Чегарадаги қонли можаро: Умрбод қамоқ жазоси 15 йилга алмаштирилди

Қирғизистон суди Тожикистон фуқароларининг ишини қайта кўриб, уларнинг жазосини енгиллаштирди.

Апелляция шикояти асосида Қирғизистоннинг Боткен вилояти суди 6 декабрь куни икки нафар Тожикистон фуқаросининг ишини қайта кўриб чиқди. Натижада уларга аввал берилган умрбод қамоқ жазоси 15 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилди.

Тожикистон фуқаролари бўлган Абдурозиқ Абдуқаҳҳоров ва Асқар Юнусовлар шу йилнинг баҳорида Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари чегарасида бўлиб ўтган қонли тўқнашувдан кейин қўлга олиниб, судланган эдилар.

Аталган фуқаролар Қирғизистон Республикаси қонунлари асосида “тинчликка қарши жиноятлар” ва “талончилик”да айбланишган. Боткен вилоятининг Лайлак тумани суди 14 сентябрь куни икки судланувчини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Маҳкумларнинг яқинлари бу ҳукмни адолатсиз деб, вилоят судига шикоят аризасини беришган.

Абдурозиқ Абдуқаҳҳоровнинг рафиқаси Наргиза Жабборованинг “Озоди” радиосига айтишича, суд жараёнида турмуш ўртоғининг қариндошларидан бири ва Тожикистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси вакили иштирок этишган. Вилоят суди ҳукмини аёл элчихона вакилидан эшитган. Жабборова янги ҳукмни ҳам адолатсиз деб билишини, аммо умрбод қамоқ жазосининг бекор қилинганидан хурсанд эканини айтган. У турмуш ўртоғининг соғлиғи ёмонлашганидан шикоят қилган.

Аталган қонли тўқнашувдан кейин икки давлат ўртасида чегаралар ёпилиб, ўзаро музокаралар давом этмоқда. Чегара масалаларидан ташқари ҳар икки томондан тўқнашув ташкилотчилари ва айбдорлари деб гумон қилинган шахсларнинг тақдири ҳам муҳокама қилинмоқда. Бир неча фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинган. Яқинда Россия давлати Москвада қўлга олинган тожикистонлик бир фуқарони судлаш учун ўтказиб бериш бўйича Қирғизистоннинг талабини рад этган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг