Қалби тоза боланинг ижодига бағишланган кеча
Ўшда истеъдодли шоир Аъзам Раҳим билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Қиёматга довур деганда аҳли айём
Ёзарлар онинг аҳкомидин аҳком, –
Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидан.
Ўш шаҳридаги Александр Сергеевич Пушкин номли ўрта мактабда, 22-февраль куни юртимизда ўсиб улғайган ёрқин истеъдодлардан бири, марҳум Шавкат Раҳмон таълимини оз бўлса-да, олишга улгурган шоир Аъзам Раҳим ижодига бағишланган кеча бўлиб ўтди.
Ижодий кеча устозлар, ўқувчилар ўртасидаги рамзий тўсиқ йўқдай жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Устозларимиздан Улфатхон опа Ибрагимова, Илтифотхон Отахонова, Равшанбек Турсуновлар шоир ижодидаги алоҳида ўринларни, ўзига хосликни айтишса, адабиётшунос олимлар шоир ижоди намуналарини илмий жиҳатдан таҳлил этиб бердилар. Аъзам Раҳимнинг ўқувчиларнинг қўнғироқдай овозида жаранглаган шеърлари кеча иштирокчиларининг барчасига ажойиб кайфият улашди.
Иштирокчилар кечадан маънавий озуқа ва завқ олдилар. Ўқувчилар ёдида шоир шеърларидан олинган таассуротлар анчагача қолишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Аъзам Раҳим (Абдуразақов) 1971 йили Ўш шаҳрида туғилди, шаҳардаги 23-ўрта мактабда ўқиди. Мактабни битириб, бир гуруҳ тенгдошлари билан бирга Ўш қурилиш техникумига ўқишга кирди. 1990 йил техникумни муваффақиятли якунлагач, бўлажак шоир Фарғона Давлат университети ўзбек филологияси факультетининг сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Ўша кунлардан бошлаб, Ўшдаги ўрта мактаблардан бирида ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бера бошлади. 1997 йилда университетни аъло баҳолар билан тугатди. Қисқа вақт ичида шаҳардаги энг таниқли ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари сафидан ўрин олди. Мактаб директори бўлиб кўп йиллар иш олиб борди.
Ҳозирда Аъзамжон Абдуразақов Ўш шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли академик театр директори лавозимида фаолият юритмоқда. Ўтган йиллар давомида шоир сифатида шаклланди, пишиқ-пухта, ажойиб ашъорлар битди. Шеъриятда ўз ўрнини топди.
1995 йили Аъзам Раҳимнинг биринчи шеърлар тўплами бўлган “Сабр чечаклари” нашр қилинди. 1999 йили Ўшда “Илҳом” ижодий тўгарагининг иқтидорли аъзолари “Ялдо карвони” номли тўплам нашр этдилар. Тўпламдан Аъзам Раҳимнинг ҳам бир туркум шеърлари ўрин олган эди. 2005 йилда эса энди шоир сифатида танилиб қолган Аъзам Раҳимнинг “Шаҳсувор туйғулар” номли шеърлар тўплами босилиб чиқди.
Шоир ижоди учун 2021 йил жуда самарали йиллардан бири бўлди – унинг “Ҳурлик минори” номли тўплами Бишкек шаҳрида чоп этилди. Тўплам Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон сўзбоши билан бошланади.
Инсоният яралгандан бери миллионлаб, миллиардлаб одам фарзанди бу дунёга келиб кетаяпти, келаётган одам кимлигига қараб, ё Она Ернинг қай бир ерини гуллатса, ёки қай бир жойини хароб этиб кетади. Келаётган ва кетаётган одамийзоднинг орасида қадрлилари уламолар, илм аҳли бўлса, ўзгачаси Шоирдир! Шоирнинг дунёга келиши ноёб ва ҳазин, унинг нозик қалби, дунё қадар дарди бўлмас экан, бу олам яхши шоирига эга бўлмайди. Шоир – бу дунёнинг қалби тоза боласи.
Қирғизистон ҳудудида қадимдан истиқомат қилиб келаётган ўзбекзабон аҳоли орасидан етишиб чиққан истеъдод эгалари нафақат ўзбек адабиёти хирмонига, балки мумтоз адабиётимиз хазинасига ҳам ўзларининг сезиларли ҳиссаларини қўшиб келганлар. Юсуф Хос Ҳожиб, Хўжаназар Ҳувайдо, Салоҳиддин Соқиб, Самарбону каби сўз санъати усталарининг ХХ асрдаги издошлари – Маҳжурий, Мирзокалон Исмоилий, Иззат Султон, Ёқубжон Шукуров, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Турсунбой Адашбоев, Шавкат Раҳмон, Қўлдош Мирзо, Муғанний, Усмон Темур, Авлиёхон Эшон каби шоир ва ёзувчиларнинг ижоди ўзбек адабиёти майдонида ўз мухлисларини топган, кенг эътироф этилган. Айниқса, адабиётшунос олим Умарали Норматов қайд этганидек, Чўлпон бошлаб берган эрксеварлик шеъриятини ХХ аср сўнгида мантиқан якунлаган Шавкат Раҳмон замонавий ўзбек шеъриятининг сўнмас юлдузларидан бири бўлиб қолди. Ҳозирги кунда ҳам Қирғизистондаги ўзбек адабиёти, хусусан, шеърияти янги-янги истеъдодларни кашф этиб келмоқдаки, бу унинг келажаги борлигидан дарак беради.
Бундай ижодий кечалар шаҳримизда тез-тез ўтказилиб турилса, нур устига аъло нур бўлар эди. Чунки бундай тадбирлар келажак авлод маънавий дунёсининг бойишига сўзсиз ўзининг ижобий таъсирини ўтказади.
Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.
Расм Барно Исоқованинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди