Ёшларимиз касб танлашда адашмаябдими?

Ёшларимизни тўғри касб танлашга ўргатиш мамлакатимизда ҳамон долзарб масалалигича қолмоқда.

Ҳадемай мактабларимизда яна сўнгги қўнғироқ янграб, битирувчиларимиз мустақил ҳаётга қадам ташлайдилар. Жорий 2021-2022 ўқув йилининг ҳам ўз ниҳоясига етишига саноқли ойлар қолди. Мактаб битирувчилари, қайси касбни танласам экан, деб ўйланаётган пайт. Айрим илғор ёшлар ўз танловларини аллақачон қилиб бўлишган. Хўш, бу қадамни ким қандай ташлайди, ёшларимиз мактабдан бу ҳаётда ўз ўрнини топиш, орзу қилган мақсадларига етишга қай даражада тайёр бўлиб чиқадилар?

Маълумки, 2012 йилдан тортиб, юртимизда олий ўқув юртларига кириш умумреспублика синови (УРС – ОРТ) натижаларига кўра амалга оширилади.

Таҳририятдан: Умумреспублика синовини топшириш ниятида бўлганлар жорий йилнинг 6 апрелигача қадар рўйхатдан ўтишлари шарт. Рўйхатга шахсан бориб, ёки онлайн ўтиш мумкин. Бу синовни топшириш ихтиёрий бўлиб, уни аввалги йиллари мактабни битирганлар ҳам топширишлари мумкин.

Рўйхатга ўтиш бўйича саволлар бўлса, барча ўқув юртларидаги масъул ходимларга ёки Таълим ва фан фан вазирлигининг махсус марказига қуйидаги телефонлар орқали мурожаат қилиш мумкин: +996 312 664838, +996 312 620470 ва +996 500 664838 (WhatsApp) ва +996 770 664838. Шунингдек, бу ҳақда қуйидаги ҳавола орқали ҳам маълумотлар олса бўлади.

Афсуски, 2013 йили юртимизда бу синовни ўзбек тилида топшириш имконияти бекор қилинди. Ҳозирда зиёлиларимиз ана шу ҳолатни қайта тиклаш ниятидалар.

Қирғизистонда 2022-йилда 68 мингга яқин ўқувчи 11-синфни битиради. Бу ҳақда “Қабар” агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида Таълим ва фан вазирлигининг мактаб, мактабдан ташқари ва қўшимча таълим бошқармасининг бошлиғи Марат Усеналиев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, кўпинча битирувчиларнинг 40 мингга яқини умумреспублика синовларидан ўтади. «Бу маълумотлар амалда ва тест санасига яқинроқ ўзгариши мумкин», деди у. Усеналиев шунингдек, мамлакатимизда 9-синфни 125 мингдан ортиқ ўқувчи битиришини ҳам қўшимча қилди.

Статистика малумотларига караганда, мамлакатимизда бугун 219 минг нафарга яқин талаба олий ўқув юртларида, 95 минг нафарга яқини ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олмоқда. 35 минг нафарга яқин ёшлар бошланғич касб-ҳунар таълими босқичида, яъни, касб-ҳунар лицейларида таҳсил олишмоқда.

Чет эл университетларида ўқишни хоҳлаган ёшлар ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги асосан Россия университетларига ҳужжатларини топширадилар.

Россия университетлари ҳар йили чет эллик абитуриентлар ўртасида Россия Федерацияси ҳукумати квотаси бўйича бепул таълим олиш учун танлов ўтказадилар. Бироқ, бу сафар қабул кампанияси ўзгарган. Яъни, Россияда ўқишни хоҳловчи хорижликлар биринчи марта махсус таълим суперхизматида рўйхатдан ўтишлари лозим. Шундан сўнг саралаш жараёнида онлайн тарзда иштирок этишлари мумкин. Қабул кампанияси 20-январда бошланиб, кеча, 20-февралда тугади.

Россиянинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлиги борасида иш олиб борувчи асосий давлат ташкилоти бўлган “Россотрудничество” федерал агентлиги бу йил ҳам турли мамлакатлардан топширилган аризаларнинг оқими жуда катта бўлганини қайд этди.

«Россотрудничество» раҳбари Евгений Примаковнинг айтишича, уларни биринчи навбатда яқин хориж давлатлари қизиқтиради. Жорий йилда 80 минг мурожаатнинг 30 фоизи МДҲ давлатларидан келган. Примаковнинг сўзларига кўра, саралаш тадбирларида Тожикистонлик битирувчилар энг фаол иштирок этган ва улардан 5000 дан ортиқ ариза келиб тушган. Мурожаатлар сони бўйича етакчи 10 та давлатга Ўзбекистон (3 минг) ва Қозоғистон (2 минг) ҳам кирган.

Абитуриентларнинг кўпчилиги иқтисодиёт, тиббиёт, адлия (юристлик) ва педагогика йўналишларини танламоқдалар. Бунга сабаб нима? Бу касб эгалари маошининг кўплигими ёки мамлакатимизда шу касбларга бўлган талаб кучлими? Деярли унутилиб қолаётган ҳунар таълимига жуда оз сонли абитуриентлар топширишига сабаб нима?

Бу масалалар юртимиздаги ўзбек ёшларига ҳам тегишли. Ушбу саволлар билан биз айрим юрдошларимизга мурожат қилдик. Ўқувчиларнинг кўпчилиги юқорида аталган “тренддаги” касбларни айтишади ва буни ўша касбларнинг “обрўли” бўлгани учун танлашаётганини айтишади.

Шунингдек, “Фалончи акамга ўхшаган одам бўлмоқчиман” ёки бўлмаса, “уйимдагилар айтгани учун…” деб жавоб берганлар ҳам оз эмас. Аксарият ўқувчилар “ҳунарни шогирд бўлиб ўрганса бўлади, ҳунарли одамга диплом шарт эмас, деган фикрда.

“Менимча, биз ривожланаётган давлатда яшаётганимиз учун бизга келажакда архитектор, пайвандловчи, қурувчиларга талаб кучаяди. Лекин бундай нарсаларни тушунтириш учун иш оиладан бошланиши керак, зеро ота-оналар ўз болаларига касб танлашда тўғри йўл кўрсатсалар, бунинг нақадар муҳимлигини тушунтирсалар, болалар албатта тўғри касб танлаб оладилар”, – дейди ўшлик муаллима Муслима Алимова.

Ўш мактабларидан бирида 11-синфни битираётган Диёрбек Худойбердиев мактабни битиргач, таржимон бўлмоқчи, чунки унинг эштишига қараганда таржимонлар кўп маош олишар экан. Бироқ Диёрбекни ОРТ синови натижалари ўйлантиряпти. Агар яхши балл ололмаса, Россияда ишлаб келиб, келаси йили синовни қайтадан топшириш ниятида.

“Лекин коллежга кириш ниятим йўқ. Агар мен ҳунар олишни хоҳлаганимда 9-синфни битиргач, кимгадир шогирд тушган бўлардим”, – дейди Диёрбек Худойбердиев. – Чунки мен дипломли сартарош, қурувчи ёки пайвандловчини кўрмаганман. Бу ҳунар эгаларига диплом талаб килинмаса, бекордан пул сарфлаб ўқиб нима қиламан?”

Ёшларимиз қайси касбни танламасинлар, яхши билим олишса бас, чунки доно халқимизда “билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни”, деган ҳикматли сўз бор. Демак, ҳар бир инсон ўзи хоҳлаган касбни эгалласа, ўз касбини сидқидилдан ўрганиб, ўша касбни севса, сўзсиз ривожланиш бўлади.

Ахир Пайғамбаримиз саллолоҳу алайхи васаллам ҳам айтганларку, “Бешикдан қабргача илм изла”, деб! Бинобарин, илмсиз қалбнинг қадри бўлмайди, ёмғирсиз ернинг қадри бўлмаганидек. Яна ҳадиси шарифларда эътироф этилганидек, “Илми йўқ киши саҳро кабидир. Саҳрони ҳаётга қайтариш учун ёмғир керак бўлганидек, қалбни ҳаётга қайтариш учун ИЛМ керак!

Мақоламизни асрлардан бери айтилиб келаётган яна бир ҳикматнинг маҳаллий шоир Тоҳиржон Дадажонов маҳорат билан сатрларга жойлаган шаклда келтириб, якунламоқчимиз: “Илм – саодат калити, илмсизлик – жаҳолатдир”.

Соҳибжон Мамиров, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг