентда яна қайта нашр қилиниб, одамлар бу китобни зўр қизиқиш билан ўқишмоқда.

“Шахсий ҳаётда эса, юқорида айтганимдек камтар, камсуқум, бирор кишига овозини кўтариб гапирмайдиган инсон эди. Шунинг учун балки, у кишини яхши билмайдиган одамлар, уни писанд қилмаган бўлишлари ҳам мумкин. Ҳолбуки, Ёқубжон аканинг ўзбек адабиётида алоҳида ўз ўрни бор ва бу ўрин узоқ вақт сақланиб қолади», – дейди олим ва Ёқубжон аканинг дўсти Зуҳриддин Исомиддинов.

Мусулмонлар одатда вафот этган инсон ҳақида ёмон гапирмайдилар. Ким бўлишидан қатъи назар, унинг яхши ҳислатларинигина тилга олишга ҳаракат қиладилар. Аммо бу яхши гаплар доим ҳам соҳибининг ҳаёт йўлига мос келавермаслиги мумкин. Лекин Ёқубжон ака ҳақида дўстлари, оила аъзолари ва бошқа зиёлилар билан суҳбатлашиб, у кишининг асарлари, турли мавзулардаги мақола ҳамда интервьюларини ўқиб, Ёқубжон Хўжамбердиев ҳақида айтилаётган фикрларда ҳеч қандай ортиқча муболаға ёки зўр-базўр чапланувчи рангларга эҳтиёж йўқлигига гувоҳ бўлдим.

Ватанни, миллатини севган одам

«Фейсбук» ижтимоий тармоғида ҳам Ёқубжон акани яқиндан таниган инсонлар ҳамон ўз хотираларини эълон қилишмоқда, бу хотиралардан бири филолог ва журналист Норқобил Жалиловга тегишли. У кишининг фикрларидан бир оз ўқиб кўрайлик:

«Ишонгим келмаяпти. Ўтган ҳафта «Ҳуррият» газетаси (устоз кўп йиллардан бери шу газета билан ҳамкорлик қилиб келарди) бош муҳаррири Абдурасул Жумақул, «Ёқубжон аканинг аҳволи оғир экан, аканиям отинг ўчгур ковид балоси йиқитибди», деб қолди.

Кўп гаплашиб турардик. Бу одамнинг ҳеч қачон нолиганини, бировни ғийбат қилганини эслолмайман. Қатор нашрларда ишлади. Ўзбекистон телевидениесида бир муддат бош директор ўринбосари бўлганларида «просмотр»да ўтирарди кўрсатувларни кўрикдан ўтказиб. Неча марта ғалвали, танқидийроқ кўрсатувларимни кўриб қолсалар, секин четга чақириб, «мен кўрмадим, одамлар кўрсин» деб қўя қоларди…».

Шундан ҳам кўриниб турибдики, Ёқубжон ака, айрим “ўта масъулиятли” раҳбарларга ўхшаб, ҳақиқатни бўғишга эмас, аксинча, ўзига хос шижоат билан ҳаққоний материалларнинг халққа етиб боришига кўмак кўрсатарди. Эҳтимол, ўша лавозимда кўп ишламаганига ҳам шу сабаб бўлгандир…

Ёқубжон ака ҳақида суҳбатлашиш мақсадида у кишининг ҳамюрти ва маслакдоши, бозорқўрғонлик Ботиржон Ғозибоевга қўнғироқ қилдим. «Жалолобод тонги» газетасида узоқ вақт бош муҳаррир бўлган Ботиржон ака шундай эслайди:

«Ёқубжон ака Жалолободга келиши билан, албатта, «Жалолобод тонги» таҳририятига кирмай ўтмас эди. Ўз фикрларини айтар эди. Газетада «Соғуний соғинчи» асаридан парчалар ҳам берганмиз. Шу билан бирга ўзи туғилиб ўсган Сузоқ ҳақида «Сузоқнома» тарихий асарини ҳам ёзган. «Сузоқнома»да жуда кўп тарихий фактлар бор. Уларни қандай чидам, ирода билан тўплаганига тан бераман. Асарда Сузоққа оид саналар, изоҳлар жуда батафсил келтирилган. Сузоқликлар, умуман қирғизистонликлар ҳам у кишининг бу ишини қадрлайди, ҳурмат билан доим хотирлайди, деб ўйлайман».

Мақола аввалида айтганимдек, Ёқубжон ака билан бир мартагина кўришдик, аввалига суҳбатлашиш қийиндек туюлган бу инсон билан сафаримизнинг кейинги кунлари анча чиқишиб қолдик. Оғир ва вазминлик билан турли мавзуларда фикрини айтиб, сўз орасида мени шеърий машқларим ҳақидаги илиқ сўзлари билан сийладилар. Аммо, афсуски бу илк ва охирги учрашувимиз бўлиб қолди. Ёқубжон ака Хўжамбердиев ўзининг қутлуғ 75 ёшига икки ҳафтагина қолганда, 2022 йилнинг 28 февралида Тошкентда оғир хасталикдан сўнг оламдан ўтди.

Охиратингиз обод бўлсин, эй, яхши Одам!

Даврон Ҳотам, Оқбура, Ўш.

Суратларни марҳумнинг оиласи тақдим қилган

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг