Қирғизистон ва бошқа минтақа давлатлари фуқаролари Украинани тарк этмоқдалар

Украинани тарк этаётган юзлаб фуқаролар ҳозирча қўшни давлатлар ҳудудига ўтказилмоқда.

Қирғизистоннинг Украинадаги элчихонаси берган сўнгги маълумотга кўра, элчихонанинг консуллик рўйхатида турган 680 нафар Қирғизистон фуқаросидан 300 нафари билан доимий алоқа ўрнатилган. Ҳозир Киевда 100 нафар, Одессада 90, Харьковда 80 нафар Қирғизистон Республикаси фуқароси бор экани маълум қилинди.

Умумий ҳисобда бугунги кунда Украина ҳудудида 1400 нафарга яқин қирғизистонлик фуқаролар борлиги маълум. Уруш туфайли Украина осмонида ҳаво қатнови бўлмагани боис одамлар автомобиль транспорти орқали эвакуация қилинмоқда.

Уруш нафаси Киевгача етиб боргач, у ердаги фуқаролар ҳам тезроқ шаҳарни тарк этиш тараддудига тушишган. Қирғизистон твиттер қўлловчиси @Bermet_ka нинг ёзишича, улар Киевдаги бошқа қирғиз ва ўзбеклар турган жойга етиб олишган ва ерости автомобиль қўйиш жойига яширинишган.

“Ҳаво ҳужуми ҳақида сиреналар ва огоҳлантиришлар бўлди. Ҳамма ертўла ва бошқа бошпаналарда яширинган. У ерда алоқа яхши эмас…”, – деб ёзган @Bermet_ka.

Бугунги кунда ҳам Украинанинг Киев ва бошқа шаҳарларда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар тинимсиз янграб турибди.

Якшанба, 27 февраль куни 14 киши қўшни Польшага жўнаб кетган бўлса, яна тўрт киши уларнинг ортидан йўлда боришмоқда. Молдовага 18 киши жўнатилган. Ҳозирда 96 киши Венгрияга, 15 нафар фуқаро Польшага ва 4 нафари Руминияга жўнаб кетишга тайёрланмоқда. Кўчирилган фуқаролар ҳозирча меҳмонхоналарга жойлаштирилмоқда.

Борадиган жойи бўлмаган фуқаролар учун элчихона ва консуллик хизматлари қирғиз диаспораси вакиллари кўмагида қуйидаги вақтинчалик бошпана жойларини ташкил қилишган.

Киев шаҳрида: Редутний тор кўчаси, 19/34 уйда жойлашган элчихона биносида;

Одесса шаҳрида: Варненская кўчаси, 4а уйда жойлашган “Черноморка” халқаро мактаби;

Харьков шаҳрида: Полтавский шлях кўчаси, 7 уйда (болалар ва аёллар учун бошпана).

Бундан ташқари Қирғизистоннинг Украинадаги элчихонаси ва Консуллик хизмати департаментида бевосита телефонлар ишламоқда: +380997573413, +380442370346, +380442370348, бундан ташқари махсус WhatsApp гуруҳи ҳам очилган. Украинада юрган Қирғизистон фуқаролари ушбу телефон рақамлари орқали ҳуқуқий ва бошқа зарур маслаҳат ва маълумотларни олишлари мумкин.

Зарурат туғилганда Қирғизистондаги фуқаролар ҳам Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик хизматига қуйидаги телефонлар орқали мурожаат қилишлари мумкин:

+996 551 312000 (доимий алоқа); +996 703 428865, +996 709 983465 ва +996 554 065215.

Уруш билан боғлиқ эвакуация ишларини қўшни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам амалга оширмоқда. Фақат бу ҳақда маълумот камроқ. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси 26 февраль куни 90дан зиёд Ўзбекистон фуқаролари Львовдан «Краковец» назорат-ўтказиш пункти йўналиши бўйлаб йўлга чиққани тўғрисида маълум қилган. Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг билдиришича, чегарани кесиб ўтиш Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси билан ҳамкорликда юритилмоқда.

Ўзбекистонликлар вақтинча Польшада қолиши ёки ватанига олиб келиниши ҳозирча маълум эмас. Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украина ҳудудида 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси борлигини билдирган эди.

Ана шундай эвакуация ишларини Қозоғистон ва Тожикистон ҳам амалга оширмоқдалар. Украина пойтахтида тез-тез ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиеналарнинг янграб туриши, транспорт ҳаракатининг чеклангани, айрим жойларда эса бошқа инфратузилмаларнинг издан чиқарилгани элчихоналар ишини мураккаблаштирмоқда.

Дунёнинг бошқа кўплаб давлатлари қатори АҚШ ва Европа мамлакатлари уруш хавфи кучайган охирги кунлардаёқ ўз элчихоналари ходимларини оилалари билан кўчиришни бошлаган эдилар.

Эслатиб ўтамиз, Украинага қарши кенг кўламда уруш бошлаган Россия қўшинлари Украинанинг пойтахти Киев остоналарида жанг қилмоқдалар, уларнинг йўлини қирқиш мақсадида украиналиклар Днепр дарёси устидаги йирик кўприкни портлатишга мажбур бўлишган. Бугун рус ҳарбийларининг мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Харьковга кириб келгани маълум бўлди, лекин шаҳарликлар уни ҳимоя қилишда давом этмоқдалар. Шаҳар яқинида жанглар давом этмоқда. Россияликлар Бердянск шаҳрини эгаллашган.

Бугун Беларусь чегараси яқинидаги Припять дарёси бўйида Россия ва Украина вакилларининг музокараларини ўтказишга келишиб олинган. Бироқ шу вақтнинг ўзида Россия қўшинлари Украинанинг Запорожье ва Житомир каби шаҳарларини ҳам ҳаводан ўққа тутмоқда. Киевда портлашлар давом этмоқда.

Уруш бошлангандан буён украиналикларнинг катта қисми ҳам мамлакатни тарк этишга мажбур бўлмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича агентлиги берган хабарга кўра, 26 февраль куни 120 мингдан ортиқ украиналик қочқин мамлакатни тарк этган. Польша, Руминия, Молдова, Венгрия каби қўшни давлатларга асосан аёллар ва болалар жўнатилмоқда. Эркакларнинг мамлакатдан ташқарига чиқишлари таъқиқланган.

Дунёнинг барча етакчи давлатлари бу урушни қоралаб, Россия ва шахсан президент Путиндан урушни тўхтатишни талаб қилмоқда. Россия ва етакчи сиёсатчилар, йирик ишбилармонлар учун турли иқтисодий санкциялар қабул қилинмоқда. Натижада Россия рублининг курси кескин тушиб, АҚШ долларининг курси кўтарилиб бормоқда. Мутахассислар ушбу санкциялар натижасида Россияда юз бериши кутилаётган иқтисодий инқирознинг бошқа давлатларга, жумладан Марказий Осиё мамлакатларига ҳам салбий таъсир қилишини башорат қилмоқдалар.

Дунёнинг турли мамлакатларида, жумладан Россиянинг ўзида ва Қирғизистонда ҳам бу урушга қарши турли даражадаги намойишлар бўлиб ўтмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг