Қирғизистонда «омикрон» аниқланди. Расмийлар «тезроқ эмланинг» демоқда

 

Қирғизистонда коронавируснинг янги штамми — омикрон расман аниқланди. Бу ҳақда 12 январда хабар берган Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, омикронни юқтириш Бишкек ва Чуй вилоятида қайд этилган.

«Биз бутун мамлакатдан 165 кишини Миллий вирусология лабораториясига юбордик. Тадқиқот 4-6 январь кунлари ўтказилди, натижалар 6 кундан кейин олинган. Натижада республика юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган икки нафар фуқарода омикрон аниқланди. Бундан ташқари, мамлакатда Жанубий Африка ва Ҳиндистон дельтаси ҳам мавжуд», деб айтган Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси лаборатория синов маркази раҳбари Ойгул Жумақанова.

Шу билан бирга Қирғизистонда COVID-19нинг тўртинчи тўлқини бошлангани, Бишкек коронавируснинг тарқалиши бўйича «қизил зона»га киргани ҳам маълум қилинди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур вазият сабабли бир неча тавсияларни эълон қилди:

  • Аҳоли ичида эмланганларнинг, жумладан бустер* дозасини олганларнинг сонини кўпайтириш;
  • Жамоат жойларида эпидемияга қарши тадбирларни кучайтириш (хусусан жамоат транспортида, савдо марказларида ва умумий овқатланиш жойларида);
  • Чеклов чораларини киргизиш ҳамда амал қилиш.

Шу билан бирга ҳукумат фуқароларни эмловдан фаол ўтишга чақирмоқда, чунки вакцина олгандан кейин коронавирус юқтирганларда касаллик кўп ҳолларда енгил ўтади.

Расмий маълумотларда коронавирусдан вафот этиш ҳолатларининг бари эмловдан ўтмаганларнинг орасида қайд этилаётганини таъкидланмоқда.

Қирғизистонда шу кунгача бир миллиондан ортиқ одам коронавирусга қарши эмланган.

*Бустер доза — тўлиқ эмланган фуқароларнинг касалликка қарши иммунитетини мустаҳкамлаш мақсадида яна қайтадан оладиган вакцина дозаларидир.

Қирғизистонда умумий вакцинанинг 7 тури билан эмланиш мумкин:

  • Astra Zeneca;
  • Спутник V;
  • Vero Cell;
  • Pfizer;
  • QazVac;
  • Sinovac;

Омикрон хавотири

ЖССТнинг Европа минтақавий директори Ханс Клугенинг айтишича, март ойигача Европа аҳолисининг ярмидан кўпи омикрон билан касалланиши мумкин. ЖССТ Европа бюросига 53 та давлат ва Марказий Осиё киради. Клюге коронавируснинг янги штамми ҳали қайд этилмаган мамлакатларни санитария чораларини кучайтиришга ва фуқароларни ҳимояга муҳтож гуруҳлардан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратишга чақирди.

Янги штамм туфайли Қирғизистон раҳбарияти 1 декабрдан бошлаб талаб киритди – мамлакатга кираётганларнинг барчаси ПЗР тестининг салбий натижасини тақдим этишлари шарт. Бу талаб вакцина олганига қарамай, хорижликларга ҳам, Қирғизистон Республикаси фуқароларига ҳам тегишли. Қайд этилишича, омикрон қайд этилган мамлакатлар фуқаролари учун Қирғизистонга кириш тақиқланади, аммо шунга қарамай, расмийлар Қирғизистонда 2022 йилда янги штамм пайдо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Қўшни Ўзбекистонда омикрон штамми аниқлангани 9 январь куни расман эълон қилинган эди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонга келган хорижлик фуқарода янги штамм аниқланган. Шу муносабат билан мамлакатда санитария чоралари кучайтирилди. 15 январдан бошлаб Ўзбекистонга кирувчи фуқаролар ПЗР тести натижаларини тақдим этишлари шарт. Оммавий тадбирлар ҳам тақиқланган.

Омикрон штамми ҳақида нималар маълум?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2021 йилнинг ноябрида SARS-CoV-2нинг янги турини эълон қилиб, унга «омикрон» номини берган. Шундан кейинроқ дунё олимлари янги штамми тадқиқ қила бошлаган.

Маълум бўлишича, аввалги штаммлардан фарқи «омикрон» кўп сонда мутация бўлади. Шунингдек мазкур штамм Жанубий Африкада пайдо бўлгани маълум.

Бундан ташқари, тадқиқотлар янги штаммга нисбатан икки марта эмловдан ўтиш етарсиз эканини кўрсатган.

Лондоннинг Қироллик коллежи томонидан олиб борилган тадқиқотлар SARS-CoV-2 «дельтага» нисбатан «омикрон»ни қайтадан юқтириб олиш хавфи беш баробар кўп эканини кўрсатган.

Коронавируснинг тез тарқалаётган штамми бўлган омикрон ўнлаб мамлакатларда кўп сонли одамларнинг CОVID-19 билан касалланишига олиб келди.

Расмий статистик маълумотларга кўра, дунё бўйлаб 5,5 миллиондан ортиқ одам коронавирусдан вафот этган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, келтирилаётган бу касалликдан ўлганлар сони аслида икки-уч баравар кўп.

Даврон Ҳотам

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг