Шунчаки қизиқишми? Қирғизистонда атом электр станцияси қурилиши мумкин

Бу ҳақда Дубайда Россия вакили берган хабарни Қирғизистонда баландпарвоз сўзларсиз шархлашди.

Қирғизистон энергетика вазирлигининг 24.kg ахборот агентлигига берган маълумотига кўра, Қирғизистон томон Россия атомчилари таклифини ўрганиб чиқишга қизиқиш билдирган, холос.

Вазирликдан маълум қилишларича, мамлакат ҳудудида атом электр станцияси қуриш ҳақидаги қарор етарли даражада узоқ муддатли муҳокамалардан сўнг қабул қилинади.

Бу жарён ҳар томонлама, биринчи галда экологик, экспертизалар ўтказиш, техник-иқтисодий асослаш ҳақидаги ҳужжатни тасдиқлаш кабиларни ўз ичига олади.

“Энг муҳими, бундай қарор давлат органларининг барчасида келишилгандан сўнг умумхалқ муҳокамаси натижаларига кўра қабул қилинади”, – дейишган вазирликдан.

Шу вақтнинг ўзида вазирлик Росатом давлат корпрорацияси билан имзоланган меморандум Қирғизистон Энергетика вазирлиги илмий-техник ходимларининг энергетиканинг турли йўналишларидаги малакаларини оширишни ҳам назарда тутишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси ва Қирғизистон энергетика вазирлиги ўртасида кам қувватли атом электр станциясини қуришга оид меморандумга қўл қўйилган. “Росатом” сайти ҳужжатнинг кеча, 20 январь куни Дубайда ўтаётган “Экспо-2020” Бутунжаҳон кўргазмаси пайтида имзоланганини маълум қилган.

“Қирғизистонда бундай атом станцияси қурилиши мамлакатнинг энергетик мустақиллигига ёрдам бериш билан бирга, аҳолининг турмуш сифатига ва бутун Марказий Осиёнинг илмий-техник салоҳиятининг ривожланишига таъсир этади”, деган “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв.

Шунингдек, аталган сайт Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Тилек Айталиевнинг “энергиянинг экологик тоза манбаларини ривожлантириш – долзарб дунё тенденцияси бўлиб, Қирғизистон ундан орқада қолишни истамайди”, деган сўзларини ҳам келтирган эди.

Хуллас, Дубайда бир гап, Бишкекда яна бошқа бир гап. Бунинг оқибат-натижасини омон бўлсак кўрармиз.

Бугунги кунда қўшни Ўзбекистонда Росатом томнидан атом электр станцияси қурилиши ҳақидаги маълумот қизғин муҳокама қилинмоқда. Лойиҳа нархининг 10 млрд. долларга баробарлиги, маблағнинг тўлалигига Россия томонидан қопланиши ва иншоотнинг Жиззах вилояти ҳудудида қурилиши ҳақидаги гаплар ҳам жамоатчиликка маълум. Лекин бу ҳақда қатъий қарорга келингани ҳақидаги хабар расмий тасдиғини топгани йўқ.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг