МУЛОҲАЗА: ЎЗБЕК МАДАНИЙ МАРКАЗИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий маркази атрофида бўлаётган гапларга доир.

Ўзбек маданий маркази иши бугунги кунда яна кун тартибига чиқди. Бу яхшими-ёмонми, Ўшда марказнинг янги раҳбариятини сайлаш, марказ ишини қайта ташкил қилиш масаласи қизғин муҳокама қилинмоқда. Айримлар бу ташкилотнинг кераги борми-йўқми, деган саволни ҳам кўндаланг қўймоқдалар.

Қирғизистондаги таниқли зиёлилардан бири, Қирғиз-Ўзбек халқаро университети тасарруфидаги Дарсликлар яратиш марказининг бош муҳаррири, филология фанлари номзоди Саидакбар Махсумхонов Фейсбукда эълон қилинган мақоласида бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашган. Кўпгина жўяли фикрлар айтилганини инобатга олиб, муаллифнинг рухсати билан ана шу матнни ва унга билдирилган айрим фикрларни чоп этишга қарор қилдик.

***

“Шаҳримизда бир шарпа оралаб юрибди, бу – Ўш шаҳар ўзбек миллий маданий Марказига раис сайлаш шарпаси…

Ҳурматли ҳамшаҳарлар, шу ҳафта бошида бомдод намозини ўқиб, масжиддан чиққанимизда маҳалламиз фаолларидан бири – жўрамиз 5-6 кишини маслаҳат учун тўхтатди. Жўрамиз Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий маркази раиси Абдурашид Хўжаев ваколатини топширмоқчи бўлгани ва 24 февраль – пайшанба куни вилоят кутубхонаси мажлислар залида йиғилиш ўтказилиб, янги раис сайланиши ҳақидаги хабарни айтди. Раисликка 5-6 та номзод борлигини ва биз ҳам ўз номзодимизни сайловда қўллаб-қувватлаш учун қатнашиб қўйишимиз лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун кичик паспортимизнинг нусхасини беришимиз керак экан. Лекин жўрамиз айтган номзоднинг таржимаи ҳоли, фаолияти ҳақида тўлиқроқ маълумотимиз йўқлиги билиниб қолди.

Уйга келиб обдан ўйладим: Марказ йиғилишини ташкиллаштириш, раис сайлаш шунақа бўладими? Унинг бирор йўл-йўриғи, тартиб-қоидаси йўқми? Ҳар бир номзод ўзига қарашли одамларни эргаштириб бораверадими? Маҳаллалардан йиғилишга вакил юбориш маҳалла элликбошилари тавсияси билан ташкиллаштирилмайдими?

Қўлимга рус тилида битилган ва бундан 30 йил олдин таниқли аждодларимиз томонидан тузилиб, расмий ҳужжат мақомини олган “Қирғизистон Республикаси ўзбек миллий-маданий Маркази Низоми (Устави)” тушиб қолди. Уни варақладим. 9 бўлимдан иборат Низом. Мазкур Низомнинг 6-бўлими “Марказнинг ҳудудий бўлинмалари” деб номланган ва унда қуйидагиларни ўқиймиз (таржима меники – М.С.):

“6.1. Марказнинг ҳудудий бўлинмалари (вилоят, шаҳар, туман) ташкилотнинг ягона тузилмасини ташкил қилади ҳамда бевосита бўйсуниш тамойиллари асосида тузилади ва мазкур Низом билан бошқарилади. Улар ўз фаолиятини фақат маъмурий-ҳудудий бўлинишлар доирасида ва юридик шахс мақомини шакллантирмасдан амалга оширадилар.

6.2. Ҳудудий бўлинмаларнинг бошқарув органи конференция ҳисобланиб, у заруратга қараб 2,5 йилдан кам бўлмаган муддатда бир бор чақирилади.

6.3. Конференция:

  • 7 кишидан кўп бўлмаган таркибда Кенгаш ва 3 кишидан кўп бўлмаган таркибда тафтиш комиссиясини сайлайди;
  • улар фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тинглайди;
  • делегатлар сайлайди.

Конференция, агар унда қатнашувчиларнинг (сайланган делегатларнинг. – Таҳририят) оддий кўпчилиги иштирок этса, қонуний ҳисобланади.

Конференция қарорлари, агар улар учун ҳозир бўлганларнинг кўпчилиги овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.

6.4. Кенгаш бошқарув ижроия органи ҳисобланади.

Кенгаш:

  • кенгаш раисини ва унинг ўринбосарини сайлайди;
  • мажлисларда, камида 6 ойда бир марта жорий фаолиятга оид масалаларни кўриб чиқади;
  • қарорлар иштирок этаётган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади”.

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур қадами етган кўҳна Ўш шаҳрида қарийб 25 йилдан бери истиқомат қилаётган шаҳар фуқароси сифатида фейсбукдошларим, ҳамшаҳарларим ва Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий Маркази Кенгаши аъзолари билан Конференцияни ташкиллаштириш ва янги раис сайлаш масаласи бўйича баъзи мулоҳазаларимни ўртоқлашгим келди:

  1. Конференцияга қатнашадиган делегатлар сонини аниқлаб олиш керак;
  2. Конференцияга делегатлар сайлаш ёки тайинлаш учун шаҳардаги ўзбекзабон аҳоли зич яшайдиган маҳаллаларнинг элликбошиларини маслаҳат йиғинига чақириш ва уларга аҳоли сонига қараб квоталар бериш ўринлидир;
  3. Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий Маркази раислиги лавозимига талабгор бўлаётган номзодлар билан аҳолини таништириш. Бунинг учун:

а) номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти ҳақида “Ўш садоси” газетасида ва унинг сайтида, варақалар шаклида, интернет тармоқларида, “Интимақ” (“Бирлик”) ТВда маълумотлар тарқатиш;

б) ижтимоий тармоқларда ва телевидениеда номзодларнинг ўз сайлов олди дастурлари, режалари билан чиқишини йўлга қўйиш;

в) “Интимақ” (“Бирлик”) ТВда номзодларнинг дебатларини уюштириш.

  1. Юқорида аталган Низомда қайд этилишича, Конференция делегатлари 7 кишидан кўп бўлмаган таркибда Марказ Кенгашини ва 3 кишидан кўп бўлмаган таркибда Тафтиш комиссиясини сайлайди. Сўнгра Кенгаш аъзолари Марказ раисини сайлайдилар ва Тафтиш комиссияси ҳам ўз ичидан раисини сайлаб олади. Мабодо делегатлар Марказ раисини сайлайдиган бўлишса, аввал Қурултой чақириб, Низомга ўзгартиришлар киритишга тўғри келади.

Шунинг учун, қарийб 10 йилдан бери фаолияти кўзга кўринмаган, фаолиятсиз Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий Маркази раиси ҳисоботини эшитиш ва янги Кенгаш ҳамда раис сайловига бағишланган Конференцияни Низомга мувофиқ уюштириб, сайловни ҳар хил “ўйин”ларсиз ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Агар Марказ фаол фаолиятда бўлганида шаҳримизда “ўзбек мактаби” мақомида биттагина (№ 54) мактаб қолармиди? Агар Марказ фаол фаолиятда бўлганида 23 та ўзбек мактабидан 2 таси (Наримонов ва Калинин) таълимни тўлиқ рус тилига ўтказиб, 20 та мактаб “ўзбек мактаби мақомини йўқотиб қўярмиди? Шаҳар ўзбекзабон аҳолиси фарзандларининг қарийб 90 фоизи рус тилида таълим олаётган бўлармиди? Бизга мана шундай жиддий муаммоларни, улкан масъулиятни елкасида кўтарадиган, уларни ижобий ҳал қилишга бош бўла оладиган Кенгаш ва Раис керак!

Ҳа, дарвоқе, Низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида. Низомга ўзгартиришлар киритиш – давр талаби. Бунинг учун яқин келажакда Республика ўзбек миллий-маданий Маркази Қурултойини чақиришга тўғри келади. Агар Қурултой чақирилса, энг аввало, Марказ номини ўзгартириш керак. Унинг номидан кўпчиликнинг ғашини келтирадиган “миллий” сўзини олиб ташлаш лозим. Оддийгина қилиб, “Қирғиз Республикаси ўзбеклар маънавият ва маърифат Маркази” деб номлаган маъқул.

Бу тамал тоши қўйилгандан буён бутун бир авлод алмашибди…
Хашар йўли билан қад кўтариб, ҳали битмаган сарой биноси энди талаш бўлмоқда.

Шу билан бирга, Низомдаги “Марказнинг мақсад ва вазифалари” бўлимига қуйидаги моддаларни киритишни таклиф қиламан:

1, “Таркиби ўзбекзабон аҳоли фарзандларидан иборат ўрта умумтаълим мактабларида “Ўзбек тили” ва “Ўзбек адабиёти” предметларининг ўқитилишига эришиш”;

Бу Марказ иш режасидаги Бош масала бўлиши керак. Бунинг учун ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, Республика ҳудудидаги барча ўзбек мактабларини Қирғиз Республикаси таълим ва фан вазирлиги билан келишган ҳолда кўп тилли таълим ва кўп маданиятли тарбия тизимига ўтказиш лозим. Бундай мактаблар намунаси Республикамизда бор. Шунда сих ҳам куймайди, кабоб ҳам. Ўқувчи қирғизча ёки русча таълим олиш билан бирга, ўзбек тили ва ўзбек адабиёти предметларини ҳам ўқув режасига мувофиқ ўрганади: Тўқтағул, Пушкин билан бирга Навоийни; Толстой, Чингиз Айтматов билан бирга Қодирийни ҳам ўқийди.

  1. “Ўзбеклар зич яшайдиган ҳудудлардаги болалар боғчаларида ҳам таълим-тарбияни кўп тилли системада олиб бориш”.
  2. “Ўзбек тили ва ўзбек адабиёти предметларини ўқитишни сақлаб қолиш учун ўзбек маҳаллаларида шартнома асосида кўп тилли таълим тизимида ўқитадиган хусусий мактаблар очишни йўлга қўйиш. Бу борада тадбиркорларга кўмак кўрсатиш”.
  3. “Кўп тилли таълим тизимида ўқитадиган мактаблар учун ижтимоий ва табиий фанларни қирғиз, рус ва ўзбек тилларида бемалол ўқита оладиган ўқитувчи кадрлар тайёрлашга эътиборни қаратиш”.

Бунинг учун мактаб директорлари, олий ўқув юртлари раҳбарлари ва Қирғиз Республикаси таълим ва фан вазирлиги билан ҳамкорлик қилиб, маслаҳатлашиб, муаммони ижобий ҳал қилиш мумкин.

  1. “Ўзбек тилида таълим берадиган бошланғич синф ўқитувчилари, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари тайёрлаш учун Республикамиз жанубидаги Давлат олий ўқув юртларида Педагогика ва ўзбек филологияси факультетларини қайта тиклашга эришиш”.

Умуман, кўп миллатли Республикамизда тилимизни, маданиятимизни, санъатимизни, адабиётимизни, қадрият ва гуманистик урф-одатларимизни сақлаб қолиш, авлодларга мерос қолдириш ва ривожлантириш учун, миллатлараро дўстликни, бирликни мустаҳкамлаш учун фаолиятимизни, энг аввал, маърифатимизни, мактабларимиздаги таълим-тарбия тизимини ислоҳ қилишдан бошлашимиз керак”…

***

Масаланинг ўта долзарблиги ушбу мақола остига ёзилган изоҳлардан ҳам кўриниб турибди. Соғлом мунозара юритиб, кўп йиллар давомида йиғилиб қолган масалалар ечимини топишга рағбат қилиш мақсадида уларнинг айримларини имло хатоларини тузатган ҳолда келтирамиз:

Дурдона Ҳайдарова:

Шундай раҳбар тайинлаш керак бўлса, ўз нафсимизни тийиб, бир нарсадан умидвор бўлмасдан, раҳбарликка муносиб инсонни танлаш керак. Унинг ҳаёти ва фаолияти билан албатта танишиб чиқиш керак. Келажагимиз ўз қўлимизда. Таниш-билишчиликни йўқ қилсак, олға қараб жилиш бўлади.

Мамлакат Юсупова:

Азиз ватандошлар, мен ҳар доим ҳайрон бўламан: неча аср, неча замнлардан бери шу Ўш шаҳрида ота-боболаримиз яшаб ўтган бўлса, бирор ердан келиб қолмаган бўлсак, нимага биз учун ўзбек маркази бўлиши ёки сайланиши керак? Ёки мен нотўғри тушунчадамикинман?

Назокат Ваҳобжонова:

Ўш шаҳар ўзбек маданий марказига раис сайлаш масаласи мени жуда қизиқтирди, чунки бу марказнинг номи баланд, аммо ишларини кўрмаганмиз ёки эшитмаганмиз. Бу лавозимга лойиқ инсонни сайлаш керак. Чунки у одам ўзбекларнинг юзи бўлади! Юқорида яхши фикрлар билдирилган. Кўп тилли таълимни мен ҳам қўллайман. Шу соҳада фаолият юритганим учун. Номзодлар ҳақида тўлиқ маълумот берилиши ва номзодлар тақдимотининг ўтказилиши ҳам мақсадга мувофиқ!

Иззатилла Раҳматиллаев:

Назокат Ваҳабжанова, Абдурашид Хўжаев даврида [марказнинг] анча-мунча халққа фойдаси тегди. Ундан аввалгилари ўзларининг сиёсий амбицияларини миллий марказ орқали амалга оширмоқчи бўлиб, расво қилишди. Уларнинг иши давлат анжуманларида ўзбеклар номидан содиқлик эълон қилиш ва сайлов компанияларида келган номзодларга ўзбеклар номидан ваъдалар беришгина бўлган. Буларнинг позицияси ассамблея народов кыргызстанага ҳам галочка учун қўл келган. Ўзи бу миллий марказ 1992 йили чала туғилган ўша даврни бир гуруҳ ўзбеклар раҳматли Эшматов бошчилигида қирғиз драма театрида қурултой ўтказаётганида снб ҳайдаб, даврон муродович ўзбеклар жамиятини ташкил қилган. Шундан бошланиб, 2010 йил миллатлараро жанжалгача ўзбек маданий маркази сони Жалолобод ва Ўшда 6 та бўлган. Шунда чала туғилган миллий марказ ҳалигача одам бўлиб кетмайди. Ўша даврда республика ва область миллий маркази бор эди, раҳбари Бахтиёр ака Тўхтаматов эди. Сендан мен қоламанми, деб Арофат Олимжанова шаҳар миллий марказини очди. Унга ўчакишиб, раҳматли Одилжон Мирзакаримов очди. Жалолободда яна иккитаси очилди. Бир миллат учун шунча марказнинг нима кераги бор… деган одам йўқ … 

Abduraim Ohunov:

Қирғизистонда яшаётган 964 379 кишидан иборат (бу умумий аҳоли сонининг 14,8 % фоизини ташкил қилади. – таҳририят.) ўзбеклар учун шу керакми? Биз ёт, келгинди эл эмасмиз. Конституцияни ўқинг. Биз Қирғизистон фуқаросимиз, қардош қирғиз халқи билан бир хил яшаш ҳуқуқига эгамиз.

Бу маданий марказ эса ўртамизда яна баҳона. Тинч яшайлик. Керак эмас, кимгадур амал керак бўлиб қолганга ўхшайди.

Қардош қирғиз халқи билан асрлар бўйи боболаримиз тинч яшаб келган ва биз ҳам яшаймиз. Ўртага низо солаётганлар, конституцияни ўқинг ҳеч қандай миллий марказ керак эмас.

Назокат Вахабжанова

Аbduraim Ohunov ассалом алайкум. Мен бу ерда номзодни қандай сайлаш ҳақида фикр билдирдим. Марказ раиси муносиб инсон бўлсин деб. марказ керак ёки керакмаслиги ҳақида эмас. Бунинг устига ватандан узоқдалигимиз туфайли кўп нарсадан бехабар бўлишимиз мумкин. Илтимос, бир-биримизга жаҳл эмас, меҳр билан қарайлик!

Таҳририятдан: Мана шунақа гаплар…

Сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай, азиз мухлислар? Биз қонун ва одоб доирасидан чиқмаган ҳолда, ушбу масалага доир жўяли фикрлар билдирилган фикрларни мақола ҳолида ҳам чоп этишга тайёрмиз.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг