Ўзбекистонда 3,4 миллиард долларлик ноёб завод ишга туширилди

Собиқ СССР давлатларида илк бор қурилган бундай завод дунёнинг тўрттагина давлатида бор.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, 25 декабрь куни Қашқадарё вилоятида қурилган ушбу “Uzbekistan GTL” (GTL – инглизча Gas-to-liquids, яъни газни суюлтириш маъносида) заводининг очилишида иштирок этди. Янги завод республиканинг дизель ёнилғиси, керосин ва суюлтирилган газга бўлган ички эҳтиёжини қоплабгина қолмасдан юқори сифатли маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятига ҳам эга. Юқори технологиялара асосланган бундай завод фақат Қатар, Нигерия, ЖАР ва Малайзиядагина мавжуд эди. Ўзбекистон бу соҳада бешинчи бўлди.

“Тўғриси, биз GTL лойиҳасини бошлаганимизда, кўпчилик буни уддалашимизга шубҳа билан қараган эди. “Қилолмайсизлар, қўлларингиздан келмайди” дейишганди. Лекин, биз қатъий интилиш ва машаққатли меҳнатимиз билан, барчамиз биргаликда мураккаб синов ва қийинчиликларни енгиб ўтиб, мана шундай янги ва замонавий, юқори технологик мажмуани барпо этишга эришдик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди”, деди Мирзиёев заводнинг очилиш маросимидаги нутқида.

Янги мажмуанинг кўламларини тасаввур қилиш учун айрим рақамларга мурожаат қилиш кифоя. Унинг қурилишида бир вақтнинг ўзида 13 мингдан ортиқ муҳандис ва ишчи-қурувчилар қатнашган. Завод тўла ишга тушгач, 1 минг 300 нафар мутахассис юқори даромадли, доимий иш ўрнига эга бўлади.

Заводда Япония, Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, Хитой каби 24 та давлатдаги 130 га яқин етакчи корхоналарда ишлаб чиқарилган 10 мингдан зиёд ускуналар ўрнатилди. Ишлаб чиқариш жараёнини қўллаш учун 140 та халқаро лицензия ва патентлар олинди. Уларнинг аксарияти дунёда ягона ва ноёб ҳисобланади.

Мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Энди ушбу маҳсулотларни импорт қилиш йилига 500 миллион долларга камаяди, 200 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, бюджетга 2 триллион сўмлик қўшимча солиқ тушади.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси даврида 10 мингдан ортиқ ишчи карантин талабларига қатъий амал қилиб, узоқ вақт оиласи, яқинларидан олисда ишлаб, “ҳақиқий қаҳрамонлик намунасини кўрсатган”.

“Фурсатдан фойдаланиб, қиймати 3,4 миллиард доллар бўлган, GTL заводи қурилишида муносиб иштирок этган барча мутахассислар, фидойи қурувчи, муҳандис ва лойиҳачилар, ҳурматли хорижий ҳамкорларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман”, деди президент ўз сўзида.

Энди четга хом ашё сифатида экспорт қилинадиган 300 миллион долларлик газ заводда қайта ишлаб, қиймати 3 баробар юқори ва дунё бозорида талаб катта бўлган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Масалан, заводда ишлаб чиқариладиган дизель ёқилғиси камида “Евро-6” стандартларига жавоб берадиган бўлади.

Заводни электр энергияси билан таъминлашда ҳам инновацион ечимлар қўлланиб, технологик жараёнларда ҳосил бўладиган буғ ҳисобидан йилига 650 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу билан завод ўзини ўзи энергия билан таъминлайди.

Бугун АҚШ, Канада, Норвегия ва бошқа қатор давлатлар ҳам ана шундай лойиҳаларни амалга оширишга киришмоқда. Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, GTL маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2030 йилга бориб 2 баробар ўсади.

“Uzbekistan GTL” заводида фойдаланиладиган ёқилғи бошқа анъанавий ёқилғиларга нисбатан 40 фоиз кам чиқинди ва зарарли газ ҳосил қилади. Бунинг ҳисобидан йилига 13,5 минг тонна зарарли газларнинг ҳавога тарқалишининг олди олинади.

Келажакда “Uzbekistan GTL” заводи негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Завод қурилишида Хитой давлат тараққиёт банки, Корея Эксимбанки, Корея экспорт кредитларини суғурталаш корпорацияси, “Газпромбанк” ва “РосЭксимбанк” сингари обрўли хорижий молиявий ташкилотлар сармояларидан фойдаланилган.

Оқбура, Бишкек

Сурат Ўзбекистоннинг расмий сайтларидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг