Тушингизни сувга айтинг! Ёки бошини йўқота бошлаган сиёсатчиларга эслатма

Совет Иттифоқига қайтиш – айрим нўноқ сиёсатчиларнинг хом хаёлидан бошқа нарса эмас.

Сўнгги пайтларда интернет тармоғида собиқ Совет Иттифоқини эслаш, унинг афзалликлари ва ўша даврдаги “жаннати” ҳаёт ҳақида гаплар кўпая бошлади. Шу ўринда ўзининг аввалги глобал сиёсатдаги мавқеини тиклашга интилаётган Россия Федерациясининг президенти Владимир Путиннинг сўзлари ёдга келади.

Бундан ўн йил аввал бу ҳақда гапирар экан, Путин, “Кимки СССРнинг тарқалиб кетганидан афсусланмаса, унинг қалби йўқ, кимки уни аввалги ҳолатида қайта тиклашни истаса, унинг калласи йўқ”, деган эди. Охирги пайтда ана шундай “калласи йўқ”ларнинг сони кўпайиб бораётгандай. Уларнинг шиддат билан оқаётган вақт дарёсида чайқалиб бораётган кемалари карвонбошилигига Беларусь президенти Александр Лукашенко чиқди, шекилли.

Бунинг осонгина тушуниладиган сабаби бор. Яъни, салкам ўттиз йилдан бери президентлик лавозимини эгаллаб келаётган Лукашенконинг “тахти” 2020 йилги сайловлардан кейин жиддий қийшайиб қолди. Сайловлардаги рақиби, ҳали кўпчиликка яхши таниш бўлмаган Светлана Тихановскаяни шундоғам енгиши мумкинлигига қарамай, Лукашенко сайловда мислсиз қонунбузарликларга йўл қўйди. Тихановскаяга нисбатан кўрсатилган ҳурматсизлик ва сиёсий босим туфайли, аксинча, ёш сиёсатчининг обрўси ортиб, тарафдорларининг кўпайишига олиб келди.

Сайловда расмий маълумотларга кўра Лукашенко 80 фоиздан кўпроқ, Тихановская эса 10 фоиздан кўпроқ овоз олди. Аёл рақибининг овозини ўта пасайтириб кўрсатилиши ва аксинча, Лукашенконинг овозларини суньий равишда кўпайтирилиши халқ норозилигига сабаб бўлди. Юз минглаб одамлар кўчага чиқиб, қаттиқ босимга учрасалар ҳам, то қиш совуғига қадар намойишга чиқиб турдилар. Уларга қарши куч ишлатилиши оқибатида камида икки киши ҳалок бўлиб, 400 га яқин фуқаро турли даражада ярадор бўлган.

Намойишчиларнинг қаршилиги куч билан бостирилди, лекин Лукашенконинг обрўси шу қадар тушиб кетдики, келаси сайловларда унинг ғалабаси тугул иштироки ҳам даргумон бўлиб қолди. Ўз давлатида қўллов топмаган ўзбошимча раҳбар энди нажотни четдан кутмоқда. Собиқ СССРни қайта тиклаш унга ўз ҳокимиятини сақлаб қолишнинг бирдан бир йўли бўлиб кўринаётган бўлса ҳам ажаб эмас.

Қуруқ ваҳима қилмай, кўзингизни каттароқ очинг!

Биз аввал ёзганимиздек, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ)га аъзо давлатлар раҳбарларининг 2022 йилнинг 10 январида ўтган онлайн саммитида сўзлаган сўзида Беларусь раҳбари “Қозоғистондаги тартибсизликларни келтириб чиқарган кучларнинг нигоҳи энди Ўзбекистонга қаратилгани» ҳақида маълумотларга эга эканини айтиб, расмий Тошкентни Қозоғистондаги воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Бунга жавобан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу гапларнинг асоссиз эканини айтган. Президентнинг матбуот хизмати Мирзиёевнинг “Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», деган сўзларини келтирган.

Яқинда, 6 февраль куни Лукашенко Россия ҳокимиятининг асосий карнайчиси бўлган журналист Владимир Соловьёвга берган интервьюсида “собиқ совет республикалари яна 15 йилдан кейин Россия атрофида бирлашиб, 350-400 миллион аҳолига эга иттифоқ тузишга мажбур бўлади” дея тахмин қилди.

Соловьевнинг “Иттифоқ давлати келажагини қандай тасаввур қиласиз?” деган саволига Александр Лукашенко: “Биласизми, Беларусь аллақачон унга кирган. Ўйлайманки, Қозоғистон ҳам яхшигина сабоқ олди (бу давлатдаги январь воқеаларини назарда тутган бўлса керак. – Таҳр.). Агар сиз келаётган 15 йилни назарда тутсангиз, аминманки, Украина Иттифоқда бўлади… Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ҳам, ўйлайманки, ўзларининг иқтисодий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда [бу иттифоққа] қўшилади», деб жавоб берган.

Бу сафар Ўзбекистон раҳбарияти Александр Лукашенконинг навбатдаги сиёсий сурбетлигига жавоб беришни лозим топмади. Бироқ унинг гаплари Ўзбекистон сиёсий доираларида эътиборсиз ҳам қолмади.

Жумладан, республика парламентидаги “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров Лукашенконинг навбатдаги башоратига “зўравонлик ва таҳдид устига қурилган давлатлар қанчалар мустаҳкам кўринмасин, мўрт бўлишини тарих кўп исботлагани”ни айтган. Қодировнинг фикрича, аксинча, бундай интилишлар “тескари тўлқин яратиши ва совет империясини тикламоқчи бўлаётганлар ҳудудида янги давлатлар пайдо бўлиши эҳтимолини кучайтиради”.

“Бу эса, албатта, минтақада жиддий иқтисодий ва ижтимоий силкинишларга сабаб бўлиши мумкин”, деган “Миллий тикланиш” партиясининг раиси.

Халқлар тақдири болалар ўйинчоғи эмас

Қизиғи шундаки, ҳозирда қайта тиклашга интилаётган Совет Иттифоқини тарқатиб юбориш ҳақидаги уч томонлама ҳаёсизларча қарор чиқарганларнинг бири айнан Белоруссия (ҳозирги Беларусь) бўлган. Қолаверса, амалда СССРнинг тарқалиб кетганини оламга жар солган Россия, Украина ва Белорусия ўртасидаги битимнинг ўзи ҳам айнан Лукашенконинг ватанида, Беловежская ўрмонида имзоланган эмасми?

Орадан анча вақт ўтиб, 1999 йилнинг 8 декабрда Россия ва Беларусь ягона иттифоқ давлати тузишди. Бу амалда Иттифоқни қайта тиклашга қўйилган биринчи таъмал тоши бўлиб, бу шартномага Александр Лукашенко ва Иттифоқ тарқалишининг асосий сабабчиси бўлган Борис Ельцин имзо чекишган. Ҳужжатда, жумладан, ягона парламент ва умумий валюта, қонунчиликни ва ягона давлат рамзини таъсис қилиш назарда тутилган эди. Ўртадаги низоли масалалар туфайли 20 йил ўтсада, бу режаларнинг бирортаси ҳам бажарилмади.

Энди бугунги кунда тили бир, тарих ва маданияти бир, қондош халқлардан иборат бўлган бу уч давлатнинг ўзаро муносабатларига эътибор беринг. Украина зўр бериб Россиядан имкон қадар нари бўлишга интилмоқда ва шу туфайли бу икки давлат даҳшатли уруш ёқасига келиб қолишди. Беларусь эса, Россиядан доимий равишда газ ва нефть ва бошқа йирик молиявий, иқтисодий ёрдамлар олиб туришига қарамай, Лукашенко турли масалаларда ўжарлик билан Россиянинг юзига чанг солиб туради. Яъни, ўзининг Россиядан мустақил эканини кўрсатишга интилади. Лекин Лукашенконинг ҳокимияти ёки қандайдир манфаатларига қандайдир хавф туғилса, дарров яна Россия қаноти остига ошиқади.

Мантиқ қаерда? Ўзлари биродар халқлар бўлатуриб, бири-бири билан муроса қилолмаётган давлатлар қандай қилиб ўзгаларни бирлаштирсин? Қайси давлат уларнинг ўзаро ғалваларига шерик бўлишни хавас қилсин? Бошқача айтганда ана шундай тутуриқсиз, бири-бирини иззат-ҳурмат қилиш нималигини билмаган “иттифоқдошларга” “ҳамтовоқ” бўлишга ким ҳам ошиқарди? Ҳеч ким! Эҳтимол, адолатсиз сиёсати туфайли ўз халқининг қаттиқ норозилигига сабаб бўлаётган, шахсий ҳокимиятини куч билан ушлаб туришга интилаётган айрим давлатлар раҳбарлари шунга кўнишга мажбур бўлар?

Лекин ўз халқи манфаатлари йўлида ишлашга аҳд қилган, асрлар давомида элининг орзу умиди бўлиб келган давлат мустақиллигини сақлашни муқаддас бурч деб билган, халқаро майдонда жиддий ва оқилона сиёсат юритадиган мустақил давлат сифатидаги нуфузини қадрлай билган ҳар бир раҳбар бундай иғволардан нари юриши аниқ.

Ғарб давлатлари бугунгача Лукашенкони 2020 йилдаги президентлик сайлови натижаларини сохталаштирганликда айблайди ва ҳамон уни қонуний президент деб тан олмайди. Мамлакат ичкарисидаги норозиликлар ҳам ортиб бормоқда. Халқнинг бир қисми қўшни Польша, Литва каби давлатларга кетиб қолмоқда. Бунинг олдини олиш учун Беларусь ўз фуқароларига ерусти транспорти орқали четга чиқишини тақиқлаб қўйди. Фақат самолётда чиқиб кетиш мумкин. Бу қадамини ҳокимият пандемиянинг олдини олиш билан оқлаяпти. Лекин пандемиянинг олдини олиш учун, аксинча, мамлакатга киришни чеклаш керак-ку? Бу ерда ҳам мантиқ йўқ.

Чамаси, шу сабабдан Лукашенко турли ваҳимали “башоратлар” тарқатиш орқали ўзини қўллайдиган иттифоқдошлари сонини кўпайтиришга умид қилаётган кўринади. Лекин бу хом хаёл, чучварани хом санашдан бошқа нарса эмас. Буни яна болаларнинг бир шаклни бузиб, яна қайта бошқа шаклда тиклаш мумкин бўлган лего ўйинига ўхшатиш мумкин. Лекин миллионлаган аҳоли яшайдиган мустақил давлатлар ўйинчоқ эмасда!

Ихтиёрий қуллик кимга керак?

Бугунги кунда Беларусь мухолифати намоёндалари Лукашенко Москванинг қўлловига эга бўлиш учун ҳатто давлат суверенитетидан воз кечиши ҳам мумкин деб ҳисоблайдилар.

Албатта, Иттифоқ даврига қайтиш ғоясининг асосий муаллифи Москвада. Бу мақсадига эришиш учун Россия ўнлаб, юзлаб оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишларини юритиб, минтақада ўзининг гегемонлик мавқеини тиклашга уринмоқда.

Ўзининг тушунарсиз, зўравонларча ўзбошимчалик сиёсати билан жаҳон давлатлари орасида яккаланиб қолган Россия энди зўр бериб, собиқ совет республикалари қайта бирикмаса, ташқи душманларга ем бўлиш мумкин деган сафсата билан уларни қўрқитишга уринмоқда. Бироқ, телевизордан лойқа каби қуйилаётган бу бўхтонларга ишонаётганлар ҳам йўқ бўлмасада, одамларнинг асосий қисми ҳозир ким дўст, ким душман эканини яхшигина ажратиб қолди.

Ахир ҳеч ким бир қўшнининг кўнглини олиш учун бошқа қўшниларнинг, қўшни маҳаллаларнинг одамлари билан алоқани узиб қўймайдику!

Диққат билан разм солинса, бугунги кунда Болтиқбўйидаги уч давлат – Латвия, Литва ва Эстония совет даврини эслаб ҳам қўймайди. Улар тобора дунё ҳамжамиятининг мустақил аъзолари сифатида тинч ривожланиш йўлига тушиб олганлар. Украина, Россия ва Беларусга (Россиянинг иттифоқдоши сифатида ўз ҳудудида ҳарбий машқлар ўтказиб, шу билан Украинага таҳдид солмоқда) келсак, уларнинг аҳволини бутун дунё кўриб турибди.

Кавказда Гуржистон аллақачон ўз йўлини топиб олган. Озарбайжон ҳам ўз келажагини кўпроқ Россиянинг доимий рақобатчиси бўлган Туркия билан биргаликда кўради.

Марказий Осиё давлатларидан Туркманистон мустақиллигининг биринчи кунидан тортиб нейтрал давлат мақомини олиб, ўзи билан ўзи овора. Иқтисодий аҳволи оғирлашиб бораётган бу давлат ҳам энди қўшни Эрон билан кўпроқ муомала қила бошлади. Россия билан эмас.

Мустаҳкам давлат асосларига эга бўлган, иқтисодий қудрати тобора ортиб бораётган Ўзбекистоннинг янги иттифоқ тузиш ғояси ҳақидаги фикри аён бўлди. Ҳатто Россияни доимий стратегик ҳамкори деб билган, турли сиёсий алғов-далғовларни бошидан кечирган Қирғизистон ҳам энди тинчиб, қанотини ёзиб борар экан, Россия билан бир қаторда дадиллик билан қўшни Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Америка ва Европа давлатлари билан фаол сиёсат олиб бормоқда.

Жорий йилнинг январидаги қонли воқеалардан карахт бўлиб қолган Қозоғистон гарчи ички норозиликларни бостиришга Россияга, КХШТга аъзо давлатлар ёрдамига таянган бўлса ҳам, барибир охир оқибатда мустақилликни юқори қўйишини тахмин қилиш мумкин. Яна билмадик.

Демак, юқоридаги ғоя тарафдорлари фақат ҳамон ташқи ёрдамга муҳтож, жиддий бир давлат сифатида шаклланиб ургурмаган Молдова ва Арманистонга ўхшаб, бошқа мамлакатлардан ёрдам кутиб, аталган иттифоққа қўшилишга рози бўлишига умид қилиш мумкин. Лекин бу ҳам бир тахмин холос. Чунки бу иккала давлатда ҳам ўз раҳбарларидан мустақил сиёсат юритишни, давлатнинг ўз юзига эга бўлишини талаб қилиб келаётган сиёсий кучлар оз эмас.

Хуллас, қанчалик зўр қилиб кўрсатмасинлар, собиқ совет давлатини тиклаш ғояси унинг муаллифларининг ўзларига сийлов. Дунё олдинга қараб шиддат билан ҳаракат қилаётган даврда реал воқеликни инкор қилиб, шубҳали орзулари оғушида тарих ғилдираклари остида қолиб кетишни истасалар, бу уларнинг танлови. Бунга бошқаларни тортишдан натижа чиқмаслиги аниқ.

Хуллас, тарихни ортга қайтаришга уринган жаноблар, тушингизни сувга айтинг!

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Сурат REGNUM агентлиги сайтидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг