Орол денгизининг тақдири кутмоқда… Айдаркўл муаммоси Сенат муҳокамасида

Зарур чоралар кўрилмаса, Ўзбекистоннинг энг катта кўли янги экологик муаммога сабаб бўлиши мумкин.

 

Орол денгизининг қуриб бориши жараёнини кўрсатувчи харита

Ўзбекистон Давлат экология қўмитасининг маълумотига кўра, сўнгги йилларда Чордара сув омборидан чучук сув қуйилмаётган Айдар ва Арнасой кўлларида сув сатҳининг пасайиши, сув таркибининг шўрланиши ва балиқларнинг нобуд бўлиши кузатилмоқда.

Бу хабар асосида Олий Мажлис Сенати Вазирлар Маҳкамасига махсус сўровнома юборган. Шу вақтнинг ўзида жамоатчилик фаоллари ва экологлар бу кўллардаги вазият йил сайин мураккаблашиб бораётгани ҳақида огоҳлантириб келишмоқда.

Юқорида аталган сўровноманинг юборилишига сўнгги йилларда Чордара сув омборидан Айдар-Арнасой кўллар тизимига чучук сув қуйилмаётгани ва натижада, кўллардаги сув сатҳининг пасайиши ва таркибининг шўрланиши юзасидан мутахассислар билдирган хавотирлар сабаб бўлган. Сенатда сўзга чиққанлар Айдар-Арнасой кўллари тизимидаги вазиятга эътибор қаратилмаса, минтақани Орол денгизининг келажаги кутаётганидан огоҳлантирганлар.

Бугунги кунда аталган кўлларнинг қирғоқлари айрим жойларда 15−50 м га чекиниб, туз қатлами ҳосил бўлгани, сувнинг шўрланиш даражаси кескин ошгани ва чучук сувда яшовчи ноёб балиқлар йўқ бўлиб кетаётгани айтилади. Сенатор Рисқул Сиддиқов кўл атрофида туз қатлами ҳосил бўлгани ва тузли чанглар атрофдаги экинзорларга ва одамлар соғлигига салбий таъсир ўтказаётганини айтган.

Бундан икки йил олдин Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов вилоят ҳудудидаги Айдаркўл секин-аста ўлиб, кўл сувининг сатҳи йилига 30 сантиметргача пасайиб бораётгани, балиқлар камайиб кетгани, сув шўрланаётгани ва маҳаллий табиат экологик фожиа ёқасида тургани ҳақида огоҳлантирганди.

Экология қўмитасига кўра, бугунги кунда кўллар ҳудудида «Қизил китоб»га киритилган 30 дан ортиқ ҳайвон тури, жумладан, 209 дан ортиқ қуш турлари мавжуд.

Эколог ва сиёсий фаол Алексей Гаршин Айдаркўл-Арнасой кўлларининг қуришида табиий сабаблар билан бирга инсон қўли билан яратилаётган омиллар ҳам борлигига эътибор қаратади.

“…Айдар-Арнасой тизимини сув билан таъминлаб турувчи ягона йўлга тўғон қурилган ва оқиюатда баҳорда катта сув келса, Чордарадан пастга ортиқча сувни ташлашга имкон бўлмай қолган. Чунки тўғоннинг пастида уй-жойлар қуриб ташланган. Бу кўлларга сув асосан, ўша тўғонлар қурилган Чордара тарафдан келади. Кўллар қуриб бораётгани – бу инсон фаолияти давомида юзага келган муаммолар йиғиндисидир”, – дейди Алексей Гаршин.

Фаол парламентда муҳокамага олиб чиқилмаган яна бир муҳим масала – Айдаркўл-Арнасой тизимига кирувчи Жиззах вилояти ҳудудидаги Тузкон кўли соҳилида Россия томонидан атом электр станцияси қурилаётгани ҳақида эслатади.

“…АЭС қурилиши соҳилнинг бўйида кетяпти. Бу катта сиёсий муаммо. Албатта, бу жуда хатарли қурилиш, чунки кўрганим мени бироз ҳайратга солди. Сув камайиб бораётган жойга АЭС қурилаётгани хавфли, айниқса бизнинг раҳбарлар билан: улар арматурани уйларига ўғирлаб кетадику, бетонни ўрнига қум аралаштириб қуришадику! Сардоба ёдингиздан чиқдими?! Энди бу нафақат Ўзбекистон муаммоси – бу Туркманистон, Қозоғистон ва бошқа минтақа давлатлари муаммоси ҳамдир.

“ЎзАтом” агентлиги раҳбарияти Тузконда атом электр станциясини қуриш ва улардан фойдаланиш Нурота-Қизилқум биоқўриқхонаси табиий хилма-хиллигига ҳеч қандай зарар етказмаслиги ва минтақанинг туристик жозибадорлигини пасайтирмаслигини таъкидлаб келади.

Алексей Гаршин бундан бир неча йил олдин Айдаркўл ва Арнасой атрофидаги ерларнинг хусусий тадбиркорликка топшириб юборилиши, у ерларнинг хусусийлаштирилишига рухсат берувчи қонун ва қарорлар қабул қилинишига қарши курашиб келганини ёдга олди. 2019 йилда ҳукумат қарори билан Айдар-Арнасой кўллари тизими ҳудудида балиқчилик ва туризмни ривожлантириш режалаштирилган эди.

Айдар-Арнасой кўллар тизимига кирувчи Айдаркўлнинг умумий майдони 3 минг 373 километр квадрат, узунлиги 300 километрни ташкил этади. Айдар-Арнасой кўллар тизими катталиги жиҳатдан Марказий Осиёда тўртинчи ўринда туради. Ундаги сув ҳажми мамлакатдаги барча сув омборларида тўпланган сув захирасидан икки баробар кўпдир.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги қирқ йил мобайнида Орол денгизи деярли икки баравар қуриб, унинг атрофидаги ҳудудларнинг 60 фоизи яшаш учун яроқсиз ҳолга келган. Экологлар йилига миллионлаб тонна тузнинг Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларига тарқалаётганини айтиб келишмоқда. Бугунги кунда Оролнинг қирғоқлари дастлабки чегараларидан 100-150 километрга узоқлашиб кетди.

Орол денгизининг бугунги аҳволидан бир кўриниш

Бир пайтлар майдони жиҳатидан жаҳондаги энг йирик кўллар ичида тўртинчи ўринни эгаллаб турган Орол денгизининг аҳволи бугун оламшумул экологик фожиа сифатида баҳоланади. Унинг қуриб боришидан кўрилаётган зарар бир неча триллион АҚШ долларига баҳоланган.

Экологик ҳалокат оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати Орол денгизи бўйидаги минтақаларда қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни етиштиришга киришган. Пахта, шоли экиладиган майдонлар камайтирилиб, сувдан кам фойдаланиладиган экинлар экила бошлаган. Бундан бошқа чоралар ҳам кўрилмоқда.

Оролга чегарадош қўшни Қозоғистон ҳукумати ҳам анча-мунча ишларни амалга ошириб келмоқда. Лекин Орол муаммосини ҳал қилиш бир-икки давлатнинг қўлидан келадиган иш эмас. Минтақа давлатлари ва жаҳон ҳамжамияти Оролни халқаро экологик муаммо деб тан олишганига қарамай, кескин, самарали чоралар кўрилмаётгани боис денгиз қуришда давом этяпти.

Оқбура, Бишкек

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг