Аллоҳ бераман деса… Бири бойиб, иккинчиси куйиб қолди

Толибон ҳукумати адашиб Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонасига 800 минг доллар ўказиб юборган.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Акбар худди Тожикистон ҳукумати каби толиблар ҳукуматини тан олмай келяпти. Ана шундай вазиятда Афғонистон Молия вазирлиги адашиб дипломатик миссия ҳисобига банк орқали 800 минг долларга яқин маблағ ўтказиб юборган. Элчи бу пулларнинг элчихона ҳисобига келиб тушганини тасдиқлади ва “Толибон”нинг бу пулларни қайтаришни талаб қилишга ҳаққи йўқлигини айтди.

Афғонистоннинг собиқ ҳукумати томонидан Тожикистонга элчи этиб тайинланган Муҳаммад Зоҳир Агбар бу маълумотни 23 декабрь куни Душанбеда афғон болалари иштирокида ўтказилган эртак спектаклидан кейин журналистлар билан учрашувда тасдиқлаган.

“Толибон” бу пулни қайтаришни талаб қилишга ҳаққи йўқ, чунки Афғонистон элчихонаси Афғонистон Ислом Республикасининг расмий департаменти бўлиб, шунинг учун бу ерда турли миқдорлар олинади, улар ҳақида Толибон савол беришга ҳақли эмас», деди Муҳаммад Зоҳир Акбар.

Бунгача, жорий йилнинг 16 декабрида Афғонистоннинг “Пажвок” маълумот агентлиги Афғонистон Ислом Амирлиги Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонасига мурожаат қилиб, ўтказилган пулларни “Де Афганистан” банкига қайтаришни талаб қилгани ҳақида хабар берган эди.

Агентлик маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 31 июлида Молия вазирлиги дипломатлар ва мамлакатнинг Тожикистондаги элчихонаси маҳаллий ходимларининг иш ҳақи ва тиббий суғуртаси учун 87 минг доллардан ташқари хато туфайли 785 минг доллардан ортиқ маблағни ҳам ўтказиб юборган. Бу ҳақда фақат бир ой аввал маълумот тарқаган.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, 2021 йилнинг март ойи охирида Афғонистоннинг ўша пайтдаги президенти Ашраф Ғани Тожикистонга қилган ташрифи чоғида Ваҳдат шаҳрида афғон муҳожирлари учун мактаб қуриб беришга ваъда берган. Президент Қобулга қайтгач, Афғонистон Молия вазирлигига мактаб қурилиши учун 800 минг долларга яқин маблағ ажратишни топширган.

“Пажвок” ахборот агентлигининг Тожикистондаги афғон дипломатик мулозимларига таяниб хабар беришича, бу пуллар элчихонанинг кейинги уч йилдаги маошлари, суғуртаси ва бошқа ҳаражатлари учун ўтказилган. Дипломатларнинг айтишича, пулларни Муҳаммад Зоҳир Агбар элчихона ҳисобидан ечиб олган.

Афғонистоннинг ҳозирги Молия вазирлиги матбуот котиби Аҳмад Ҳакмал “Пажвокка” «Бу расмий манзилдан ўтказилган расмий пул, шунинг учун бугун ёки эртага элчихонамиз ўз ишини фаоллаштирганда, Агбар қаерда бўлмасин, уни қайтариши керак», деди.

Оқбура, Бишкек

Манба: www.centralasian.org

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг