“СЕПАРАТИЗМ” САФСАТАСИ

Ўғлим, – деб чақирибди Афанди, – Мана бу хурмани қўлингга ол-да, гузарга чиқиб, баққолдан икки қадоқ зиғирёғ опке!

Ўғли хўп деб чиқиб кетаётган экан, “Тўхта, олдимга кел!” дея чақириб, юзига бир шапалоқ урибди.

– Ҳой, нима қилганингиз бу? – деб сўрабди хотини ажабланиб.

– Бола-да, хурма қўлидан тушиб кетса, синади, ёғ ерга тўкилади, – депти Афанди. – Синганидан сўнг урганнинг фойдаси йўқ…

Энди у бир Афанди. Гаплариям, ишлариям ажабтовур. Аммо бу дунёи дунда шундай ишлар ҳам борки, Афандининг ўз ўғлини ҳеч сабабсиз ургани улар олдида ҳолва бўпқолади. Бугун шундан гаплашайлик.

Иқтисодияти ночор, ҳарбий салоҳияти ожиз давлатлар нимадан хавотир олади? Бир вақт келиб бошқа, кучли бирон мамлакат тазйиқи остида унга бўйин эгиб қолишдан. Демократияга кенг йўл очиб қўйган давлатлар эса ана шу ошкоралик ва демократия деганлари туфайли амалдаги тузумга путур етишидан безиллайди. Автократия кучайтирилган давлатлар эса қайсидир бир кунжакдан ўзига қарши кучлар бош кўтаришидан хавфсираб, ўша автократиясини баттар кучайтиришга тушади. Қолдики – ҳар жиҳатдан қудратли, бой ва ривожланган давлатлар. Улар ҳеч нарсадан қўрқмайди, деб ўйлаймиз. Йўқ, ҳатто ўшалар энг кўп чўчийдиган, шунинг учун доимо эҳтиётланишни афзал биладиган бир нарса бор.

Барча давлатлар қўрқадиган, шунинг учун ҳаммага олабўжи қилиб кўрсатиладиган бу ижтимоий ҳаракатнинг отини  с е п а р а т и з м  дейдилар. Катта-ю кичик, бой-у камбағал, энг диндор, ёки энг атеист давлатларнинг бари хавотирга тушади ундан. Чунки сепаратизм мамлакатни пароканда қилади, парчалаб ташлайди, айрим ҳолларда унинг ер юзидан бир давлат сифатида йўқолишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Мамлакат парчаланса, келажаги хавф остида қолади, уни қайтиб тиклаш эса, аксар ҳолларда амалга ошмайдиган нарса.

“Сепаратизм” – халқаро атама. “Экстремизм”, “терроризм” сингари мудҳиш “изм”лар қаторида саналади ва кечирилмас жиноятларнинг бир тури саналади. У сепарация (бирон нарсани таркибий қисмларга ажратиш) сўзидан олинган, ижтимоий маънода келса, бирон мамлакатни бўлиш, унинг бирон қисмини асосий ҳудудидан ажратиб олишни англатади.

Албатта, ҳеч бир давлат бўлиниб-парчаланиб кетишни эмас, аксинча, иложи бўлса, янги-янги ҳудудларни қўшиб олиб, улканлашиш ва шу орқали каттароқ қудратга эга бўлишни истайди. Бунинг учун ватаннинг ҳар бир қарич ери муқаддас, деган ғоя ёшлар онгига чуқур сингдирилади, уни муҳофаза қилиш учун, керак бўлса, жон бериш кераклиги уқтирилади.

Шунинг учун ҳам тарих дарсларида “марказлашган Русь давлати”ни барпо этишга интилган буюк князьлар энг олижаноб, мамлакат келажаги ҳақида қайғурадиган шахслар қилиб кўрсатилади, бир эмас, ўнлаб халқлар ва юртларнинг келажагини кунпаякун қилган, барча аҳолини қул ва асир қилиб бўлса-да, ўшанинг эвазига катта-катта империя тузган амирлар, хонлар, султону хоқонлар, саркардаю жаҳонгирлар улуғланади, уларга минглаб ва юз минглаб одамлар кўр-кўрона сиғинади, ўлганидан кейин мамлакатнинг ҳар қаерига уларнинг маҳобатли ҳайкалларини тиклаб, ўша шахс олға сурган ғояларни умуммиллий мафкура негизига қўяди.

Албатта, ўз она юртини босқинчи ғанимлардан озод қилишга бел боғлаб жангга кирган, аммо ўша ҳаракатнинг шиддати билан ёвни инига киргизиб бўлгач, унинг ўлкасини ишғол этилган ҳоллар ҳам бор, тарих бунга ҳам кўп бор гувоҳ бўлган. Ҳозирги Калининград области Иккинчи Жаҳон урушига қадар Германиянинг бир қисми бўлганлиги, Амир Темурнинг мўғул истилочиларига қарши кураш бошлаб, пировардида ўзи улкан империя тузганлиги каби кўпдан-кўп фактлар бунга мисол.

Бироқ, қайсидир бир замонда ўз ватани забун ҳолга тушиб, уни истило қилган давлатнинг ерларига қўшиб олинган бўлса, орадан бирмунча вақт ўтиб, ўша миллат, ўша халқ эл вакиллари истиқлолга эришиш умидида миллий озодлик ҳаракати бошлашса, унга “сепаратизм” деган машъум тамға босилади-қолади. Тамом! Бу тавқилаънат бўйнига илинган ижтимоий ҳаракатни оқлайдиган куч дунёда йўқ. Ҳеч ким, ҳеч қайси давлат “сепаратист”ларни оқлашга журъат эта олмайди.

Шундай бўлиб чиқадики, дунёнинг кўп халқлари ўз миллий давлатига эга. Ҳатто баъзилари нафақат ўз бошига давлат қуриш, балки “осмон сингари бепоён ватан” бўлишга, ўнлаб, юзлаб элу элатларни бағрига олиб, “иттифоқ”, “федерация” ва ҳоказоларни тузишга ҳам муяссар бўлган. Бунинг аксича, дунёнинг бир талай халқлари эса боягидай “кўпмиллатли, аҳил оила” таркибида қолишга, ўз миллий давлатини туза олмасликка маҳкум.

Нега уларга ўз бошича давлат қуришга йўл берилмайди, қай сабабга кўра улар ўз номи билан аталадиган мамлакатга эга бўла олмайдилар, бунинг “ҳикмати” нимада? Нима боиски, сепаратизмнинг бўйнига ҳеч қутулиб бўлмас тавқи лаънат илинган?

Бизнингча, бунинг бир илдизи шундаки, сепаратистик фаолият юритаётган айрим кучлар мақсадга етиш учун радикал йўл танлашга ҳам ўтадилар. Чунки ҳечким уларга “марҳамат, оқ йўл!” дея йўлни кенг очиб бермайди. Улар кураш бошлайдилар. Бу йўл – гарчи шонли бўлса ҳам, аксар ҳолларда қонли, беомон, кўп хатарли бир йўлдир. Яширин, ўта ниқобланган, панада писиб, пайт пойлаб вақт ўтказаётган озодлик кучлари гоҳо террористик, экстремистик ҳаракатларга ҳам қўл урадилар, уларни мақсад йўлидаги тактик бир восита деб биладилар. Бироқ бунинг касрига жуда кўп одамлар беҳуда ўлиб кетади, бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилади, обод гўшалар вайрон бўлади.

Масалан, масжидда намоз ўқиётган ёки бозорда тинчгина савдо қилиб, болаларига егулик сотиб олаётган, метрода уйларига кетаётган одамлар, ҳеч гапдан хабари йўқ ҳолда, аллақандай жоҳил бир худкуш сепаратист томонидан бомба портлатилиб ўлдириладиган бўлса, бундай жиҳодни ҳеч қандай оқлаш мумкин эмас. Иккинчидан, бундай ҳаракатнинг мантиғини ҳам тушуниб бўлмайди: бегуноҳ одамларни қирғин қилиш эвазига мақсадга эришиладиган бўлса, бундай мақсаднинг ўзи маҳв бўла қолгани афзал. Чунки эзгу ниятга эришишнинг воситалари ҳам пок, эзгу бўлиши лозим. Бундай ёвузликларнинг биттагинаси ўз эли, ўз юртини озод қилиш ниятидаги ўнлаб миллий-озодлик ҳаракатларни ҳам бадном қилади.

Яна. Биргина террористик сепаратизм ҳар қандай сепаратистик ҳаракатларга шубҳа билан қарашнинг шаклланишига олиб келади. Қайсидир бир жойда кимдир шу ниятда ижтимоий ҳаракат бошласа, бутун дунё афкор оммаси ичида унга хайрихоҳ бўладиган бирон куч топилмайди.

Энди бу танганинг орқа томонига қараб боқайлик. У ёки бу давлат ўз ҳудудидаги муайян ижтимоий уюшма, партия ёки этник  гуруҳга тазйиқ ўтказиб, уни маҳв этиб, ана шундан сўнг жаҳонга “бундан мақсад сепаратчиларни тийиб қўйиш эди”, деб эълон қилса, бўлди – бу зўравонлик оқланади-қолади. Чунки сепаратизмга қарши курашиш энг эзгу амал деб қаралади. Бундай ҳолларда “сепаратизм” атамаси уртўқмоқ фалсафасини билдиради: сепаратизм борми, уни янчиб ташлаш керак, деб ҳисоблайдилар.

Ушбу мақола муаллифи сепаратизмни оқлаш ниятида эмас. Асло. Бироқ ўйлаб боқайлик: ХХ асрнинг бошларида – 1917 йил таъсис этилган Туркистон мухторияти атиги 73 кун яшаб-яшамай мозийга айлантирилди. Ҳолбуки, бу ҳаракатнинг мақсади миллий-озодликка эришиш, Туркистон ўлкасини Чор истибдодидан қутқариш бўлган эди. Унинг қандайдир бир террористик ҳаракатни амалга оширгани маълум эмас. Худди ана шу – Россия империясидан ажралиб чиқиш ниятида бўлгани учун ҳам у сепаратистик ҳаракат деб қаралган ва тор-мор этилган. Қолмишига бу ҳаракат бошланган Қўқон ва унинг яқин-атрофидаги ўнлаб қишлоқлар таланган, ёндирилган, минглаб одамлар большевиклар ва уларнинг югурдаги бўлган дошноқлар томонидан ўлдирилган.

Сталин замонида СССРдаги 61 миллат ва элат вакиллари депортацияга учраб, ўз туққан еридан ҳайдаб чиқарилган, олис ва овлоқ ботқоқларга, шўрхок даштларга, унумсиз, касаллик авж оладиган масканларга жойлаштирилган. Буни қарангки, одамлар қилмишига қараб эмас, қайси миллатга мансублигига қараб “гуноҳкор” ва “гуноҳсиз”ларга ажратилган. Қорачой, болқор, чечан, қримтатар ва ҳоказо эллар ўз она еридан битта ҳам қолмай дархон қилинган бўлса, ўзбек, қирғиз, озарбойжон ва ҳоказо халқларнинг энг ишбилармон, ўзига тўқ, саводли ва савияли қисми бўлган олимлар, дин уламолари, хулласи калом, келгусида халқининг ижтимоий онгини уйғотиши мумкин бўлган қисми қирғин қилинди, Украина ва Жанубий Россия томонларга элтиб, бошқа бировлар эмас, айнан улар экин унмайдиган жойларда пахта етиштириш каби оғир меҳнатларга мажбурланди. Оқибатда, миллатнинг гуллари шундай-азоб уқубатлар ичида ажалидан бурун ўлиб кетди, аҳолининг қолган қисми эса бу “ибрат”ни кўриб тургани боис, қулликни бўйнига олишга мажбур бўлди. Бу олтмиш бир миллатга мансуб репрессияга учраганлар ичида ўзбек элининг вакиллари юз минг нафарни ташкил этган ва уларнинг 13 минг нафари қатл қилинган. Ўша сиз билган Абдулла Қодирий, Қитрат, Чўлпон ва Усмон Носирларгина эмас, минг-минглаб миллат зиёлилари бор эди.

Хўш, ана шунча одам бой бўлгани, ёки “ёт унсур” бўлгани учун қатағонга учраган, деб ўйлайсизми? Йўқ, аввало, улар онгли, зиёли одам бўлгани учун маҳв этилган. Токи, бир кун келиб бошқаларнинг зеҳнини уйғотиб, реал хавфга айланмасин, мабодо кучайса, сеператистик ҳаракат бошлаб, ўз юртини бу улкан империядан ажратиб олиш кўйига тушмасин, деб бояги Афанди сингари, олдиндан шапалоқлаб қўйишни афзал деб билган.

Ҳозирда бундай “олижаноб” тадбирларнинг янги шакллари ҳам чиққан.

2010 йил 10 июндан бошланган Ўш ва Жалолобод шаҳарларида бўлиб ўтган, сўнг эса бутун Қирғизистонга ёйилган қирғиз-ўзбек можароларида ҳукуматнинг расмий вакиллари “ўзбеклар орасида сепаратистик кайфият бор эди”, деган фикрни катта-кичик минбарларда бот-бот такрорладилар. Бироқ бошқа ўнлаб видеофильмлар, уюштирилган ҳисобсиз суҳбат-интервьюларда ўзбек жамоаси орасида сепаратистик кайфият бўлганлиги барча хорижий мамлакат вакиллари – экспертлар, сиёсий шарҳловчилар, махсус тузилган комиссияларнинг аъзолари томонидан рад қилинган. Хўп, бу сепаратизм нималарда кўринган, деган саволга эса Қирғизистон маъмурлари бир-икки ўзбек депутатлари ўзбек тилига мамлакат жанубида расмий тил мақоми берилишини талаб қилганлари, деб кўрсатишади. Айтиш керакки, ўзбеклар бутун Қирғизистонда  аҳолининг 14,7 %ини ташкил этади, қонунда расмий тил деб эълон қилинган рус тили вакиллари эса 5,3 %дан иборат, холос.

Аввало, бирон миллат вакилларининг ўз тилини эъзозлаши, унинг мамлакатнинг бир қисмида лоақал расмий тил сифатида тан олинишини исташи, бу ҳали жиноят эмас. Бу шунчаки, бир ўринсиз истак, уни баён қилган бояги депутатларнинг ўзбек миллати вакиллари қатори тилаги, холос. Иккинчидан, Қирғизистон фуқароларидан бўлган  ўзбеклардан бирон киши менинг она тилим расман тан олинсин, деб бирон ерда террорчилик қилган эмас, бирон-бир кўча ё майдонга тўпланиб, митинг ҳам уюштирган бўлса, буни маълум жамоатчиликнинг фикр билдириш тарзи, демократия имкониятларидан фойдаланиш, деб қабул қилиш керак, вассалом. Демак, борингки, ҳатто ўзбек тили рус тили билан бирга расмий тил деб эътироф этилсин, дейишнинг ўзиёқ “сепаратизм” бўладиган бўлса, бу ғоя тарафдорлари уни ижтимоий ҳаракатга айлантиришгани ҳам йўқ эди-ку?

Шундай бир ҳолда, ушбу “айб”нинг таги пуч, мутлақо асоссизлигини хаспўшлаш учун 2010 йил Ўш воқеаларини амалга оширганлар ўзларининг қонли хатти-ҳаракатларини бироз бўлса ҳам “оқлаш”, айбни ўзгаларга ошириш учун бошқа бир “фош” этувчи айбни ўйлаб топдилар. Гап шундаки, Ўш шаҳрининг ўзбек маҳаллаларига ярим тунда бостириб кириб, қирғин қилиш бошланган маҳал, буни билиб қолган шу маҳалладаги бир одам, масжидга чопиб бориб, одамларни огоҳ қилиш мақсадида овозкучайтиргични ишга солиб азон айтган. Эл ярим тунда бу овоздан уйғониб, дастлаб ажабланган, аммо сўфи овозидаги саросима сабабли ҳушёрланиб, қўлидан келганича беркиниш, уйига босқинчиларни киритмаслик пайида бўлган. Қарангки, шу азоннинг ўзи “ўзбекларни қирғин бошлашга чақириш, дин ниқоби остидаги сигнал эди”, деб талқин қилинди. Ажабо, ўз уйидан чиқмай, тинч-осуда, хотиржам ухлаб ётган эл ичида, ўз маҳалласи ўрамида айтилган азон ҳужумга чорлаш бўладими?! Башарти, бу азон ўша пайтдаги тергов органларининг даъвосича – ҳужум сигнали бўладиган бўлса, у ҳолда яна мантиқ керак – хўш, ана шу азондан кейин қайсидир ўзбек ўз маҳалласидан чиқиб, бошқа бировлар яшаётган жойга отланиб, ҳужум  қилганми, ёинки – бўлаётган “ҳужум”лар кучайганми ўша азон ортидан? Йўқ, йўқ, йўқ…

Бу даъвонинг мантиқсизлиги шунда ҳам кўринадики, 2010 йил Ўш воқеаларида ўзбеклар Ўшдаги ёки шаҳар атрофидаги қирғизлар яшайдиган жойга бостириб бориб, қирғин бошлаган эмас, аксинча – тинч яшаб турган ўзбек маҳаллаларига Ўшда яшайдиган ва унинг атрофидан чорлаб келтирилган босқинчилар ва талончилар (мародёрлар) бостириб келиб, қирғин қилдилар.

Ва ниҳоят, Республика Жўғорқу Кенгаши, ҳукумати ва республика миқёсидаги бошқа ҳар турли маҳкамалар гўё комиссия тузган бўлиб қўйишди. Бу “комиссия”лар қонли қилмишни оқлаб бўлгач, гал прокуратура ва суд органларига келди – “бебош ўзбеклар”ни тавбасига таянтириш учун уларни ноқонуний равишда узоқ муддатларга қамаш ҳақида ҳукмлар чиқарилди. Бу ҳам етмагандай, элнинг турмаларга тиқилмаган қисмида ҳам миллий руҳни синдириш учун қўлларидан келган барча ишни қилдилар. Бу ўринда биттагина фактни айтиш етарли бўлса керак – уйлари ёндирилган, йигитлари машина баллонлари устига ётқизиб бойлаб ёқилган, қиз-келинлари зўрланган, уйлари, магазин ва омборлари таланган, Навоийнинг шаҳар ўртасидаги ҳайкали синдирилган, биттагина ўзбек санъат даргоҳи – театрига ўт қўйилган бўлса, ёндирилган мулкларнинг 90 %и ўзбекларга тегишли ва ўлдирилганларнинг 75 %и  ўзбеклар бўлса, “айбдор” деб топилган ва турли жазоларга лойиқ деб топилганларининг 80 %и ва бегуноҳ одамларни ўлдирган, деб топилганларнинг 83 %и ҳам ўзбеклар бўлиб чиқди. Бироқ “ўзбек жиноятчилар” томонидан, агар ўз жони ва молини ҳимоя қилиш асносида кимгадир жавоб тариқасида зиён етказиш ҳолларидан ташқари, бирон қирғизнинг уй-жойи, дўкон ва омборига ўт қўйиб ёқилгани, маҳкамаси, театри, лоақал бирон ҳайкалига шикаст етказилгани маълум эмас. Бу нарса муваққат ҳукуматнинг бир мамлакат ичидаги халқларни миллатларга бўлиб, бировига ўнг, бошқасига тўнг кўз билан қараш сиёсатидан келиб чиққан, албатта. Шоядки, у кунлар бундан буён фақат тарих бўлиб қолса.

Албатта, турли халқаро ташкилотлар, давлат ва жамоат арбоблари, журналисту публицистлар бу қонли фожиага ўз муносабатларини билдирдилар, орада ўтган ўн йилдан мўлроқ давр давомида мудом сўраб-суриштириб келдилар. Аммо таажжубки, ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров каби бегуноҳ ҳолда умрбод қамоққа тиқилган кишиларни оқлаш ва озод этиш талаб қилинса – “бизнинг ички ишларга аралашиш” деб баҳолаш, жавобдан қочиш, бу ўзбек элининг нима айби бор эди, деган савол қўйилса – сепаратизмга интилиш, дея қилмишни оқлашга уринишдан бошқа нарсани кўрмаймиз.

Ажабки, юқорида айтганимиздек, “сепаратизм” деган сўзнинг ўзи, гарчи шундай ҳаракат ростан ҳам бўлганми-йўқми, бундан қатъи назар, ҳаммани чўчитадиган, эшитилиши биланоқ барчанинг лабига учуқ тошириб юборадиган бир сирли калима эканки, унга ишора қилиниши биланоқ ҳамма ўзини олиб қочиши тайин.

Эҳтимол, шунинг учундир, миллий, диний ёки яна бошқа бир йўсинда қай бир жамоани жазолаш, инсонийлик ҳуқуқларини топташ, геноцид қилиш керак бўлса, ҳукмрон, зулм ўтказувчи кучлар бунинг аксини – мазлумлар томонидан бизга ҳужум бўлди, деб даъво қилиш, “сепаратизмга даъват” бўлганини айтиш билан чекланишади. Аммо ана шу сепаратистик ҳаракатлар чиндан ҳам бўлганига асосли бир далил кўрсата олишмайди.

Ҳолбуки, Ўшлик бу “сепаратист”лар жуда ғалати: ўз уйидан, ўз маҳалласидан, ўз она шаҳридан четга чиқмай ва бирон бошқа миллат яшайдиган жойга бориб қирғин уюштирмай, бирон ҳужумни ҳатто режалаштирмай туриб, “сепаратчи” мақомига эга бўлишаркан?

Аммо бир нарса ҳаммага жуда яхши маълум: Ўш ва умуман Қирғизистондаги ўзбеклар асло сепаратчи бўлмайдилар, нимага десангиз, бу замин уларнинг ҳам асл она ватанидир.

Азиз биродарлар, шунинг билан «ушбу мақолани тамомлаган бўлдик…» деб ёзмоқчи эдим, бироқ аввалбошида берганимиз бир савол ҳамон очиқ қоляпти – баъзи халқлар ўз она ватанини озод қилса, бунга миллий-озодлик курашлари орқали эришса, барча қутлайди, аммо бошқалар азалдан яшаб, истиқомат қилиб келаётган ерида ўз бошига ватан тикламоқчи бўлса, бутун олам уларни лаънатлайди, сепаратчи деб тавқи лаънат осади. Уларни қирғин қилишга, тийиб қўйишга, мудом муте ҳолда туришга ҳамма фатво беради…

Ва улар бор-йўқ “гуноҳ” учун тортадилар оҳ,

Маъюсдан-маъюс нигоҳ, бир илинж – фақат Оллоҳ.

Дийдаси ҳеч нам бўлмаган, мағрурликни касб этиб, боши асло хам бўлмаган, ўзларига бино қўйиб, кибр узра юксалган ва ўзгаларнинг уволидан сира қўрқмайдиганлар учун, дарҳақиқат, Яратганнинг қаттиқ қасоси бордир…

 

Собир Мардонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг