Ўқитувчи ва ўқувчи муаммоси: айб ўқитувчилардами?

Бу долзарб масала жамиятда тобора кўпроқ муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Сўнгги вақтларда юртимиз мактабларида педагог, ўқувчи ва ота-оналар ўртасидаги муносабат борасида турли кўнгилсиз воқеалар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Ишга шунга бориб етдики, мактаб директори ўқувчининг оёғига тепиб синдирганликда айбланди. Оқибатда жисмоний тарбиядан ҳам сабоқ бериб юрган директор Умиджон Исоқов ишдан кетди.

Бу воқеа январь ойининг сўнгги кунларида Ўш вилояти Қорасув туманидаги №83 мактабда содир бўлган. Жароҳат олган ўқувчининг ота-онаси милицияга мурожаат қилган. Қорасув туман ички ишлар бошқармаси текширув ишлари бошланганини таъкидлади.

Тергов жараёнида собиқ директор ўқувчининг оёғига атайлаб тепмаганини, тўпни чиқараётганда тасодифан тегиб кетганини айтган. Аммо воқеага гувоҳ бўлган ўқувчилар мураббийнинг 8-синф ўқувчисига атайлаб тан жароҳати етказганини билдиришган.

Ўқитувчи билан ўқувчининг келиша олмаслиги ёки ота-оналарнинг муаллимлардан норозилиги ҳолатларини бугун барча жойларда кузатиш мумкин. Ҳаттоки юқорида айтилганидек, ўқитувчиларни ишдан олинишигача бораётган ҳолатлар содир бўлмоқда.

Яқиндагина ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган Чуй вилоятининг Лебединовка қишлоғидаги мактабларнинг бирида юз берган бошқа бир ҳолат ҳам бунга мисол бўлади. Яъни, мактаб ўқувчиси Захар Смайликов билан тарих муаллими ўртасида дарсда тушунмовчилик келиб чиққан. Ота – оналарнинг аралашуви, суриштирув амалларидан сўнг ўқитувчи “ўз ҳохишига кўра” ишдан кетган.

Бу воқеага муносабат сифатида бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўндуруш Тўқтўнасиров Таълим ва фан вазирлиги олдида “Ўқитувчининг ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?” деган ёзувлар билан норозилик намойишига чиқди.

Ўтган йилнинг баҳор ойларида ижтимоий тармоқларда ўқитувчининг ўқувчиларни қатор тизиб олиб, камар билан ураётгани тасвирланган видео тарқаган. Воқеа Ўш вилоятидаги Аравон тумани мактабларининг бирида содир бўлгани аниқланди. Ота-оналарнинг аралашуви билан ўқувчиларни урган одам болаларнинг синф раҳбари эканлиги маълум бўлган. Бу ҳолат бўйича ҳам мактаб директори, фан ўқитувчиси ҳамда синф раҳбари ишдан олинган. Лекин ҳеч қанча вақт ўтмай, зўравонлик қилган ўқитувчи ўз ишига қайтариб олинган. Бу ҳақда ўқувчилардан бирининг онаси Дилором Эгамбердиева билдирган.

Болаларимизни асрайлик

Албатта, болаларга нисбатан ақл эмас, куч ишлатадиган педагогларнинг боридан йўғи яхши. Аммо жорий йилда республика мактабларида мингга яқин ўқитувчиларнинг етишмаётганини, ўзбек тилида ўқитилувчи мактаблар учун кадрлар тайёрлаш умуман тўхтаб қолганини ҳисобга олсак, ишдан бўшатиш билан муаммони янада чуқурлаштириб юбориш мумкинлигини англаш мумкин. Шу сабаб вазият масалага жиддийроқ ёндашиш лозим эканини кўрсатмоқда. Албатта бундан, болаларга нисбатан зўравонлик қилиш оқлаш мумкин экан, деган хулоса келиб чиқмаслиги керак.

Қисқагина таҳлил шуни кўрсатадики, таълим-тарбия жараёнида, жумладан мактабда ҳам болаларни уриб туриш тарафдорлари ҳам оз эмас. Улар кўпинча катта ёшдаги одамлар бўлиб, уларнинг даврида ўқитувчилар болаларни уриб жазолашлари мумкин бўлган ва ота-оналар бунга қарши бўлишмаган. Уларнинг фикрича, шу сабабли жамиятда устозларга ҳурмат ва мактабларда тартиб бўлган. Бироқ замон ўзгаряпти, тарбия ишлари ҳам, бу жараёнда мактаб ва ота-оналарнинг роли ҳам, бугунги кундаги авлод психологиясига ҳамоҳанг ўзгариб бориши лозим.

Ўқитувчиларнинг ўқувчиларга нисбатан ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини видеога олишлари аслида яхши эканини билдирган Ўш шаҳридаги ота-оналардан бири Хуршида Бойназарова.

“Чунки педагогнинг вазифаси уриб-сўкиб ўргатиш эмас. Ўз ишининг устаси бўлса, олий маълумотли ўқитувчи педагогикани яхши билиши керак. Бировларнинг кўзи оқу-қораси бўлган фарзандларини уришга уларнинг ҳаққи йўқ”, – дейди Бойназарова.

Афсуски, педагоглар билан ота-оналарнинг ўртасидаги алоқанинг яхши йўлга қўйилмагани, болаларнинг рухий ҳолатларига эътиборсизлик ва лоқайдлик, гоҳида уларга нистабан шафқатсиз муомала мактаб ёшидаги болаларнинг ўз жонига суиқасд қилишларига ҳам олиб келмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, охирги 10-15 йилда ёшлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш уч баробарга ошган. Охирги уч йилда эса, 600 га яқин ўсмир ўз жонига суиқасд қилган ёки шунга ҳаракат қилган. Уларнинг 70 фоиздан кўпроғи – қиз болалар.

ЮНИСЕФ юритган тадқиқотларда ҳам болалар ва ўсмирлар ўртасидаги суиқасднинг асосий сабаблари сифатида айнан мактаб ва оиладаги ҳамда тенгдошлари ўртасидаги келишмовчиликлар қайд этилган.

Бу энди бошқа мақолага асос бўладиган алоҳида мавзу. Шу нарса аниқки, мавжуд вазият учун, биринчи галда ота-оналар, педагоглар ва бутун жамият масъул бўлиши керак.

Педагогик иқлим ўзгарган

Мактаб ҳаётидаги турли можаролар, ўқитувчи билан ўқувчининг келиша олмаслиги бунинг ёрқин исботидир. Бундай фикрларни кўп йиллар Ўш шаҳар таълим бошқармасида раҳбар бўлиб ишлаган, бугунги кунда билим бериш соҳасида таҳлилчи сифатида танилган Қуштарбек Кимсанов билдирди.

Унинг сўзларига кўра, жисмоний тарбия ўқитувчисининг ўқувчини оёғини синдириши, бу педагогик этикага зид ҳолатдир. Иккинчи воқеада ҳам фикр келиша олмаслик ҳолати кузатилган. Демак, бундан кўриниб турибдики, муаллимларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, уларни чарчаган, дейиш мумкин.

“Ўқитувчиларга дам олиш учун шароитлар йўқ, мамлакатдан ташқарига саёҳатга чиқмайди. Оқибатда [кучли асабийлашиш] хиссиётга берилиш салбий оқибатларни келтириб чиқараверади”, –  дейди таҳлилчи.

Кимсановнинг сўзларига кўра, ўқитувчилар орасида ўз дарсига беътиборлик билан ёндашаётганлари ҳам учраб туради. Бу эса, мураббийнинг ўқувчиларни дарсга жалб қила олмаслигини кўрсатади.

Ота-оналарнинг айби қанчалик?

Ҳаётининг 40 йилдан ортиғини болаларга таълим беришга сарфлаган Халқ маорифи аълочиси, ҳозирда фахрий ўқитувчи Муножотхон Абдувалиева ўқитувчиларга нисбатан бўлаётган бундай кўнгилсиз ҳолатларда ота-оналарнинг ҳам айби катта эканлигини таъкидлайди.

“Оила даврасида ўқитувчиларнинг камситилмаслиги, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш келажак авлодни устозга нисбатан ижобий фикрда бўлиб, уларни ҳурмат қилишга ўргатади”, – дейди Абдувалиева.

Шу билан бирга фахрий педагог ўқитувчилар ўз касбининг фидоийси бўлгандагина ўқувчи олдида ҳурмат қозона олади, деган фикрни ҳам билдирди.

Ўттиз икки ёшида Халқ маорифи аълочиси мақомига сазовор бўлган, ҳозирда Ўш шаҳридаги №49 мактабида директор лавозимида фаолият кўрсатаётган Маҳаматжон (Озодбек) Охуновнинг “Оқбура” сайтига айтган фикрига кўра, ўқитувчи ва ўқувчилар орасидаги можаролар оқибатида ўқитувчиларнинг ишдан бўшаши ҳаммада ҳар хил фикрларни пайдо қилди. “Кўп йиллик педагогик тажрибамга таянган ҳолда шуни айтиб ўтиш жоизки, педагог ҳеч қачон ўқувчисига нисбатан қасддан қўл кўтармайди”, – дейди у.

“Бу ҳолатларнинг ҳаммаси тасодифан бўлган бўлиши мумкин. Ўқувчилар ҳам воқеани айнан ўқитувчининг жиғибийрон бўлаётган ҳолатини, болаларга қўл кўтарган ҳолатларини тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатса, ҳамманинг ҳам ўқувчига раҳми келади. Аслида воқеанинг аниқ моҳиятини фақат ўша ерда бўлган гувоҳлар билишади холос”, – дейди Охунов.

Унинг таъкидлашича, ўқувчиларнинг мактабдаги воқеаларни тасвирга олиб тарқатишига қонунан тўсиқ қўйилмаган, лекин маънан олиб қараганда уларнинг бунга ҳаққи йўқ. Муаллим ва ўқувчининг ўртасида тафовут бўлиши керак. Видео тасвирга оладиган телефондан дарсда фойдаланиш мумкин эмас.

“Мен бу билан ўқитувчи истаганича ўқувчига қўл кўтариши мумкин демоқчи эмасман. Педагог маданиятли, толерантли, сабрли бўлиши керак. Аммо ота-оналар ҳам ўз мажбуриятларини, вазифаларини билиши зарур”, – дея таъкидлади мактаб директори.

Авваллари халқимизда устозга ҳурмат юзасидан “эти сизники, суяги бизники” дея фарзандларини ўқишга олиб келишган. Демак, муаллимни ҳурмат қилиш азалдан бизнинг қонимизда бор.

Мактаб директорининг фикрича, охирги вақтларда ўқитувчиларга нисбатан намоён бўлаётган ҳурматсизлик ғарбга тақлид қилаётганимизнинг исботи бўлмоқда.

Муаллим ўз ҳуқуқини билмайдими?

Агар шундай воқеалар содир бўлаётган бўлса, демак муаллим ўз ҳуқуқини яхши билмайди. Аммо баъзи вақтларда унга нисбатан маъмурий тазйиқлар ҳам бўлиши мумкин. Туманимиз, вилоятимиз, мактабимиз шаънига путур етади деган босимлар остида педагогларни ишдан кеткизиш ҳолатлари кузатилади. Бу каби фикрларни “Билим азиғи” ўқитувчилар жамиятининг бошлиғи Айгуля Атабекова билдирди.

Унинг таъкидлашича, “Таълим ҳақидаги” қонуннинг 3 қисми, 26-27 бандларида ўқитувчининг ҳуқуқлари, 28-29 бандларида эса ота-оналарнинг мажбуриятлари кўрсатилган.

“Афсуски, бугунги кунда биронта ҳам таълим бошқармасида ҳуқуқ ҳимоячиси йўқ. Ўқитувчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини кимдан талаб қилсин?”, – дейди Айгуля Атабекова.

Унинг қўшимча қилишича, бундай вазиятлардан чиқишнинг йўлларидан бири ўқитувчилар учун ҳуқуқий ёрдам марказларини очиш керак. Жамиятда муаллимнинг обрўсини кўтариш керак. Уларга маънавий ва моддий ёрдамлар кўрсатилиши лозим. Зеро, буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони, шу кунларда таваллуд куни нишонланаётган бобомиз Мир Алишер Навоий:

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганч ила,

дея, ўқитувчиларга нисбатан ҳурматда бўлиш лозимлигини таъкидлаган.

Умида Мирзабаева, Оқбура, Ўш шаҳри.

Расм интернетдан олинган, мақолага бевосита дахлдор эмас

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг