Пентагон: Вертолётлар Толибонга берилмайди

Ҳарбий тўнтаришдан кейин бу афғон ҳарбий учоқлари Тожикистон ва Ўзбекистонга учиб ўтишган эди.

Америка мудофаа вазирлигининг (ўзи жойлашган бино шакли билан кўпроқ Пентагон деб аталади) билдиришича, ўтган йилнинг август ойида қулаган Афғонистон ҳукумати армиясига қарашли бўлган вертолётлар Қобул шаҳри “Толибон” ҳаракатига таслим бўлганидан кейин Тожикистон ва Ўзбекистонга учиб кетган эди. Технича таркибида ҳарбий самолётлар ҳам борлиги маълум.

Бунгача Толибон ҳукумати вакиллари бир неча бор Тожикистон ва Ўзбекистонни ушбу вертолётларни Афғонистонга қайтаришга чақирган. Аввалроқ ОАВда Душанбе ва Тошкент маълум миқдордаги вертолётларни қолдириш ҳуқуқини беришни сўраб АҚШга мурожаат қилгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалган. Бунинг сабаби ўша вертолётларни бир пайтлар Афғонистонга айнан АҚШ ҳукумати совға қилган эди.

АҚШнинг бу жараёнга бу қадар фаол аралашиши шундан дарак берадики, сони айтилмаётган ҳарбий техниканинг аталган икки давлатга учиб ўтиши Америка ва бу давлатлар ўртасидаги келишув асосида амалга оширилган.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирби 18 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги брифинг чоғида журналистнинг вертолётлар тақдири ҳақидаги саволига жавоб берар экан, улар ҳали ҳам бу масала устида ишлаётганликларини айтди.

«Аммо улар Афғонистонга, Толибон томонидан фойдаланиш учун юборилади деб ўйламайман», – дея қўшимча қилган Кирби.

Пентагон матбуот котибининг таъкидлашича, улар охир-оқибат нима қилишлари ва вертолётлар қаерга бориши ҳақидаги мунозаралар ҳали ҳам давом этмоқда.

Пентагоннинг бу баёноти дунё давлатларидан бирортасида тан олинмаган Толибон ҳукуматидаги вазирлардан бири ўтган ҳафта Тожикистон ва Ўзбекистонни аввалги ҳукумат қулаганидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб кетилган самолёт ва вертолётларни Афғонистонга қайтариши кераклиги ҳақида огоҳлантирганидан кейин янграган.

«Толибон» ҳаракатининг асосчиси Мулла Умарнинг ўғли, ҳозирда Афғонистон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Муҳаммад Ёқуб 11 январь куни Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларининг Кобулда ўтказган машғулотлари чоғида Тожикистон ва Ўзбекистон «бу борада афғонларнинг сабр-тоқатини синовдан ўтказмаслиги керак», деб таҳдид қилган.

«Самолётларимиз, агар улар Тожикистон ёки Ўзбекистонда бўлса, бизга қайтарилиши керак. Самолётларимиз хорижда қолишига ва у ерда ишлатилишига ҳеч қачон рухсат бермаймиз», деган Муҳаммал Ёқуб. Шунгдек у «агар самолётлар Афғонистонга қайтарилмаса, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини» ҳам қўшимча қилган. Бироқ, у бу қандай оқибатлар бўлиши мумкинлиги айтмаган.

Шу кунгача Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Қобулдаги янги ҳокимият талабларига расман жавоб бергани йўқ. Бироқ, айрим ОАВлар ушбу давлатлар экспертларига иқтибос келтирган ҳолда, Толибоннинг вертолёт талаб қилишга ҳаққи йўқлигини, чунки уларнинг ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмагани, шунинг учун уларнинг талаблари ноқонуний ва мантиққа тўғри келмаслигини айтишган.

Ҳозир Қобулда ҳукмронлик қилаётган Толибоннинг даъво қилишича, аввалги Афғонистон ҳукумати қулаганидан кейин ўнлаб вертолёт ва самолётлар қўшни давлатларга учиб ўтишган. Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари 2021 йилнинг августида бир гуруҳ афғон ҳарбийларининг учоқларда ушбу давлатлар ҳудудига келишганини тасдиқлаганлар.

Аввалроқ «Толибон» вакиллари вертолётларни қайтариш бўйича Душанбе ва Тошкентга мурожаат қилганликларини, бироқ бу давлатлар Афғонистонга вертолётларни қайтаришга ҳозирча тайёр эмаслигини билдирган эди.

Кейинроқ Reuters агентлиги Тожикистон ва Ўзбекистоннинг Афғонистонда президент Ашраф Ғани ҳукумати қулаганидан кейин қўшни давлатларга учиб ўтган ҳарбий самолёт ва вертолётларнинг бир қисмини Афғонистонга қайтармаслик ниятида экани ҳақида хабар берди.

Ушбу агентлик маълумотларига кўра, ҳар икки давлат АҚШдан аталган вертолётларнинг бир қисмини ўзларида сақлаб қолишга рухсат беришни сўраб, мурожаат қилган. АҚШ ҳукуматидаги манбаларнинг Reuters агентлигига маълум қилишича, Қўшма Штатлар ушбу мамлакатлар сўровларини кўриб чиқмоқда. Америка расмийлари эса ҳозирча бу борада расмий изоҳ бермаганлар.

Йигирма йил давомида Афғонстон ҳукуматига ёрдам бериб келган АҚШ ҳарбий кучлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилгач, бир неча ой давмида, аниқроғи ўтган йилнинг август ойида Толибон ҳаракати Ашраф Ғани ҳукуматини ағдариб, давлатни тўла ўз назоратига олди.

Сўнгги жанглар давомида ўнлаб афғон учувчилари Ўзбекистон ва Тожикистонга қочиб ўтишган. Уларнинг бир қисми уч ой давомида Душанбе чеккасидаги санаторийда сақланган. Бу вақт ичида улар ўз тақдирлари номаълумлиги, Афғонистондаги қариндошлари Толибон томонидан босим остида қолганидан қайта-қайта шикоят қилишган.

Ниҳоят, 2021 йилнинг 10 ноябрига ўтар кечаси 143 нафар афғон учувчиси Душанбедан Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрига олиб кетилган.

Манба: www.centralasian.org

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг