Қирғизистон: Сердаромад соҳани йўқ қилиб, энди ипакни четдан сотиб оляпмиз

Бу соҳани қайта тиклаш мамлакатга йилига миллионлаб доллар валюта олиб келиши мумкин.

Бу ҳақда эслашимизга куни кеча оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумот сабаб бўлди. Яъни, қўшни Ўзбекистон ўтган 2021 йилда 18 хорижий давлатга ипак ҳамда ипак маҳсулотларини экспорт қилган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, ўтган йили бу ерда ишлаб чиқарилиб, хорижий ўлкаларга сотилган ипакнинг умумий қиймати 87,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган. Бу эса 2020 йилда экспорт қилинган ипак қийматидан 12,4 миллион долларга кўп дегани.

Қизиғи ва ачинарлиси шундаки, Ўзбекистондан ипак ва ипак маҳсулотларини сотиб олаётган давлатлар қаторида Қирғизистон ҳам боргина эмас, у ўзбек ипагини импорт қилаётган давлатлар ўртасида Хитойдан кейин иккинчи ўринда турар экан.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистон ипагини сотиб олишда пешқадамлик қилаётган Хитой 38 миллион долларлик ўзбек ипагини (экспортга кетган маҳсулотнинг 43 фоизи) сотиб олган бўлса, Қирғизистон 16,2 миллион долларлик хомашё ва маҳсулот сотиб олган. Бу эса Ўзбекистондан экспорт қилинган жами ипакнинг 18,5 фоизини ташкил қиларкан.

Ипак экспортчилари орасида Марказий Осиё давлатларининг ҳаммаси бор. Жумладан, яна бир қўшни давлат, Тожикистон 12,6 миллион долларлик маҳсулот сотиб олиб, Ўзбекистондан энг кўп ипак сотиб олаётган давлатлар қаторида учинчи ўринда бормоқда. Тожикистон экспорт қилинган ўзбек ипагининг қарийб 14,5 фоизини сотиб олган.

Бугунги кунда Ўзбекистондан ипак сотиб олаётган 18 мамлакат орасида Вьетнам (8,7 млн. долларлик маҳсулот сотиб олади), Эрон ($6,7 млн.), Бирлашган Араб Амирликлари ($1,8 млн.), Ҳиндистон ($1,7 млн.), Жанубий Корея ($897 минг), Афғонистон ($340 минг), Туркманистон ($265 минг.), Туркия ($131 минг.), Покистон ($66 минг.), Қозоғистон ($20 минг), Россия ($17 минг.), Франция ($4,2 минг) ва бошқа давлатлар бор.

Бизнинг шойи олтиндек товланарди

Бугун, 7 февраль куни Қирғизистон парламентининг тегишли қўмитасида Қишлоқ хўжалиги вазири Асқарбек Жанибековнинг депутатларга берган маълумотига кўра, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга бу йил давлат бюджетидан 26 миллиард сўм ($17,6 млн.) ажратилган. Унинг 1,5 миллиард сўми уруғ сотиб олишга мўлжалланган бўлиб, бу пулга Россиядан 15 минг тонна беда, кунгабоқар, буғдой, арпа, нўхат, софлор ва бошқа экинларнинг уруғи сотиб олинган.

Яна 1,5 миллиард сўм минерал ўғитлар сотиб олишга, 1,1 миллиард сув хўжалигини яхшилашга бўлинган. Вазир пиллачилик соҳасида ҳақида сўз қилмаган. Жанибеков қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 5000 га яқин ходимларини учун кетадиган ҳаражатларни ҳам айтмади. Улардан 900 нафардан кўпроғи бевосита вазирликнинг ўзида ишлайди, қолганлари асосан вазирликка бўйсунувчи сув ва мелиорация хўжалигида ишлашади. Бугунги кунда бу вазирлик Қирғизистонда энг штати кўп давлат органи ҳисобланади. Вазирликнинг бажараётган иши эса асосан статистика маълумотларини тўплашдан иборат бўлиб қолган.

Қадимги Буюк ипак йўлининг бир қисми бўлган бугунги Қирғизистон ҳудудидан ўтгани маълум. Шу сабабли бўлса керак ва энг асосийси иқлим шароити шунга мос бўлгани учун совет даврида Қирғизистон мустақил давлат сифатида бўлмаса ҳам, ипак етиштирувчи давлатлар қаторидан мустаҳкам ўринга эга эди.

Расмий маълумотларга кўра, 1990 йилга қадар Қирғизистонда йилига 845 тонна пилла етиштирилиб, ундан 150 тонна ипак хомашёси олинар эди. Бу 2018 йилгача Ўзбекистонда бир йилда ишлаб чиқарилган табиий ипакнинг салкам тўртдан бирига тенг.

Бир пайтлар Ўш шаҳридаги тўқимачилик комбинатида ишлаб чиқарилган шойи газламалар

Ипакнинг бир қисми Қирғизистоннинг ўзида қайта ишланиб, йилига 1,5 миллион метр шойи газламалар ишлаб чиқарилар эди. Қирғизистон ипаги ва шойилари ўзининг аъло даражадаги сифати билан машҳур бўлган. Ўш шаҳридаги тўқимачилик комбинатида эса, минглаб одамлар иш билан таъминланиб, уларнинг бир қисми қўшни Ўзбекистондан келиб ишлар эди. Афсуски, мустақилликнинг дастлабки йилларида масъулиятсизлик билан амалга оширилган хусусийлаштириш оқибатида бу ноёб корхона ҳам талон-торож бўлиб кетди. Бино ва ускуналар сотилиб битгач, корхонанинг ҳудуди ҳам одамларга бўлиб сотилди. Ҳозирда улкан бу ҳудуд аҳоли яшайдиган жойга айланган.

Тут сайли ҳам тарихда қолди

Ўша йиллари Қирғизистоннинг жанубидаги пахта ва бошқа экинлар экиладиган минглаб гектар ерларнинг четида бир ёки икки қатор тут дарахтлари экилган бўлиб, бу ипакчилик соҳасининг ривожига мустаҳкам замин хизматини ўтарди. Иккинчидан, йўл четидаги ва алоҳида ажратилган ерлардаги тутзорлар ернинг намлигини сақлашда ва бошқа экологик муаммоларнинг олдини олишда беқиёс аҳамиятга эга эди.

Тутзорлар орасига беда, маккажўхори каби ўсимликлар экилиб, ем-ҳашак ҳам мўл бўларди. Аҳолининг тут сайлига чиқишлари, турли витаминларга бой бу мевадан озиқланиб тургани алоҳида масала. Билган одамга тут меваларини қуритиб олиб, четга экспорт қилиш истиқболлари ҳам йўқ эмасди.

Ўзига ортиқча эътибор талаб қилмайдиган, сувсизликка чидамли ва кесиб олингандан сўнг яна тезда тикланиб оладиган бу дарахтнинг шохлари қишлоқ аҳолисининг ўтинга бўлган талабини қисман қондирарди. Минг афсуслар бўлсинки, пиллачилик соҳасининг таназзулга юз тутиши билан минглаб гектар тутзорлар, миллионлаб туп тут дарахтлари ҳам қаровсиз қолди. Авваллари давлат томонидан қаттиқ қўриқланадиган тутлар аёвсиз кесилиб, далаларимиз, кенг йўлларимизнинг чеккалари қовжираган ялангликка айланди.

Энг муҳими, ипакчилик аҳолини иш билан таъминлашда, мавсумий бўлсада аҳоли даромадининг кўпайишига қўшган хиссаси ҳам катта эди. Икки ойга етмаган вақт орасида пиллачилик билан боғлик ишлар якунига етиб, одамлар қўшимча даромад олиш имконига эга бўлардилар. Бахтга қарши, бошқарувнинг ночорлиги, етиштирилган пилла ва ипакнинг истеъмолчиларини топиб, чет элларга экспорт қилиш масаласининг ҳал бўлмагани боис, пилланинг нархи йилдан йилга тушиб бориб, одамларда унга бўлган қизиқиш сусайди. Кадрлар тайёрлаш масаласи ҳал бўлмаганидан эски пиллачиларнинг ўрнини босадиган ёшлар топилмади. Буларнинг ҳаммаси бир бўлиб, Қирғизистонда ипакчилик соҳасининг бирйўла йўқ бўлиб кетишига олиб келди.

Албатта, ипакчиликда болалар меҳнатидан фойдаланиш, ипак қуртини боқиш даврида одамлар яшаб турган уйларини, кўп ҳолларда мактабларнинг спорт заллари ёки бошқа  ижтимоий иншоотлардаги хоналарнинг вақтинчалик қуртхоналарга айлантирилиши каби муаммолар ҳам йўқ эмасди. Лекин уларни ақл билан ҳал қилиш орқали ҳарбий мақсадларда ҳам фойдаланиши сабабли жаҳон миқёсида стратегик хомашё ҳисобланган ипак етиштириш соҳасини сақлаб қолиш мумкин ва зарур эди.

Ундирган ҳам сўндирган ҳам кадрлар

Афсуски, буни тушунган, соҳани сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасида кўплаб мутахассисларнинг куйиб-пишиб айтган гапларини эшитадиган, соҳага давлатнинг стратегик манфаатларига мос келадиган йўналиш сифатида қарайдиган раҳбар топилмади. Айниқса, Бишкек томонда бунинг нақадар муҳим соҳа эканига эътибор қаратилмади. Бунга ёрқин мисол сифатида Жалолобод вилоятига губернатор бўлиб тайинланган мамлакат шимолидан чиққан бир амалдорнинг мисолини келтириш мумкин.

Ўшанда бу амалдор Жалолободда катта йўлдан кетаётиб, ипак қурти учун йўл четидаги тут дарахтларини кесаётган одамларни кўриб машинасини тўхтатади. Машинасидан тушиб тут кесаётган одамларга, “нега дарахтларни кесиб, экологияга зарар етказяпсизлар”, деб дағ-даға қилади. Суҳбат давомида унинг пиллачиликдан умуман бехабар экани маълум бўлгани ҳақида одамлар орасида анчага гап бўлган. Бошқа сафар эса ўша раҳбар пахта далаларини кўргани боради. Чигит энди униб чиқаётган палла. Бу сафар униб чиқаётган пахтанинг учига кўтарилиб чиқиб қолган чигит пўчоғини кўриб, вилоят раҳбари, “нега чигитни ер остига қадамай, ер устига, тескарисига экдинглар” деб деққонларга дашном берган экан.

Мамлакат жанубига хос пахтачилик ва пиллачиликдан умуман хабари бўлмаган одамнинг вилоят раҳбар қилиб сайланиши ва кадрлар масаласидаги шунга ўхшаган бошқа кўплаган хатолар ҳам бу соҳага ва умуман халқ хўжалигига катта зарар етказгани аниқ.

Очиқ имкониятлар эшигига кира оламизми?

Орадан 15-20 йилча вақт ўтгачгина Қирғизистонда яна ипакчилик соҳасини тиклаш ҳақида гапирила бошланди. Бундан 10 йилча аввал, аниқроғи 2013 йилнинг июнида Бишкекда ўтган Корея ва Қирғизистон давлатлари вакилларининг учрашувида ипакчилик соҳасида ҳамкорлик қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Ўшанда Қирғизистон тараф кореяликларга бу соҳада ҳамкорлик қилиб, икки давлат иштирокида қўшма корхона очишни таклиф қилган эди.

“Биз ипакчилик соҳасини қайта тикламоқчимиз. Бунинг учун бизда ёқимли иқлим шароитлари мавжуд”, – деган эди ўша пайтдаги Энергетика ва саноат вазирининг ўринбосари Сапарбек Асанов.

Жанубий Корея давлати ипакчилик соҳасида дунёнинг пешқадам давлатлари сарасига киради. Қирғизистон тараф Кореяга тутзорлар бунёд қилинадиган ер, ипак қуртини боқиш учун зарур бўлган бинолар тақдим этиши, кореялик ишбилармонларнинг эса Қирғизистонга сармоя ва замонавий жиҳозлар олиб келиши кўзда тутилган эди.

Сабаби ноъмалум, лекин бу ниятлар, тузилган режалар қуруқ гаплигича қолиб кетаверди.

Қирғизистонда ипакчилик соҳасини қайта тиклаш ҳақидаги масала 2018 йилда яна кўтарилди. Жумладан, ўша йилнинг апрелида президент Сўўрўнбай Жээнбеков Тошкентга қилган расмий ташрифи давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашуви чоғида ҳам бу масала муҳокама қилинган.

Бу оппоқ қуртлар одамларни иш билан таъминлаб, мамлакатни бойитиши мумкин

Ўшанда Қирғизистон жанубида ўсиб улғайган, жанубда ва республика миқёсида бир қатор масъул лавозимларда ишлаган, пахтачилик ва пиллачиликдан хабари бўлган Жээнбеков бу соҳаларни қайта жонлантириш ҳақида жиддий ўйланган бўлса ажаб эмас. Жумладан, у Тошкентдаги учрашувлардан кейин Ўзбекистон билан ҳамкорликда тутзорларни қайта тиклаб, кенгайтириш, шойи маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналарни тузиш, ва ҳатто Ўш шаҳрида Савдо-кўргазма уйини очиш ҳақида ҳам келишиб олингани ҳақида айтган эди. Лекин афсус…

Бу сафар ҳам иш қуруқ гаплардан нарига ўтмади. Тўғри, бир йилдан сўнг Боткен вилоятининг Қадамжой туманида Ўзбекистон миришкорлари ҳамкорлигида пиллачилик қайта тиклашга ҳаракат бошланди. Лекин бу масалада арзирли натижалар бўлмади.

Орадан икки йил ўтиб эса, мамлакатда навбатдаги тўнтариш юз берди. Жээнбеков президентлик лавозимидан воз кечишга мажбур бўлди. Энди бу масалага яна ким ва қачон қайтади, бир нарса дейиш қийин. Афсуски, мамлакатда пиллачилик соҳаси бўйича кадрлар ҳам қолмаган. Соҳага тегишли илмий-техник база ҳам йўқ бўлган. Уларни қайта тиклаш жуда кўп вақт ва маблағ талаб қилиниши ойдай равшан. Лекин бу ҳаракатлар тез орада ўзини оқлаши шубҳасиз. Ахир қачонгача ипакни ўзимизда етиштиришга, ўз эҳтиёжларимизни ҳам қондириб, катта ўлчамларда чет элларга ипак ва шойи маҳсулотларини сотишга имконимиз бўла туриб, уларни қўшнилардан сотиб оламиз?

Қирғизистонда пиллачилик таназзулга юз тутгач, анча вақтгача Ўзбекистондан келиб, бизнинг деҳқонларга химиявий ўғит бериш эвазига биздаги тут баргларини кесиб кетиб юришди. Лекин бора-бора қаровсиз қолган тут дарахтларига касал тегиб, уларнинг барглари фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди. Кейин оммавий турда кесилиб, томирлари билан қўпориб чиқариб ташланди. Бугунги кунда мамлакатда қанча тут дарахти қолганини ҳеч ким билмайди, уларнинг саноғи билан шуғулланган одам йўқ.

Расмий маълумотларга кўра, қўшни Ўзбекистонда бугун салкам 44 миллион туп тут дарахтлари мавжуд, тутзорларнинг умумий майдони эса 43,4 минг гектарни ташкил қилар экан. Қирғизистонда ҳам тутзорларни тиклаб уларнинг майдонларини кенгайтириш бўйича давлат дастурини қабул қилиб, астойдил ишлаш вақти келди. Ахир тут – тез ўсиб, иқлимнинг иссиқ-совуғига қарамай, тез кўпаядиган, сувсизликка бардошли ўсимлик.

Тутзорларни кўпайтириб, пиллачилик соҳасини тиклаш – қатор иқтисодий, ижтимоий ва экологик муаммоларни бирваракайига ҳал қилишга мустаҳкам замин яратган бўлар эди.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Суратлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг