Қирғизистон ва Россия ўртасида ҳаво қатновлари сони кўпаяди

Лекин Қирғизистонда асосий муаммо бўлиб турган ёқилғи етказиб бериш масаласи ҳақида маълумот йўқ.

Шу йилнинг 1 декабридан тортиб икки давлат ўртасида самолёт қатновининг кўпайиши ҳақида Москвада, Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров ва Россия Федерацияси ҳукумати раҳбари Михаил Мишустин ўртасидаги учрашувда айтилди.

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати берган хабарга кўра, музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ёқилғи-энергетика соҳаларидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек Қирғизистонда Россия томонидан қурилиб берилажак мактабларни қуриш ишини тезлаштириш лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, бош вазирлар солиқ ва божхона тизимларини рақамлаштириш ва унинг ишини янада замонавийлаштириш масалаларини муҳокама қилишиб, Қирғизистонда замонавий маълумотлар марказини яратиш зарурлигини таъкидладилар.

Михаил Мишустин яна бир бор Россия икки томонлама ҳамкорликни янги, юқори даражага олиб чиқишдан манфаатдор эканини таъкидлади ва уни истиқболли қўшма лойиҳалар билан тўлдириш зарур эканини қўшимча қилди.

Ташриф олдидан «Озодлик» радиоси манбалари музокараларнинг асосий мавзуларидан бири Қирғизистонга ёқилғи-мойлаш материаллари етказиб бериш масаласи бўлишини хабар қилган эди. Лекин учрашув натижаларига кўра бу ҳақда аниқ баёнот берилмади.

Бугунги кунда Қирғизистонда бензин ва бошқа ёқилғига бўлган танқислик тобора кучайиб, уларнинг нархи кун сайин ортиб бормоқда. Масалан, республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йил октябрь ойидан бошлаб АИ-95 ва АИ-92 бензини 25-27 сўмга қимматлаб, ҳозирда деярли 60 сўмга етди. Дизель ёқилғиси эса 32-33 сўмдан 54 сўмгача кўтарилган.

Бугунги кунда Қирғизистон нефть маҳсулотларининг 95 фоизини Россиядан импорт қилади. Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган нефть маҳсулотларининг ёқилғи бозоридаги ўрни йўққа баробар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг