Ўзбекистон Ўш шаҳрига ўн бир минг туп павловния кўчатини ҳадя қилди

Илк кўчатларни меҳмонлар ва маҳаллик ҳокимият вакиллари ва оқсоқоллар экиб беришди.

Совға қилинган ноёб кўчатларни 21 февраль куни Ўш шаҳри яқинидаги “Дўстлик” чегара назорат ўтказиш пунктида Андижон вилоят ҳокими ўринбосари Азиз Мақсумов Ўш шаҳри мэрининг ўринбосари Сўнунбек Жунусбаевга топширди.

Бу ҳақда хабар берган “Озодлик” радиосининг эътироф этишича, кўчатлар қўшни Андижондан Қирғизистоннинг иккинчи пойтахтига совға сифатида юборилган.
Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ишлари доирасида амалга оширилган ушбу тадбирда Ўзбекистон делегацияси аъзолари, Ўз шаҳар мэрияси вакиллари ва маҳаллий оқсоқоллар илк кўчатларни ўтқазишди.


Азиз Мақсумовнинг айтишича, 10-15 кун аввал Ўш шаҳри ҳокимияти Андижонлик ҳамкасбларига мурожаат қилиб, “Ўшни яшил шаҳарга айлантирамиз, павловния экамиз, Андижонда кўрган эдик, шу ишни биргаликда қилсак, деган ташаббус билан чиқишган. Ана шу таклиф ва илтимос сабабли андижонликлар 11 минг туп павловния кўчатларини олиб келдик.

“Ўш шаҳрининг табиий кўринишини сақлаш, экологик муаммоларини бартараф қилишда Андижон вилоятининг ҳам ҳиссаси қўшилаётганидан хурсандмиз. Павловния экиш Андижон вилоятида 4-5 йил олдин бошланган. У жуда ҳам тез ўсади… Кўп сув талаб қилмайди. Баҳор ойларида декоратив пушти чиройли ранга бурканади”, – деди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Азиз Мақсумов.

Оқсоқоллар олийҳиммат қўшниларнинг ҳаққига ва икки давлат халқлари дўстлигининг мустаҳкамланиб бораверишини тилаб, дуо қилдилар.

Оқбура, Ўш шаҳри.

Суратлар “Озодлик” радиоси сайтидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг