Исроф қилма! Қирғизистон ҳокимияти қоғоздан воз кечишга қарор қилди

Президент Жапаров электрон технологияларни ўрганиш учун вазирларга 15 кун муҳлат берди.

Вазирлар маҳкамаси йиғилишида иштирок этган президент Садир Жапаров янги йил байрамларидан кейин вазирлар маҳкамаси ва президент маъмуриятининг электрон иш юритишга ўтишини маълум қилди. У вазирлар маҳкамаси аъзоларига компьютер технологияларини ўрганиш учун 15 кун муҳлат берди.

Президент Жапаров бу ишни ўзидан бошлагани диққатга сазовордир.

“Кеча мен биринчи электрон фармонимга қўл қўйдим. 11 январдан тортиб биз қоғоз туридаги ҳужжатларни қабул қилишни тўхтатамиз. Истасангиз, Рақамли ривожланиш вазирлиги ходимларини [ўқиб-ўрганиш учун] уйингизга таклиф қилинг…”, деди президент вазирлар ва уларнинг ходимларига.

Садир Жапаров электрон иш юритишга тўла ўтиш учун ярим йил муҳлат берилиши ва янги йилнинг июнидан тортиб қоғоз сотиб олишнинг тўхтатилишини айтди. Унинг сўзларига қараганда, ўтаётган йилнинг 10 ойи давомида давлат идоралари эҳтиёжи учун 840 минг пачка қоғоз сотиб олинган бўлиб, бу 33 вагон макулатура деган гап экан.

“Мана, вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаровнинг кабинетидаги иш столида ҳам тонналаб қоғозлар ётибди”, деди Садир Жапаров.

Оддий хомчўт билан ҳисоблаганда 840 минг пачка қоғоз 210 миллион сўм (салкам $2,5 млн.) бўларкан. Бу бироз янглиш рақамлар бўлиши мумкин, лекин нима бўлганда ҳам, президент ташаббуси нафақат миллионлаб бюджет маблағини тежашга, балки минглаб гектар ўрмонларнинг кесилишини олдини олишга, демак, жаҳонда экология муаммоларини олдини олишга катта хиссасини қўшиши аниқ.

Қолаверса, жаҳон бозорида қоғознинг нархи ўсиб боряпти. Масалан, Қирғизистоннинг асосий қоғоз етказиб берувчиси бўлган Россияда оддий қоғознинг 33 фоизга, картоннинг 50 фоизга қимматлагани айтилмоқда. Шу сабаб китоб ноширлари ва газета журнал эгалари жиддий молиявий муаммоларга дуч келмоқдалар.

Яна бир муҳим гап шундаки, Қирғизистонда бошқарувни рақамлаштириш ишларига чет эллик донорлар ҳам катта маблағ ажратиб беришмоқда.

Масалан, Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги вакилчилиги берган маълумотга кўра, бу ташкилот Қирғизистонда 2019-2021 йилларда таълим тизимини қўллаш ва рақамлаштиришга ўтиш ишларига умумий ҳисобда 32 миллион евро маблағ ажратган ва бу пулни давлат ҳисобига ўтказиб бўлган. Унинг 12 миллиони айнан бошқарувни рақамлаштириш ишларига йўналтирилган.

Бугунги кунда бутун дунёнинг илғор мамлакатлари имкон қадар рақамли иқтисодиёт ва бошқарув тизимига ўтишга ҳаракат қилмоқда. Яқинда Дубай раҳбарияти жаҳонда биринчи бўлиб қоғоз билан иш юритишдан тўла воз кечиб, рақамли иш юритишга ўтган ҳукумат сифатида бошқаларга намуна бўлди.

Бирлашган Араб Амирликларининг меросхўр шаҳзодаси, Дубай ижрочи кенгашининг раиси, шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид Ал-Мақтумнинг маълум қилишича, энди ҳукуматнинг иши бўйича бутун операциялар рақамли суратда амалга оширилади, жумладан аҳолига хизмат қилишнинг барча турлари ҳам электрон технологиялар орқали кўрсатилади.

Рақамли иш юритишга ўтиш ҳақидаги қарорни 4 йил аввал Амирликларнинг вице-президенти ва бош вазири, Дубай ҳокими шайх Муҳаммад бин Рашид Ал-Мақтум қабул қилган эди.

Амирлик расмийлари берган маълумотларга кўра, бугунги кунда давлат аҳолиси ва чет эл фуқароларига 1,8 минг (!) турдаги хизмат турлари кўрсатилади. Дубайликларнинг ҳисоб-китобларига кўра, рақамлаштиришга ўтиш амалиёти 2018 йилдан буён мамлакатга 336 миллион варақ қоғозни тежаш имконини берган. Бу 14 миллион соатлик инсон меҳнати, ёки 353,8 миллион доллар маблағ тежалди деган гап. Энди бу рақамни 10, 20, 50 ва ҳоказо йилларга кўпайтириб кўринг.

Турли маълумотларга кўра, бир тонна оддий қоғоз ишлаб чиқариш учун 3-5 тонна ёғоч ишлатилади. Бу тахминан 24 дона катта ёшдаги дарахт дегани. Ecoanaliz.ru порталининг ҳисоб-китобига кўра, дунё миқёсида қоғоз ишлаб чиқариш учун йилига 125 миллион дарахт кесилади. Асосан дарахтлар ривожланаётган, қашшоқ давлатларда кесилади. Бу эса ўша давлатларнинг янада қашшоқлашувига, ер сиртининг бузилиши ва охир-оқибатда ўша жойларда даҳшатли экологик фожиаларни пайдо қилиб келмоқда.

Йўл четларидаги ва истироҳат жойларидаги, ёнғоқзорлар ва ўрмонлардаги дарахтларни кесиш муаммоси Қирғизистонга ҳам хос бўлиб, экологлар бунинг фожиали оқибатлари хусусида доимий равишда бонг уриб келадилар.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг