КЎНГИЛДАГИ БАЙРОҚ

Яна ўн кундан кейин Қирғизистон парламенти бўлган Жоғорқу Кенешга сайлов бўлиб ўтади.

Унда бу сафар аралаш тизим – сайловнинг бирмунча бошқача тури амал қилади. Яъни, партиялар рўйхати асосида сайланадиган номзодлар учун ҳам, айрим сайлов ўрамларида эса якка мандатли номзодлар учун ҳам овоз берилади. Эҳтимол, бу янги тартиб сайловнинг озми-кўпми тоза – шаффоф ўтишига таъсир қилар.

Бироқ қарийб ўттиз йилдан бери биз ҳаммамиз Қирғизистонда сайловнинг ҳал қилувчи палласида амал қиладиган “маҳаллий” усули билан яхши танишмиз, кўзларимиз пишиб кетган. Яъни, бу “демократия ороли”да ҳамма нарса очиқ-ошкор амалга оширилади – депутатликни ҳавас қилган одам ҳеч шубҳасиз, каттагина бой бўлиши шарт. Билими ҳарқанча ўткир, ҳаётий тажрибаси чандон зўр бўлса ҳам, муллажиринги камроқ бўлса, бари бефойда.

Номзодликка илинмоқчи бўлган одам, шароити ва имкониятини йиғиштириб, белгиланган каттагина маблағни сайлов олдидан “тўкиши” шарт, бусиз рўйхатга кирмайди. Ана ундан кейин эса яна бир харажат келади – сайловчиларнинг овозини сотиб олиш. Неча минг сайловчининг ҳар бирига “овоз бериши” учун мўмайгина нақдинани тарқатишнинг эса ўзи бўлмайди.

Сайловчилар ҳам, шунча йиллар мобайнида яхшигина мазахўрак бўлиб қолишган: қачон яна сайлов бўлар экан, деб кутиб турадиганлар тоифаси, номзодлар билан савдолашиб, уларни чўнтак қоқишга кўндирадиган ва маҳалла аҳли билан енг ичида гаплашиб, “саховатли номзод”га ҳамду сано ўқиб, у берган “совға”ни тарқатиб, одамларни ўшанга овоз беришга даъват қиладиган “холис хайрихоҳ”лар тоифаси. Ана шунда, томдан тўп этиб тушди, дегандай йўқ жойдан чўнтаклари беблиска пул кўради. Ана ундан кейин, еган оғиз уялар, дегандай, бу номзод қайси партиядан, сайловолди дастури қандай тузилган, ўзи қанақа одам – буниси билан чатоғи йўқ: ўшанга овоз бериб, бояги ҳаром пулни гўё “ҳалоллаб” оладилар.

Демак, ҳозирга қадар Қирғизистонимизда сайловда ғолиб келишнинг бирдан-бир шарти – пул бўлиб келди. Кимнинг чўнтаги қанчалик қаппайган бўлса, депутат бўлиши имкони ҳам шунча юқори.

Аммо…

Ҳозир амалда бўлиб турган Жоғорқу Кенешдаги 120 нафар депутатнинг атиги 3 нафари (2,5%) ўзбек эканидан хабарингиз борми? Ўзбеклар эса, расмий статистикага кўра, мамлакат аҳолисининг қарийб 15 фоизини ташкил этишини, агар биз ўз ҳаққини талаб қила оладиган эл бўлганимизда, аҳоли нисбатига мутаносиб равишда, ана ўша 120 кишилик депутат ичида 3 нафар ўзбек бўйнини эгиб эмас, балки 18 нафар ўзбек ноиби бошини баланд кўтариб ўтирганини кўрган бўлар эдик.

Дунёи боумид, дейдилар. Ҳозир бу гапларни ўқиётган Қирғизистонлик биродарларимизнинг кўплари, уч нафари депутат бўлди нимаю 18 нафари бўлди нима, 30 нафари бўлганидаям барибир фойдаси йўқ, деб хаёл қилаётган бўлсалар – эҳтимол. Яна эҳтимолки, олисдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши деб, қуруқ гапдан кўра, ҳар ҳолда, аллақайси бир “номзод”нинг берадиган бебилиска ақчасини олиб, ўшанга овоз бериб, шу орада фойда кўриш тўғрироқ бўлади, деб ўйлаётганлар ҳам озмунча бўлмас.

Сенга бир гап айтай, ўзбегим, тушун:

Бу дунёда юрсанг ўзингни бор деб,

Ном, овозинг сотма ҳаром пул учун,

Номинг – номус деб бил, овозинг – ор деб.

боғлиқ хабарлар