Қирғизистон Қаҳрамони, миллат машъалининг обрўсига қилинган тажовуз

Вазирнинг буюк жарроҳ Эрнст Акрамовга ҳурматсизлиги жамиятда кенг норозилик туғдирди.

Кўпдан бери ўзининг ножўя қилиқлари ва ҳамкасбларига нисбатан беодоблиги билан кўпчиликнинг кўнглидан қолган Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев энди таниқли жарроҳ, 85 ёшли тиббиёт фанлари доктори, Қирғизистон Қаҳрамони Эрнст Ҳошимович Акрамовни лавозимидан бўшатиб, унинг шаънига жуда қўпол сўзларни айтди. Унинг бу одобсизлиги жамиятда чуқур норозилик туғдирди.

Кибрми ёки нонкўрлик?

Кеча, 14-март куни вазир таниқли жарроҳ Эрнст Акрамов раҳбарлик қилаётган Чуй вилояти касалхонаси қошидаги Реконструктив-қайта тиклаш жарроҳлик илмий-тадқиқот марказининг ёпилганини маълум қилган. Бейшеналиев машҳур жарроҳни касалхонанинг жарроҳлик бўлими бошлиғи лавозимидан олганини ҳам айтган.

Булар ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев журналистлар билан суҳбатда димоғдорлик билан маълум қилди.

Аталган Реконструктив-қайта тиклаш жарроҳлик илмий-тадқиқот маркази Чуй вилояти  касалхонасининг жарроҳлик бўлимига 1992 йилдан бери, яъни қарийб 30 йил давомида раҳбарлик қилиб келаётган Эрнст Акрамов ташаббуси билан очилган. Давлатдан бир тийин олмай ишлаб келаётган марказ фаолияти доирасида Акрамов ўз шогирдлари билан ўнлаб тиббий ихтиролар қилиб, кўплаган илмий ишлар ёзишган. Бу ерда амалга оширилган ноёб жарроҳлик амалиётларини дунёнинг кўплаб давлатларида ҳалигача тажриба қилиб кўришмаган.

Ана шу илмий амалиётни китоб ва бошқа шаклдаги қўлланмалар ҳолига келтириш, уни мамлакат шифохоналари ишига татбиқ қилиш масалалари билан ҳам Марказнинг ўзи баҳоли қудрат шуғулланар, давлат органларига қилинган мурожаатлар эса жавобсиз қолиб келаётган эди. Вазир бўлса ёрдам ўрнига Марказни бутунлай яксон қилишга киришган.

Бейшеналиев Эрнст Акрамовнинг ишдан бўшатилганини, касалхонага янги бош шифокор тайинланганини маълум қилар экан, Акрамовнинг тақдири нима бўлишини билмаслигини айтган.

“Касалхонага янги раҳбар тайинладим. У Акрамовни қаерга қўйишини билмайман. У (Акрамов) у ерда ишламайди, ўша ерда яшайди. Мен, ҳайдаб юборишнинг кераги йўқ, яшайверсин, дедим. Унинг уйи йўқ, қариндош-уруғи йўқ. Яшайверсин”, – деган вазир Бейшеналиев.

Бишкекда Эрнст Акрамовнинг ота-онасидан қолган эски квартираси бор. Бироқ кўп йиллардан бери касалхонада унга алоҳида ажратиб берилган хонада яшаб келади. Бунинг сабаби ишидаги зарурат билан боғлиқ эканини у бир неча йил олдин журналист Абдумўмин Мамараимовга тушундирган эди.

“Квартирам олисда, бу ерга зудлик билан амалиёт ўтказиш зарур бўлган беморлар жуда кўп келади. Баъзида инсон ҳаётини бир неча сония ҳал қилиб қўяди. Қолаверса, беморлар ярим тунда, эрта тонгда, доимо кутилмаган пайтда олиб келишади. Шу сабабли менинг доимо шу ерда ҳозир бўлишим жуда зарур”, деган эди у ҳорғин жилмайиб.

Унинг оиласи йўқ. Бу ҳақдаги саволга у кулиб, ёшлик пайтида тиббиёт деган аёлга уйлангани, энди унинг оиласи мана шу касалхона ходимлари эканини айтган. Касалхона ходимлари эса, айниқса у раҳбарлик қилган жарроҳлик бўлимидагилар кекса жарроҳни оталаридай авайлаб, муомала қилишади. Қирғизистонда уни танимаган киши йўқ ҳисоби.

Хўш, баланддимоғ вазир Алимқадир Бейшеналиев ким? Нега у ўзига бу қадар зеб бериб, чинакам миллат Қаҳрамонини бу қадар ерга уради? Давлат ходими этикаси у ёқда турсин, оддий одоб, тарбия деган нарсалар унга ётми?

Бизнинг маълумот: Эрнст Акрамов 1936 йилда Бишкек шаҳрида туғилган. Тиббиёт фанлари доктори (1990), профессор (1998). Қирғизистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, собиқ СССР халқ депутати, Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши 4-чақирилиши депутати. Фан ва техника соҳасида Қирғизистон давлат мукофоти лауреати. Спорт гимнастикаси бўйича спорт устаси, бир неча бор республика чемпиони бўлган.

Эрнст Акрамов ўзбек миллатига мансуб икки Қирғизистон Қаҳрамонидан бири (биринчиси – фазогир Солижон Шарипов).

Машҳур жарроҳ 350 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи. Шогирдлари орасидан 20 нафари тиббиёт фанлари номзоди. Шунингдек, Акрамов жарроҳлик амалиётига киритилган ихтиролар ва ноёб усуллари учун 23 та патент муаллифи.

Оддий одамлар унга телбаларча ошиқ…

Вазирнинг бу қилиғи Қирғизистонда, зиёлилардан тортиб, оддий аҳоли орасида ҳам кенг  норозилик туғилишига сабаб бўлди. Бу ҳолат бугун ижтимоий тармоқларда энг кўп тилга олинаётган мавзулардан бирига айланди.

Биринчи галда тиббиёт соҳаси ходимлари ўз туйғулари билан ўртоқлашмоқдалар. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ ходимаси Елена Баялинова, Эрнст Акрамов раҳбарлик қилган тиббиёт марказининг ёпилишини танқид қилиб, шифокорни “Ватан ғурури ва олтини”, деб атаган.

“…Чуй вилояти касалхонасида иккита жарроҳлик бўлими мавжуд. Ҳар бири бир қаватни эгаллайди. 1992 йилдан буён ушбу бўлимлардан бирига профессор, тиббиёт фанлари доктори, Давлат мукофоти лауреати, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи, Қирғизистон Қаҳрамони Эрнст Хашимович Акрамов раҳбарлик қилиб келмоқда. 30 йил бўлим мудири лавозимида. Сизнингча, бу нормал ҳолатми?

У ёшлигида бош врач бўла олмади, ва на бошқа амалдор… Унга бу керак эмас эди! У беморларни тарк эта олмади ва кета олмайди, у ҳамманинг ҳаёти учун курашмоқда. Унга ҳеч қандай лавозим ва унвонлар керак эмас. 2002 йилда у Реконструктив-қайта тиклаш жарроҳлик марказини яратди ва у ерда улкан илмий ишларни амалга оширди. Унинг кўплаб шогирдлари илмий даражага эга бўлишди, Новосибирскда диссертациялар ҳимоя қилишди. Унинг ютуқларини санаб ўтиш учун жой етмайди. Асосийси, халқ, оддий одамлар унга телбаларча ошиқ. Унинг хайрия ишлари ҳақида ким билмайди? Унинг опера ва балет театрида ўтадиган анъанавий Акрамов концертлари… Энди эса, “омон қолсин, ҳайдаб чиқарма дедим, уйи йўқ….”. Сен кимсан? Ва Акрамов ким! Даҳшат!”, дея ҳафа бўлади Елена Баялинова.

Елена Баялинова Фейсбук ижтимоий тармоғида #Акрамовданқўлингниторт! хештеги остида норозилик акциясини бошлаган.

Яна бир Фейсбук қўлланувчиси Назгул Мамитова, Эрнст Акрамов ҳақида билдирилаётган минглаб одамларнинг фикрларини жуда яхши акс эттирган.

“Акрамовга қилинган муносабат нотўғри бўлди. Бу одам бошқа раҳбарлар каби касалхона ҳисобидан бойимаган. Касалхона ҳудудида уй қуриб олмади. Ўзи ишлаган идорада яшар экан. У оила ҳам қурмаган. Фақат битта “Жигули” машинаси бўлиб, уни ҳам ҳайдамасдан, касалхона олдида туриб эскирган дейишади”, деб койийди Мамитова.

Ижтимоий тармоқларда умуман Соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев олиб бораётган “ислоҳотлар” кескин танқид қилиниб, тажрибали шифокорлар, халқ ардоғидаги тиббиёт ходимлари четга сурилиб қўйилаётганидан норози бўлган одамлар президент Садир Жапаровга очиқ мурожаатлар қилишмоқда.

Хаста болаларни даволашга жамоатчилик томонидан ёрдамларни ташкил қилиб, Қирғизистонда биринчи болалар хосписини очгани билан танилган фаол, “Ёрдам қилиш осон!” фондининг раҳбари Динара Аляева ана шулардан бири. У президентга мурожаат қилиб, тажрибали шифокор Эрнст Акрамовнинг ватан, халқ олдидаги мислсиз хизматлари ва унвонларини санаб ўтар экан, Чуй вилояти касалхонасига унинг номини беришни таклиф қилиб, унга ниҳоят давлат ҳисобидан уй беришни илтимос қилган.

“…Уни ҳурмат билан нафақага кузатинг. У ўғрилик қилмаган, шунинг учун квартираси йўқ. Бутун мамлакат сизга қараб турибди. Сизни ҳам шундай ҳурмат билан нафақага юборишларига умид қиламан”, деб ёзади Динара Аляева ўз мурожаатида.

Президентга йўлланган ушбу мурожаатни тез орада юзлаб одам имзолаган.

Бу биринчиси эмас…

Вазир бўлгандан бери Алимқадир Бейшеналиев ўзининг давлат президентига яқин эканини яширмай, жамиятда кенг норозиликларга, масхара ва кескин танқидга сабаб бўлган гапларни айтиб, тиббиёт соҳасидаги таниқли раҳбарлар билан “олишиб” келади. Улар қаторида таниқли травматолог, минглаб одамларнинг суюкли доктори Сабирбек Жумабеков ҳам бор. Вазир уни охири травматогия маркази раҳбари лавозимидан бўшатиб тинди.

Вазирнинг охирги можароси Бишкекдаги машҳур кўз микрохирургияси шифохонаси раҳбари Алмазбек Исманқулов билан боғлиқ. Вазир Исманқуловдан унинг хусусий шифохонаси ижарага олиб турган бинони бўшатиб қўйишни талаб қилмоқда. Аввалроқ Бишкек мэрияси Исманқулов номидаги кўз микрохирургияси клиникаси билан ижара шартномасини бекор қилган эди. Исманқулов эса бинони сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда ва ўзига бошқа жой топгунга қадар уни бинодан ҳайдамасликни сўрамоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири тиббиёт марказига келиб, ходимлардан уч соат ичида бинони бўшатиб қўйишни талаб қилган ва акс ҳолда Исманқуловнинг тишларини тўкиб, қайта санаб чиқиш билан таҳдид қилган.

Вазир клиника раҳбари Алмазбек Исманқулов билан телефон орқали суҳбатда уни беҳурмат қилиб, рус тилида “лапашанг, нўноқ” маъноларида қўлланувчи сўз билан “лопух” (ўсимлик номи, ўзбекчаси – бурдоқ. – таҳр.) деб атаган. Телефон орқали шу суҳбатда у клиника эгасини: “…Шартнома бекор бўлгач, яна 10 кун беришимни сўрадинг. Энди яна муддатни чўзаяпсан. Агар уч соат ичида клиникани бўшатиб қўймасанг, пушаймон бўласан. Муаммоларга гирифтор бўласан”, дея қўрқитишга уринган.

Бугун, 15 март куни вазир янги травматология бўлимининг очилишида иштирок этар экан, яна Акрамов мавзусини кўтарди. Чуй вилояти касалхонасига Эрнст Акрамов номини бериш ташаббусини шархлар экан, Бейшеналиев унинг номи “касалхонага эмас, касалхона бўлимига беришга ҳам муносиб эмас”лигини айтган. Негадир Акрамовнинг қирғизларга ёмон муносабатда бўлганини даъво қилиб, уни ҳам “лопух” деб атаган.

Алимқадир Бейшеналиев вазирлик лавозимига 2020 йилнинг октябрида президент Садир Жапаровнинг таклифи билан тайинланган. Ҳанузгача президент юқорида аталган воқеаларга ўз муносабатини билдиргани йўқ.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг