Қирғизистон-Тожикистон чегарасини аниқлаш ишлари қайта жонланди

Ҳафтанинг иккинчи ярмида топография бўйича икки давлат ишчи гуруҳларининг учрашуви ўтади.

Қирғизистон-Тожикистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича топография ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви 10-15 февраль кунларига режалаштирилган. Бу ҳақда Kaktus.media сайти Қирғизистон вазирлар маҳкамаси берган маълумотга таяниб хабар берди.

Вазирлар маҳкамаси берган маълумотга кўра, ҳукумат делегациялари ва аталган ишчи гуруҳларнинг фаолияти натижасида 2021 йилнинг 1 майидан тортиб шу кунгача икки давлат чегарасининг 81 километрлик қисми расман тасвирланган. Аталган давр ичида топография комиссиялари иштирокида 8 учрашув ўтказилгани ҳақида Тожикистоннинг Asia-Plus нашри хабар берган.

Тожикистон Ер бошқармаси ва геодезия қўмитаси раҳбари Ориф Хўжазоданинг Asia-Plus нашрига берган суҳбатида айтилишича, ўтган йилнинг октябрида аталган комиссияларнинг иши тўхтаб қолган эди. Хўжазоданинг айтишича, икки давлат ўртасидаги 970 километрлик чегаранинг 519 километрининг мақоми, яъни кимга тегишли экани аниқланган.

Қирғизистон вазирлар маҳкамаси Kaktus.media нашрига икки давлат чегараларини аниқлашда 1924-1927 йиллардаги ва 1989 йилдаги ҳужжатларга таянилмоқда эканини ҳам маълум қилган. Эслатиб ўтамиз, Тожикистон томон чегара масалаларини ҳал қилишда айнан ана шу ҳужжатлар асос бўлиши лозимлигини таъкидлаб келади.

Ориф Хўжазода икки давлат ўртасида мунозараларга ва чегарадаги можароларга сабаб бўлаётган умумий майдони 5 гектар, узунлиги 275 метрлик ер участкаси «сўзсиз Тожикистонга тегишли эканини» ҳам айтган. Бунга далил сифатида Тожикистон тараф айнан 1924-1927 йиллардаги ва 1989 йилдаги ҳужжатларни келтиради.

Қирғизистонда бу ер Тўрткўча деб аталиб, расмий равишда баҳсли ҳудуд ҳисобланади.

Аталган ҳудуд Қирғизистон ҳудудига тил каби суқилиб кирган ва мамлакатнинг жанубий пойтахти Ўш билан Лайлак тумани маркази бўлган Исфана шаҳрини боғловчи автомобиль йўли айнан мана шу жойни ҳам кесиб ўтади. 2009 йилда Қирғизистон томон Ўш-Исфана автомобиль йўлини қуриш мақсадида ана шу участкани 49 йилга ижарага олгани ҳақида икки давлат вакиллари имзолаган протокол мавжуд. Бироқ Қирғизистоннинг бугунги раҳбарияти бу протоколни тан олмайди.

Ўтган йили ана шу протоколнинг имзоланиши факти бўйича жиноий иш қўзғалиб, айбдор сифатида унга қўл қўйган Адахан Мадумаровнинг номи аталмоқда. Расмий Бишкекнинг таъкидлашича, бу протокол қонуний кучга эга эмас, чунки ўша пайтда Давлат Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб турган Адахан Мадумаровнинг бундай ҳужжатни имзолашга ваколати бўлмаган.

Бу иш бўйича Мадумаров бир неча бор сўроқ қилиниб, тергов ишларининг ниҳоясига етгани маълум қилинган, лекин унинг келажаги нима бўлиши ҳақида бир нарса дейиш мушкул. Мадумаровнинг ўзи бу ишни сиёсий босим сифатида баҳолайди ва ўзининг айбдор эканини инкор қилиб келади.

Муҳими, муросага кела бошлаган икки давлат вакиллари яна бир даврада ўтириб, чегарани аниқлаш бўйича ишларини қайта бошладилар.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг