Нафасингни ел олсин! Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги баёноти асоссиз

Шавкат Мирзиёев Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги ваҳимасини асоссиз эканини айтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Давлат Хавфсизлик Кенгашининг 13 январда ўтган кенгайтирилган йиғилишида қўшни Қозоғистондаги аҳволга доир, жумладан Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга нисбатан айтган гапларига муносабатини баён қилди.

Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг онлайн саммитида сўзлаган сўзида Беларусь раҳбари “Қозоғистондаги тартибсизликларни келтириб чиқарган кучларнинг нигоҳи энди Ўзбекистонга қаратилгани» ҳақида маълумотларга эга эканини айтиб, расмий Тошкентни Қозоғистондаги воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати берган маълумотга кўра, Мирзиёев «куни кеча баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот берилди”, – деган.

“Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», дея Мирзиёевнинг сўзларини келтирган матбуот хизмати.

Албатта, Қозоғистондаги воқеалар кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Ҳаммамиз учун зўр сабоқ бўлди. Лекин оддий кузатувлар ҳам шуни кўрсатиб турибдики, 225 кишинининг ҳаётини олиб кетган бу қонли воқеалар замирида аҳоли ғам-ташвишларига бепарволик, йирик амалдорлар ва уларнинг яқинларининг очкўзлиги, бутун мамлакат ҳаётини издан чиқараётган коррупция сабаб бўлди. Бу нарсалар эса айнан ўша Беларусда ва қўрқитиш орқали ЕХШТ давлатлари сонини кўпайтиришга интилаётган Россияда роса авж олган.

Ўзбекистонда эса, аксинча, бир неча йиллардан бери давлат органлари ва амалдорларнинг халқ манфаатларига ҳамоҳанг ишлашини таъминлашга бўлган ҳаракат кучаймоқда. Турли ташқи ва ички тўсиқларга дуч келаётган бўлсада, мамлакатда эркинлик шамоли эса бошлади.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг