Ўзбекистон Қозоғистон билан автобус қатновини тиклаяпти. Қирғизистон билан ҳам…ми?

Пандемия бўғот қўйган Тошкент-Бишкек автобус қатновининг яна тикланишига умид пайдо бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг Транспорт вазирлиги ахборот хизмати тарқатган хабарга кўра эртага, 16 мартдан бошлаб Ўзбекистон қўшни Қозоғистон билан икки томонлама мунтазам автобус қатновини қайта тиклайди.

Икки давлат ўртасидаги ўзаро битимга кўра, 2022 йилнинг 16 мартидан бошлаб Тошкентдан Қозоғистоннинг Нурсултон, Олмаота, Қизилўрда, Туркистон, Иргели шаҳарларига ҳамда Чирчиқ шаҳридан Чимкент ва Олмаота йўналишлари бўйлаб автобус қатнови амалга ошириш режалаштирилган.

Расмий хабарда шу нарса ҳам маълум қилинадики, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Қозоғистон орқали Россия ва Қирғизистонга транзит автобус ташувларини ташкил этиш юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Афсуски, хабарда Тошкент ва Бишкек ўртасидаги автобус қатновини тиклаш борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Бу қатнов икки давлат президентлари ўртасидаги дўстона музокаралар натижаси ўлароқ 2018 йилнинг мартида йўлга қўйилган эди. Ўшанда Ўзбекистон ва Қирғизистон Тошкент – Иссиқкўл ва Фарғона – Ўш ҳамда Андижон – Ўш йўналишида ҳам автобус қатновларини йўлга қўйиш ҳақида келишиб олгандилар. Афсуски, коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилнинг мартида Тошкент-Бишкек-Тошкент автобус қатнови ҳам тўхтатилган эди.

Бишкек – Тошкент йўналишидаги автобус қатнови ҳар икки давлат фуқаролари учун ҳам жуда қулай эди. Қозоғистон ҳудуди бўйлаб ўтадиган, узунлиги 600 километрлик йўлни босиб ўтиш учун чегарадаги текширувларни ҳисобга олганда бор-йўғи 10-12 соат вақт талаб қиларди. Чипта нархи ўша пайтда Қирғизистон валютасига 1000 сўмни ($13) ташкил қиларди. Кунига ҳар икки томонга учтадан автобус қатнашига қарамай, талаб кўплигидан кўпинча чипта олиш имкони бўлмай қолаётган эди.

Ҳозир Бишкекдан Тошкентга бориш учун икки йўл бор. Биринчиси – самолёт орқали. Лекин чипта нархи камида 150 Америка доллари тургани боис, бу йўл ҳамманинг ҳам чўнтагига тўғри келавермайди. Шу сабабли бишкекликлар икки давлат ўртасидаги Маданият чегара постигача қорли тоғ довонлари орқали таксида 8-10 соат юриб (500 км), кейин Маданиятдан Тошкентгача яна 350 километр кира қилиб юришларига тўғри келяпти.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, икки давлат ўртасидаги иқтисодий, маданий алоқаларнинг яхшиланиб бораётган шароитда Қирғизистондан Тошкент, Самарқанд ва Бухорога боришни ҳамда Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидан Бишкекка, Ўшга келишни истаган фуқаролар сони фақат ортиб бормоқда.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг