Буюк даҳога бўлган ҳурмат ва эҳтиром абадий уланажак

Дунёнинг турли бурчакларида яшаган адабиёт мухлислари Алишер Навоийни йил сайин ёдга оладилар.

Шу кунларда бутун дунё навоийшунослари ва буюк мутафаккир шоир Мир Алишер Навоийнинг мухлислари уни ёд этиб, турли тадбирлар ўтказмоқдалар. Буюк даҳо таваллудининг 581 йиллигига бағишланган маросимлар Қирғизистонда ҳам, жумладан Ўш шаҳрида ҳам бўлиб ўтди.

Буюк бобокалонимизнинг туғилган кунлари, 9 февраль республикамизнинг жанубий пойтахти бўлган Ўш шаҳрида катта тантана билан нишонланмоқда. Тадбир Ўш шаҳридаги Навоий номли истироҳат боғи ҳиёбонидаги улуғ мутафаккир ҳайкали пойига гулчамбарлар кўйиш билан бошланди.

Тадбирнинг асосий қисми Ўш шаҳридаги Рисбай Абдиқадиров номидаги вилоят филармониясида давом этди. З.М.Бобур номидаги Ўзбек давлат академик мусиқали драма театр жамоаси томонидан ташкил қилинган Навоийхонлик кечасида ғазаллар ва Навоий ҳазаллари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди. Тадбирга қатнашган шаҳар фаоллари кўтаринки кайфият ила бобокалонимизни эслашиб, буюк даҳо хотирасига таъзим қилдилар. Бундай тадбирлар юртимизнинг бошқа шаҳар ва қишлоқларида ҳам, асосан мактабларда бўлиб ўтмоқда.

Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган тантаналар буюк шоир меросини ардоқлаб келаётган Ўзбекистон, Афғонистон, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон ва ҳатто Хитой давлатларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Асосан Алишер Навоий тахаллуси билан ижод қилган шоир ва мутафаккир, зў даврининг буюк давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротда туғилиб, 1501 йили 60 ёшида вафот этган. Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган.

Доҳийнинг отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан бўлиб, у ҳам  мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси (исми номаълум) Қобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи бўлган.

Алишер Навоий 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Алишер Навоий ўзининг эски ўзбек тилида ёзган шеърларидан иборат илк девони — «Бадоеъ ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси»)ни тузди. Мазкур девонда 777 ғазал, 85 рубоий, 52 муаммо, 46 қитъа, 53 фард, 10 туюқ, 10 луғз, 3 мустазод, 5 мухаммас, 3 таржеъбанд, 2 мусаддас бўлиб, бундай мукаммал девонни тузиш Навоийгача камдан-кам ўзбек шоирига насиб бўлган.

Алишер Навоий «Бадоеъ ул-бидоя» тузилгандан кейинги даврда ёзилган ўзбекча шеърлари асосида 1480 йилларнинг охирида «Наводир ун-ниҳоя» («Беҳад нодирликлар») девонини тузди. Кейинроқ «Чихл ҳадис» («Қирқ ҳадис» ёки «Арбаин») асарини ёзиб, унда Муҳаммад пайғамбар (Саллолоҳу алайхи васаллам) нинг қирқ ҳадисини тўртлик билан шеърий тарзда ифодалаб берган.

Алишер Навоий туркий тилдан ташқари форсийда тузилган девонига 373 муаммо киритган, 1485 йил муаммо ёзиш қоидалари ҳақида махсус «Муфрадот» асарини яратган.

Ғазал мулкининг султони аталган Алишер Навоий давлат арбоби сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Болаликдаги дўсти Шох Хусайин Бойқаро саройида вазир вазифасини бажарар экан, у доимо халқ меъморлари, усталарнинг санъатини ардоқлаган, уларнинг меҳнатини қадрлаган. Жуда бадавлат бўлган Навоий бинолар қуриш ва ҳовузлар қазишда ишлаётган кишиларни ҳамиша рағбатлантирган. Тарихчи Хондамир ўзининг асарларида Алишер Навоий қурдирган 52 та работ, 20 та ҳовуз, 16 та кўприк, бир қанча тўғон, ҳаммом, масжид ва мадрасаларни санаб ўтади.

Буюк аждодларимизни эслаш – биз, бугунги авлод учун шараф. Турк дунёси бугун Алишер Навоийнинг 581-йиллигини нишонлаётган бўлсак, бир неча кундан кейин яна бир улуғ истеъдод эгаси, серқирра шоир, истеъдодли саркарда ва давлат арбоби, Алишер Навоийни устозим деб улуғлаган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 539-йиллигини нишонлаймиз. Бу икки буюк боболаримиз хотираси ёшлар қалбида мангу яшайди.

Мақоламизни Алишер Навоийнинг ўшлик ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Зуҳра опа Жўрабоева тантанали маросимда маромига етказиб ўқиб берган машҳур ғазали билан тамомламоқчимиз.

Кеча келгумдур дебон, ул сарву гулрў келмади.

Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади.

Лаҳза-лаҳза чиқтиму, чектим йўлида интизор,

Келди жон оғзимғаю, ул шўхи бадхў келмади.

Ул париваш ҳажридинким йиғладим девонавор,

Кимса бормуким, они кўрганда кулгу келмади.

Толиби содиқ топилмас, йўқса ким қўйди қадам

Йўлғаким, аввал қадам маъшуқи ўтру келмади.

Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглунг уйин,

Не учунким, бода келган уйга қайғу келмади.

Соҳибжон Мамиров, Оқбура, Ўш шаҳри.

Сурат муаллифники

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг