Бир келиб кетинг омборимизга…

Қирғизистон қўшни давлатлар энергетика вазирларини Тўқтўғул сув омборига таклиф қилди.

Қирғизистон Энергетика вазирлиги Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика вазирларига Тўқтўғул сув омборига бир келиб кетишни таклиф қилди. Бу ҳақда энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев 18 январь куни республика парламентининг тегишли қўмитаси йиғилишида маълум қилди.

«Январь ойининг учинчи ўн кунлигига Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика вазири ва сув хўжалиги раҳбарларини Қирғизистонга таклиф қилдик. Биз уларни Тўқтўғул сув омборига олиб борамиз, сув сатҳини кўрсатамиз. Биз уларга рақобат қилмаслик, балки ҳамкорлик қилиш таклифи билан хат жўнатдик», – деди вазир Бекмурзаев.

Ўтган йилги қурғоқчилик оқибатида, Қирғизистон мисли кўрилмаган энергетика инқирози исканжасида қолди. Асосий электр энергияси манбаи ҳисобланган Тўқтағул ГЭСини ҳаракатга келтирувчи Тўқтағул сув омборидаги сув ҳажми расмий маълумотларга кўра, 18 январга қарата 9,5 миллиард метр кубни ташкил этган. Бу 2021 йилнинг 18 январига нисбатан 1,8 миллиард метр кубга камдир. Сув ҳажми 7 млрд. метр кубдан пастга тушиб кетса, авария ҳолати юзага келиб, ГЭС ишини тўхтатишга тўғри келади.

Ёғингарчилик камлиги туфайли бугунги кунгача аталган сув омборига келиб қуйилаётган сув ҳажми ундан оқиб чиқаётган сув ҳажмидан анча кам бўлиб турибди.

Шуниси эътиборлики, сув омборидан чиқаётган сувнинг экинлар фаол суғориладиган ёз ойларигача сақланиб туришидан қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистон манфаатдор. Чунки Норин дарёси сувидан қишлоқ хўжалиги мақсадларида асосан шу икки давлат фойдаланади. Қирғизистон бу сувдан суғориш ишларида деярли фойдаланмайди.

Қирғизистон ҳар йили қишда ёзги сув танқислигини олдини олиш учун электр қувватини қўшни давлатлардан импорт қилади. Аммо ўтаётган қиш мавсумида мамлакат уни бир нечта мамлакатлардан сотиб олишга мажбур бўляпти. Йил бошидан буён Қозоғистон ва Ўзбекистондан электр энергияси импорт қилинмоқда. Бу икки давлат экспорт ҳажмини камайтиришгач, Бишкек Тожикистон ва Туркманистондан ҳам харидларни амалга оширишга мажбур бўлди. Эндиликда электр қувватини Россиядан импорт қилиш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Турли йилларда Қирғизистон раҳбарлари янги ГЭСлар қурилиши ҳисобидан ҳатто Покистонгача электр қувватини экспорт қилиш режаларини ҳам тузишган. Лекин ҳозиргача “бўзчи белбоққа ёлчимай” турибди.

Оқбура, Бишкек.

Суратда: Тўқтағул сув омборининг бугунги кўриниши

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг